Ислом тамаддунининг мангулик маскани

/
Ер юзида яратилган динларнинг барчаси инсониятнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлашга, қавмлар, миллатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликларни яхшилашга, одамларнинг бу оламни, ҳаётни тўлароқ англаб етишига, дунёда яхшиликларнинг, гўзаллик, ободлик, тамаддуннинг барқарор бўлишига ва яна кўплаб қадриятлар улуғланишига хизмат қилиши аниқ. Жумладан, ислом динининг асосий ғоясида ҳам ана шундай юксак қадриятлар, улуғвор мақсадлар ифодасини топган. Шунинг учун ҳам аждодларимиз ҳисобланган улуғ алломалар ислом дини пайдо бўлгандан бошлаб ўз асарларида бу диннинг инсонпарварлик ғояларини очиб беришга, унинг фалсафаси, илмий асосларини тадқиқ этишга, инсон қалбида имон-эътиқодни мустаҳкамлашдаги ролини кўрсатиб беришга, унинг моҳияти, ақидасини тўғри талқин қилишга аҳамият берганлар.
Айтайлик, Имом ад-Доримий, Қаффол Шоший, Маҳмуд Замахшарий исломда тафсир илмини, Имом Бухорий, Имом ат-Термизий ҳадис илмини, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муъин ан-Насафий калом илмини, Абу Зайд Дабусий, Бурхониддин Марғиноний фиқҳ илмини, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдуҳолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф таълимотини ўз асарлари билан юксак даражага кўтардилар. Ислом фалсафаси ва илм-маърифати ана шундай асарлар туфайли дунё тамаддуни ва маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Афсуски, орадан ўтган даврлар ва йиллар, олам ўзгаришлари, ҳаёт нотинчликлари халқимизни аждодларимиз яратиб кетган бебаҳо меросдан, исломий маърифат ҳамда маънавиятдан узоқлаштирди. Шу билан биргаликда ХХ асрдан бошлаб дунёнинг ҳар хил нуқталарида исломни нотўғри талқин қилиш, унинг асл моҳиятини яхши билмаслик, баъзан эса уни айрим гуруҳлар ва кимсаларнинг ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга уринишлари оқибатида бу дин ҳақида асоссиз қарашлар, турлича муносабатлар юзага келди.
Бугунги кунда оламдаги ўзгаришлар, ҳаётдаги янгиланишлар бу диннинг асл тарихий қадриятларини тиклашни, унинг маданий ва маънавий қудратини адолат билан ўз ўрнига қўйишни, унга холислик билан баҳо беришни талаб қилмоқда. Бошқача айтганда, эндиликда маърифий исломни ривожлантириш, халқимизнинг миллий-диний қадриятларини тиклаш, буюк аждодларимизнинг яратиб кетган асарларини кенг ўрганиш, улар меросини тарғиб-ташвиқ қилиш давлат сиёсатининг муҳим дастуриламалига айланди. Бу борада мамлакатимиз Президенти томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.
Энг аввало, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб исломнинг дунё миқёсидаги ўрнига, аждодларимизнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссасига юксак баҳо берди. “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу нафақат мамлакатимиз ёки ислом оламининг, балки дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини ўзига жалб этди.
Қолаверса, мамлакатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Олий маъҳад ва бошқа исломий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Сурхондарё вилоятида Абу Исо ат-Термизий, Қашқадарё вилоятида Абул Муъин ан-Насафий зиёратгоҳлари қайта қурилиб, илмий-тадқиқот марказларига айлантирилиши кўзда тутилмоқда. Бу ишларнинг барчаси юртимизда “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида амалга оширилмоқда.
Айниқса, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганлиги мамлакатимиз миқёсида, шу билан биргаликда мусулмон дунёсида катта воқеалардан бири бўлди. Бу марказ ўз бағрига ислом тамаддуни билан боғлиқ жуда кўп моддий ва маънавий бойликларни тўпламоқда. Ҳозирги кунга қадар унга 400 дан ортиқ ноёб қўлёзмалар келтирилди. Аҳоли қўлида сақланаётган нодир қўлёзмалар, ислом олами билан боғлиқ нодир осори-атиқалар йиғилмоқда. Булар орасида энг муҳимлари — аждодларимиз томонидан яратилган дурдона асарлар, қўлёзмалар бўлиши шубҳасиз.
