Бир саволга бир жавоб

/
— Мактабимизда ўқувчилардан ҳам, ўқитувчилардан ҳам таъмир учун пул йиғишмоқда. 1200 нафар ўқувчининг ҳар бири 15 000 сўмдан бериши керак экан, устозлар эса 10 000 сўмдан. Бунинг устига ота-оналарнинг айримлари кўнгилли равишда ҳомийлик ёрдами сифатида қурилиш моллари ҳам келтириб бераяпти. Бизни бир масала қизиқтиради: йиғилган пуллар мактабнинг ҳисоб рақамига ўтказиладими ёки мактаб раҳбарларининг чўнтагига бориб тушадими?
З.Аҳмедов, Самарқанд шаҳри
— Мактаблар ва бошқа таълим муассасалари томонидан таъмирлаш учун ўқувчи ва ўқитувчилардан пул йиғилиши ноқонуний ҳисобланади.
Конституциянинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. «Таълим тўғрисида»ги қонунда жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон ҳудудида қанча вақт яшаётганидан қатъи назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.
Аслида мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан етарлича маблағ ажратилади.
Президентимизнинг 2017 йил 24 августдаги қарорига мувофиқ Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни, шу жумладан, идоравий бўйсунувдаги, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, жумладан, зарур ҳолларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларни ҳамда бошқа инфраструктура объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш ҳисобланади.
Умумий ўрта таълим тўғрисида низомга биноан мактаблар фаолиятини молиялаштириш тегишли харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади. «Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида»ги 1998 йил 13 майда қабул қилинган Ҳукумат қарорига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 августга қадар мактаблар моддий-техника базасини тайёрлашни, ўқувчилар учун зарур санитария-маиший ва ижтимоий шароитлар яратилишини таъминлаши зарур.
Шундай экан, ажратилган маблағларнинг ўз манзилига тўлиқ етиб боришида нафақат давлат назорат органлари, балки жамоатчилик, хусусан, ота-оналарнинг ҳам ҳушёрлиги ва масалага масъулият билан ёндашуви талаб этилади. Пул сўралганда асос талаб қилиш, ажратилаётган маблағлар қаерга кетаётгани билан қизиқиш, зарур ўринларда тегишли органларга мурожаат қилиш орқали ота-оналар жамоаси мазкур маиший коррупцияга қарши қонуний йўл билан курашишлари ва ушбу иллатга узил-кесил барҳам берилишига ҳисса қўшишлари мумкин.
Саволга Адлия вазирлиги мутасаддилари жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, Франция дунёда етакчи мавқега ва икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этилади....
01 янв 1970
Ҳар бир оилада фарзандларнинг соғлом туғилиши ва баркамол бўлиб вояга етиши, аввало, оналарнинг соғлиғи билан узвий боғлиқ...
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Фарзандим 2016 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Бугунги кунда хусусий корхонада ишламоқда....