Давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг янги босқичи

/
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Агар 1991 йилда улар сони 95 тани ташкил этганини назарда тутсак, бу кўрсаткич бугунги кунга қадар қарийб юз баробар ортганини кузатиш мумкин.
Мазкур демократик институтлар аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, спортчилар, фермерлар, ижодкорлар ва бошқалар манфатларини ҳимоя қилишда давлат органлари билан ижтимоий шериклик қилмоқда. Лекин уларнинг фаолиятини ислоҳ қилиш бугунги куннинг зарурати ҳисобланади. Айниқса, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар демократик институтлар фаолиятига ҳам янгича мазмун олиб киришни тақозо этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, жорий йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Мазкур фармон ўз моҳиятига кўра, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг мазмун жиҳатдан янги босқичига мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Чунки унда давлат томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини янада кучайтиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланиб, мазкур соҳада ҳозирча фойдаланилмаган имкониятлар, айрим муаммолар ёритиб берилган.
Фармондаги асосий масала, мамлакатимиз сиёсий-ҳуқуқий амалиётида илк бор Президент билан нодавлат ташкилотлари ўртасидаги мулоқотни жорий этиш учун янги Кенгаш ташкил этилганидир.
Бу янги тузилма – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, деб номланди ҳамда унинг таркиби давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакилларидан иборат бўлади. Улар жамият ҳаётидаги энг муҳим масалалар, мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини юксалтириш орқали фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид масалаларни муҳокама қиладилар.
Мазкур Кенгаш кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, улар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентини мунтазам равишда хабардор қилиш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш, мазкур йўналишда тадқиқотларни амалга ошириш, жамоатчилик фикрини, хориж тажрибасини ўрганиш асосида янги механизмларни жорий этиш фаолияти билан бирга, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича Президентга таклифлар киритиб боради.
Умуман, мазкур янги Кенгаш мамлакатимиз сиёсий ҳаётини янада демократлаштиришга, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу фармонга биноан яна бир қатор янгиликлар жорий этилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркинлигини таъминловчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш масаласи қайд этилди. Бунда уларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, уларни назорат қилишдаги ортиқча тўсиқларни олиб ташлаш, ижро ҳокимияти органлари билан ахборот алмашишни соддалаштириш ҳамда уларнинг фаолиятини молиялаштириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш эътиборга олинган бўлиб, бу ўз навбатида соҳада қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, давлат органларида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни ташкил этиш билан шуғулланадиган янги лавозим жорий этилиши, ҳудудларда ҳам нодавлат ташкилотлари уйлари, уларнинг қўллаб-қувватлаш фондларини ташкил этиш каби янгиликлар жорий этилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик — махсус мукофот ташкил этилиши билан боғлиқ. Хусусан, мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун тақдим этиладиган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилиши белгиланди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг ижтимоий ҳамкорлари сифатида жамоат бирлашмаларининг ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ННТлар фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш, фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларини рўёбга чиқариш ғоясини илгари суриб келмоқда.
Шу боис партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни тўла қўллаб-қувватлайди ҳамда унда белгиланган вазифалар ижросида фаол иштирок этади.
Биз, ўз депутатлик корпусимизга таянган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурларда кенг иштирок этишини таъминлайдиган шарт-шароитлар яратилишига хайрихоҳлик кўрсатамиз.
Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашининг ташкил этилиши ҳам мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришда муҳим ўрин тутади.
Партиямиз ижтимоий ривожланиш дастурларини кенг жамоатчилик текширувидан ўтказиш, биринчи навбатда, туман ва шаҳар миқёсида жамоат назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни асосий вазифалардан бири, деб билади.
Ушбу ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашлари ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи комиссиялар ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга доир масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эшитувларини ташкил этишни амалиётга киритиш тавсия этилаётгани бу борада долзарб аҳамият касб этади.
Мухтасар айтганда, мазкур фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг самарали мулоқотини ташкил этишга, “учинчи сектор” фаолиятини янги босқичга кўтариш орқали аҳоли турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга имкон яратади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Улуғбек САМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл очмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда биз, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқдамиз....
01 янв 1970
Яқинда денгиз протести, деган атамага дуч келдим. Шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз?...
01 янв 1970
Шу кунларда жонажон Ватанимиз тарихида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликлар юз бермоқда....