Мезон – жозибадор ғоялар эмас, балки амалий ишлардир

/
Ўтаётган ҳар бир кун бизни навбатдаги сайловларга яқинлаштирмоқда. Қолган вақт мобайнида сайловчиларга берган ваъдаларимизни тўлақонли бажара оламизми, партиянинг эртанги тақдири нима бўлади, деган савол биз учун тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Мамлакатимизда фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий мaдaнияти дaрaжaси йилдан-йилга ўсиб, кўппaртиявийлик тизими тoбoрa мустaҳкaмлaниб бораётган бир даврда халқимиз сиёсий партиялардан ва улар номзод сифатида илгари сурган депутатлардан кўп нарса кутмоқда. Бунга биз жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида кўп бора гувоҳ бўлиб турибмиз.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида олиб бораётган ислоҳoтлaримизнинг мувaффaқияти, aввaлaмбoр, сиёсий пaртиялaрнинг eтуклик дaрaжaсигa, улaрнинг жонажон Ватанимиз олдидаги мaсъулиятни ўз зиммaсигa oлишгa қaй дaрaжaдa тaйёр экaнигa бeвoситa бoғлиқ эканини алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.
Шу маънода ўтган бир йил сиёсий партиялар фаолиятида туб бурилиш ясади десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузасида билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда барча йўналишлар бўйича ўз режа ва дастурларини қайта кўриб чиқди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, партия тизимида кадрлар билан ишлашни тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар стратегияси ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. Унга кўра тизимдаги мавжуд бўш иш ўринлар малакали кадрлар билан тизимли тўлдириб борилди.
Жумладан, 54 та туман, шаҳар кенгашлари раислари лавозими малакали мутахассислар билан тўлдирилди. Вилоят кенгашлари раҳбарларининг аксарияти янгиланди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ижрочи котиби ва 193 та туман, шаҳар кенгашларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари ижрочи котиби лавозимлари таъсис этилди ва малакали кадрлар билан тўлдиришга эътибор қаратилди.
Ушбу тизим орқали партия фракциясига келиб тушган қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ва партия экспертлари, маҳаллий депутатлар ҳамда бошланғич партия ташкилотлари орасида муҳокама қилиш, фикр ва таклифлар олиш ҳамда депутатлик гуруҳининг иш режаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижроси бўйича мониторинг олиб борилишини таъминлаш, депутатлар томонидан жойларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказиш натижалари бўйича маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш йўлга қўйилди. Натижада ўтган даврда партия депутатлик гуруҳлари фаолияти янада жонланди, партиянинг жамият ҳаётидаги мавқеи ва роли ошди.
Аммо очиғини тан олиб айтишимиз керакки, кадрлар масаласида ҳали олдимизда ечимини кутаётган масалалар етарли. Жумладан, партия сафини ҳар жиҳатдан билимли ва салоҳиятли, ватанпарвар, ташаббускор ва фаол кадрлар билан таъминлаш масаласи биз учун ҳамон долзарб масала бўлиб турибди. Ҳалигача партиянинг 16 та туман, шаҳар кенгашлари раислари ҳамда 18 та ижрочи котиб лавозимлари вакант бўлиб қолмоқда.
Партия тизимига ишга қабул қилишда кадрларни махсус комиссия орқали суҳбатдан ўтказиб, партия дастурий мақсадларидан яхши хабардор, ташкилотчи, ташаббускор, жамоатчилик ўртасидаги ўз обрўсига эга ёшларни саралаб олиш йўлга қўйилган бўлишига қарамай, бугунги кунда уларнинг барчасини шиддат билан ўзгараётган замон талабларига, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришга тайёр, деб айта олмаймиз.
Ўтган йилларда ўзининг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги, масъулияти билан халқ ишончини қозонган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари орасидан А.Шодмонов соғлиқни сақлаш вазири, А.Бурханов “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Ў.Холов Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси лавозимига тайинланган бўлса-да, бу борада маҳаллий даражада юқори лавозимларга партия кадрлари орасидан тайинланган вакилларимиз билан мақтана олмаймиз. Ваҳоланки, сиёсий партия ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, депутатликка номзодлар учун асосий захира бўлишлари даркор.
2017 йил 24 декабрда бўлиб ўтган Тошкент шаҳри халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бизнинг бу борадаги ишларимиз ҳали ҳам етарли эмаслигини кўрсатди. Ушбу сайловда партиямиздан кўрсатилган 330 нафар депутатликка номзодларнинг атиги 37 нафари сайланди, холос. Мазкур сайлов натижалари бизни мутлақо қониқтирмади. Бунда депутатликка кўрсатилган номзодларнинг етарли даражада салоҳиятга, жамоатчилик орасида обрўга эга эмаслиги ҳамда сайлов кампанияси даврида ўз дастурини сайловчиларга таъсирчан услуб ва воситалар орқали етказиб бера олмагани, қолаверса, туман партия кенгашлари раисларининг билим, тажрибаси етишмаслиги ва ушбу сайлов жараёнига чуқур ёндашмаганини асосий сабаб сифатида келтириш мумкин. Бу бизга навбатдаги сайловлар олдидан дарс бўлди.