Марказ бу борада хорижий мамлакатлар — Англия, Франция, Туркия, Россия каби ўнлаб давлатлардаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Париждаги Лувр музейи, Туркиядаги илмий-текшириш институтлари, Тўпқопи музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи сингари муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиб, кўплаб меморандумларга имзо чекишган. Бундай ҳамкорликлар марказнинг илмий, маданий манбаларини бойитиш билан бирга халқаро доирада фаолият юритишига ҳам имкон яратади.
Табиийки, Ислом цивилизацияси марказининг кенг қамровли фаолият юритиши учун муҳташам бино қад ростлаши талаб этиларди. Президентимиз таклифига кўра бундай бино Тошкентнинг қадимий ва тарихий масканларидан бири Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида қуриладиган бўлди. Шу йилнинг 15 июнида, яъни Рамазон ҳайитининг биринчи кунида давлатимиз раҳбари марказ қурилиш майдонига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига рамзий тамал тошини қўйди. Хайрли иш ана шундай улуғ айём кунларида яхши ниятлар билан бошланди.
Марказ лойиҳага кўра уч қаватли тарзда барпо этилиши режалаштирилган. Марказнинг биноси пештоқи Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига монанд қилиб қурилади. Пештоқ ортида эса маҳобатли гумбаз қад кўтаради. Бино ичида ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналаридан ташқари кутубхона, аждодларимизнинг ислом дини, илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини, санъат, таълим, шаҳарсозлик, меъморлик, қоғоз ишлаб чиқариш ва ёзув тарихи соҳасидаги ютуқларини, анъана ва урф-одатларини намойиш этувчи заллар ҳам ўрин олади. Маҳобатли гумбаз остида эса муқаддас Усмон Қуръони жойлаштириладиган ўлчами 1116 квадрат метрдан иборат катта зал барпо этилади.
Умуман олганда, Ислом цивилизацияси марказида ҳам музей ишлари амалга оширилади, ҳам илмий тадқиқотлар олиб борилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва бугунги цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, ибратли ҳаёт йўллари бугунги авлодлар учун ёритиб берилади. Бир сўз билан айтганда, марказ ўз бағрида юртимиз ислом тамаддунининг улуғ маскани эканлигини яққол акс эттиради.
Улуғ алломаларимиз асарларида илм-маърифатни инсоният учун ўчмас зиё, мангулик нур, дея эътироф этганлар. Жумладан, Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул-ғофилин” асарида бундай деб ёзади: “Саҳобалардан бири Расули акрам ҳузурига келиб, “Дунёда энг улуғ аъмал нима?” деб савол беради. Пайғамбаримиз унга “Илм” деб жавоб беради. Саҳоба бунга қаноатланмай яна шу саволни такрорлайди. Пайғамбаримиз унга яна “Илм” дея жавоб беради. Шунда саҳоба пайғамбаримизга “Мен аъмал ҳақида сўраяпман, илм ҳақида эмас”, дейди. Пайғамбаримиз “Дунёдаги энг улуғ аъмал илмдир. Бошқа ҳамма аъмаллар давр, вақт синовларига дош беролмай унутилади. Аммо илм унинг яратувчиси бу дунёдан кетганидан кейин ҳам кейинги авлодлар учун хизмат қилиб, мангуга қолади. Илм — мангулик аъмалдир”, дейди”. Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. Зеро, барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмнинг тарихий жиҳатдан ҳам, келажак учун ҳам мангуликка дахлдорлиги ифодасидир.
Убайдулла УВАТОВ,
тарих фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жиззах давлат педагогика институтида “Биз мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди....
01 янв 1970
Юридик ташкилотлар ҳайдовчиларига малака оширганлик ҳақида бериладиган сертификат, ташкилот номига бериладими ёки ҳайдовчига?...
01 янв 1970
Ватанни болаликда бошқача ҳис қиламиз. Улғайган сари бизнинг бу ҳис-туйғуларимиз янада тиниқлаша бошлайди....
01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили