ЎЗАРО ИШОНЧ ВА МАНФААТДОРЛИК – МУШТАРАК ЮТУҚЛАР АСОСИ

/
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлисида иштирок этди.
Саммит доирасида 9 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари бир қатор икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиб, кун тартибидаги энг долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилдилар.
Саммитнинг асосий тадбирлари 10 июнь куни бўлиб ўтди. Дастлаб ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари тор доирада учрашдилар.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин раислигида ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.
Мажлисда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш, иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантириш, инновация ва юқори технологиялар ҳамда транспорт-коммуникация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари Хитой ШҲТга раислик доирасида самарали ва муваффақиятли иш юритгани, сўнгги бир йилда аъзо давлатларнинг турли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокида 100 дан зиёд анжуман ташкил этилгани, бу тадбирларда муҳим натижаларга эришилганини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ташкилотга аъзо мамлакатлар билан бирга кузатувчи, мулоқот бўйича шерик мақомидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари қатнашди.
Мажлисда ШҲТни ривожлантиришнинг истиқболдаги йўналишлари, муҳим минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳамда кўп томонлама кооперациянинг бошқа жиҳатлари муҳокама қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Саммитда давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норовни ШҲТ Бош котиби, Тожикистон вакили Жумахон ўиёсовни ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимига тасдиқладилар.
Саммит якунлари бўйича Циндао декларацияси қабул қилинди.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, жами 17 ҳужжатни имзоладилар.
Ўзбекистон Президентининг таклифига мувофиқ, ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаати қабул қилингани саммитнинг яна бир аҳамиятли воқеаси бўлди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Қирғизистон Республикасига ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда ШҲТнинг Циндао саммити самарали ўтгани, имзоланган ҳужжатлар ташкилотни янада ривожлантириш, минтақа мамлакатлари ва халқларини жипслаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, «Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик – муштарак ютуқлар асоси» шиори остида ўтган Циндао саммити ШҲТ фаолиятида янада янги имкониятлар очди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашувда ушбу давлат билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас йўналиши экани таъкидланди.
Бир йилда ўзаро 70 делегация ташрифи амалга оширилгани, 21 марта ҳудудлараро учрашувлар ўтказилгани алоқаларнинг бугунги суръати ва миқёсидан далолат беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан зиёд ўсди, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўтган йили Россияга ташрифингиздан кейин муносабатлар янги суръат касб этди. Сизнинг ташаббусингиз билан чегаралардан ўтишда “яшил йўлак” ташкил этилгани натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотларини етказиб бериш қарийб 36 фоиз ошди. Россиянинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, деди Владимир Путин.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
Хитой раҳбари ХХР Ўзбекистон билан кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп форматли ҳамкорликка катта аҳамият қаратишини таъкидлади.
Президентимиз ХХР Шанхай ҳамкорлик ташкилотига муваффақиятли раислик қилгани ва Циндао саммити юксак савияда ўтаётгани муносабати билан Хитой раҳбарини табриклади.
Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча муҳим соҳаларини қамраб олган ва изчил ривожланиб бормоқда. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этди.
Учрашувда иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт коммуникациялари, юқори технологиялар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Циндао саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон халқини ушбу мамлакат Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла ҳуқуқли аъзо бўлгани, Н.Модини ШҲТ давлат раҳбарлари учрашувида янги мақомда қатнашаётгани муносабати билан қутлади.
Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув аввал эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.
Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ШҲТга қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳам ўзаро, ҳам минтақавий миқёсда ривожлантириш учун янги имкониятлар очишини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, инновация ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан учрашув ўтказди.
Шавкат Мирзиёев Мамнун Ҳусайнни Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлгани билан табриклаб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Учрашувда савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Циндао шаҳрида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф ўани билан музокара ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқи қардош ва қўшни Афғонистонда тинчлик барқарор бўлишидан манфаатдор эканини таъкидлади.
Жорий йил Тошкентда ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференциядан кейин бутун дунёда юртингизда тинчлик ўрнатиш бўйича катта ҳаракатлар бошлангани мамнуният бағишлайди. Барча тушуняптики, бунинг яккаю ягона йўли – мулоқот. Ушбу учрашувимиз шу борада фикр алмашиш, мамлакатларимиз учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун қулай фурсатдир, деди Президентимиз.
Ашраф ўани икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот кейинги пайтларда изчил фаоллашаётганини қайд этди.
Ўзбекистонга ташрифим доирасида эришилган келишувлар қисқа муддатларда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Афғонистон масаласи бўйича йирик анжуман ўтказганингиз учун халқимиз ва ҳукуматимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бу масалага шахсан эътиборингиз сиёсий ечимларга йўл очди, деди Афғонистон Президенти.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад хонимни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги икки йилда Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлиги фаол тус олгани, амалий натижалар билан бойиганини таъкидлади. БМТнинг нуфузли делегациялари мамлакатимизга мунтазам ташриф буюраётгани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Амина Муҳаммад Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштирокини мамнуният билан ёдга олар экан, мамлакатимиз томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади. Тошкентда ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани қайд этилди.
Мулоқотда БМТ делегациялари раҳбарлари билан бўлиб ўтган аввалги учрашувларда эришилган келишувлар ижросининг бориши бўйича атрофлича фикр алмашилди. Ҳамкорликнинг истиқболдаги муҳим йўналишлари муҳокама қилинди.
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Касбим ўқитувчи. 33 йил Пастдарғом туманидаги 32-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим....
01 янв 1970
Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган прогрессив ташқи сиёсатини “тинчлик” ва “ҳамкорлик” сўзларида мужассам...
01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
— Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш муддати ҳақида маълумот берсангиз?...