Шу боис партия тизимида кадрлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, партия сафларини ватанпарвар, билимли, ташаббускор кадрлар билан тўлдириш, уларнинг доимий равишда сиёсий саводхонлигини ошириб бориш мақсадида улар учун сиёсий ўқувлар ташкил қилиб бориш масаласи кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан биридир. Шу мақсадда яхши ишлаётган, фаол, жонкуяр туман кенгаши депутатларини кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатларини эса Олий Мажлис аъзоси бўлишига эришиш мақсадида фаол депутатларни истиқболли кадрлар захирасига киритиш бўйича тизим яратилди.
Яна шуни таъкидлаш ўринлики, ўтган даврда партиянинг ёшлар билан ишлашга доир фаолияти алоҳида йўналиш сифатида танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар доирасида ёшлар билан ишлаш тубдан қайта кўрилди.
Партия тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги ҳар бир туман, шаҳарларда маҳаллалар кесимида турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, адашиб турли диний оқимларга кириб қолган, шунингдек, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларни аниқлаш, улар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказиш борасида ҳудудлардаги ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ички ишлар органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгашлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар иштирокида ёшлар билан тизимли иш олиб борилди.
Натижада ишчи гуруҳлари томонидан Жиззах вилоятида 1542 нафар, Самарқанд вилоятида 2185 нафар ва Навоий вилоятида 33 нафар уюшмаган ёшлар иш билан таъминланган бўлса, чет элга чиқиб кетганлар орасидан 372 нафар жиззахлик, 356 нафар самарқандлик ва 13 нафар навоийлик ёшлар юртимизга қайтарилди. Қолаверса, мазкур ҳудудлардаги жами 9200 нафардан зиёд ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мазкур ўрганиш ишлари якунларига кўра халқ депутатлари Навоий вилоятининг Навоий шаҳар, Кармана, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Зомин, ўаллаорол, Зарбдор ҳамда Самарқанд вилоятининг Нарпай, Пастдарғом туман Кенгашларининг сессияларига масала киритилиб, “Уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва муаммолар тўғрисида” Кенгашларнинг тегишли қарорлари қабул қилинишига эришилди.
Мазкур йўналишда эришилган натижаларни республикамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилишига қарамай, қолган ҳудудлардаги партия депутатлари ва мутасаддилари ҳамон жўяли иш кўрсата олмаётгани ҳам камчиликларимиздан биридир.
Партиянинг жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича амалга ошираётган фаолиятини ҳам тўлақонли дея олмаймиз. Ушбу йўналишда аксарият тадбирлар фақат марказда ташкил этилиб, бунда ҳудудлардаги “Аёллар қаноти” кенгашларининг ташаббускорлиги деярли сезилмаяпти.
Шундан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан партиямиз ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра оилаларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, уларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, оила тинчлигини таъминлаш бўйича биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар ҳам келишиб олинди. Ўйлаймизки, фақат марказ билан чекланиб қолмасдан ҳудудларда ҳам ўз ташаббускорлиги ва фаоллиги билан жамиятда ўз ўрнини топган, обрў-эътиборга сазовор бўлиб келаётган хотин-қизларимизни партия сафига кўпроқ жалб этган ҳолда чекка-чекка ҳудудларда оила ташвишлари билан ўралашиб қолган, ишсиз аёлларимизнинг муаммоларини ҳам ўрганиб, ҳал қилиш чораларини кўришимиз зарур. Зеро, бугун хонадонларимиз бекаларини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этмай туриб оилаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, фарзандларни баркамол этиб тарбиялаш ҳақида гапириш мушкул.
Сайловчиларга берган ваъдаларимиз устидан чиқишимизда партия лойиҳалари асосий механизм саналади. Шу боис ўтган даврда партиянинг Амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида амалий ишларга кўпроқ эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида партия фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилмоқда.
2017 йилнинг иккинчи ярми ва жорий йилнинг ўтган даврида партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари томонидан жами 8 300 дан ортиқ маҳалладаги 152 470 та хонадон ва 7 837 та хўжалик юритувчи субъектга ташриф буюрилди. Ушбу учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 21 минг 502 та мурожаат келиб тушди. Улар юзасидан 4 830 та депутатлик сўровлари юборилиб, 2 951 та мурожаат ижобий ҳал этилишига эришилди.
Бироқ мазкур соҳадаги ишлар барча худудларда самарали ташкил этилди, деб бўлмайди. Хусусан, Тошкент шаҳри, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари кенгашларининг бу йўналишдаги фаолияти ҳамон қониқарсиз.
Шунингдек, ўтган йилда партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, тиббий хизматнинг аҳволи, дори-дармонлар билан таъминланганлиги, манту синамасининг ўтказилиши ва тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилди. Ушбу жараёнда республика бўйича мавжуд боғчалардан 851 таси ҳамда умумтаълим мактабларидан 1647 таси қамраб олинди.
Ўрганишлар натижалари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида 3 та вилоят (Навоий, Наманган, Самарқанд), 47 та туман, шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига жами 50 та масала киритилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилиниб, бажарилиши депутатлар назоратига олинди.
Ушбу лойиҳа доирасида Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамон етарли ташаббус кўрсата олмаяпти. Мисол учун, режага мувофиқ ҳар бир туманда 10 тадан мактаб ва 5 тадан боғча фаолияти, шарт-шароитлари ўрганилиши лозим бўлган бўлса, ушбу ҳудудларда туманлар кесимида мактаб ва боғчалар кам ўрганилди.
“Ижтимоий соҳа ривожи – аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида партиянинг жойлардаги депутатлик корпуслари ва фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан давлат, нодавлат ва идоравий архивларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан туман, шаҳарлардаги “Ягона дарча” марказига сўнгги 5 йил давомида фаолиятини тугатган давлат ва хўжалик бошқаруви органи ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини олиш бўйича 153 та депутатлик сўрови чиқарилди.
Лойиҳа доирасида республика миқёсида жами 528 та депутатлик сўрови чиқарилди, халқ депутатлари Навоий, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Андижон вилоятлари кенгаши сессияларига ҳамда 37 та туман, шаҳар Кенгаши сессияларига ва 38 та доимий комиссиялар муҳокамасига масалалар киритилди, Фарғона вилояти Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан мансабдор шахснинг эшитуви ташкил этилди.
Бироқ ушбу лойиҳа доирасида Тошкент шаҳар ва Сирдарё вилояти Кенгашлари томонидан суд органлари ҳамда ҳудудий архивлар билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилмагани туфайли архив ташкилотлари фаолияти етарлича ўрганилмади.
Шунингдек, партиянинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови”, “Тозалик йўлида бирлашайлик” каби лойиҳалари доирасида ҳам қатор амалий натижаларга эришилган бўлса-да, бунда ҳам партиянинг барча ҳудудий ташкилотлари бирдек фаол иштирок этмади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, партия тизимида барча ҳудудий ташкилотларда шароит бир хил, олдимизга белгиланган мақсад-вазифалар ва уларни ҳал қилиш механизмлари бир хил, аммо партия тизимида раҳбар кадрлар ва депутатларнинг масъулияти, тажрибаси ҳамда ижроия ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг олдига масалани аниқ қўйишда қатъият етишмаслиги кузатилмоқда. Демакки, бу борада қиладиган ишларимиз ҳали бор.
Умуман, партия лойиҳалари доирасида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолатини, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси ва дарсликларнинг сифати, илғор технологиялар асосида ўқув услубларини жорий этишни, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммолар ҳамда дорихоналар фаолиятида, таълим ва илмий муассасаларининг ёш олимлари фаолиятидаги муаммо ва тўсиқларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш каби масалалар устувор деб белгилаш, ушбу лойиҳалар натижасида тегишли ижро органининг мутассадилари олдига аниқ вазифалар қўйишимиз даркор.
Шу билан бирга, халқ билан мулоқотни изчил давом эттириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро органига масалаларни қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, сайловчиларнинг мурожаатлари ва ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни тизимли равишда биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш олдимизда турган муҳим вазифаларимиздан биридир.
Парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловларга ҳам вақт оз қолмоқда. Сиёсий партиялар учун ўзига хос имтиҳон саналадиган мазкур рақобатда сайловчилар фақатгина жозибадор ғояларга эмас, балки аввалги сайловларда берилган ваъдаларнинг нечоғлик бажарилганига қараб баҳо беради ва ишонч билдиради. Шундай экан, камчиликларимизни бартараф этишда ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа биз учун ғанимат. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Адабиёт ёш ўтган сари қаримайди. Уни истеъдодсизлик, дидсизлик, савиясизлик ва бадбинлик қаритади. ...
01 янв 1970
Жиянларим вояга етмаган. Уларнинг ота-онаси икки йиллик хизмат сафарига чет элга кетишган. ...
01 янв 1970
Маълумки, автомобиль бошқариш учун талаб қилинадиган ишончнома яқин қариндошлар ўртасида тузилганида ҳам маълум бир миқдорда тўлов тўланади....
01 янв 1970
Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. ...