Инсон хавфсизлиги концепциясини ишлаб чиқиш – давр талаби

/
Маълумки, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш борасида 2021 йилгача қилинадиган ишлар белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган вазифаларни самарали бажариш, энг аввало, инсон омилига боғлиқ. Инсон ўзининг илми, билими, касбий маҳорати, интеллектуал салоҳияти, ижоди билан мамлакат тараққиётига катта улуш қўшадиган омилдир. Нобель мукофоти соҳиблари америкалик иқтисодчи олимлар П.Дуглас ва Р.Солоунинг таъкидлашича, мамлакатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш суръатларида техника, технология, моддий ресурслар билан боғлиқ омиллар 30–35 фоизни, инсон ва унинг интеллектуал салоҳияти билан боғлиқ омиллар эса 65–70 фоизни ташкил қилар экан.
Бу фикр жамият ривожида инсон омили, инсон капитали мавқеининг нақадар юксаклигини, инсон меҳнатининг, айниқса, интеллектуал салоҳиятнинг тараққиётдаги ўрни нечоғлик юқорилигини кўрсатади.
Ҳозирги глобаллашув ва ўзаро интеграциялашув шароитида рақобат кураши тобора кучайиб бораётган бир даврда ҳар қандай мамлакатнинг келажакдаги ривожи, энг аввало, инсонларда мужассамлашган интеллектуал салоҳиятни сақлаш, кўпайтириш, ундан оқилона ҳамда тижорат йўлида фойдаланишга боғлиқ эканлигини ҳеч ким рад этмайди. Олий маълумотга эга, илмли, малакали ва катта амалий тажриба соҳиби бўлган инсонларгина жамиятнинг технологик, иқтисодий ва ижтимоий модернизациялаш даражасини белгилаши, янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасини шакллантириши, жадаллаштириши мумкин.
Демак, тараққиётга интилган ҳар қандай жамият бу ҳолатни тушуниб етиши ва албатта, инсонни эъзозлаши, уни турли хавф-хатар, хуружлардан асраши, авайлаши, ҳимоя қилиши лозим. Бу ўта мураккаб вазифани давлат ўз зиммасига олиши, ҳар бир инсоннинг, мамлакат халқининг хавфсиз, осуда ҳаёт кечиришини таъминлаши ва бу иш унинг муқаддас вазифаси эканлигини тушуниб етмоғи лозим. Давлатни ақл-идрок билан бошқариш, – мутафаккир Абу Наср Форобий айтганидек, – халқ бошига тушган хавф-хатарни камайтириш ва бартараф этишдан иборатдир. Бу ҳикматли сўзлар, бугунги кунда, давлатларда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим шиорига айланиши лозим.
Таҳлилларимиз шундан далолат бермоқдаки, узоқ йиллар давомида барча мамлакатларда турли ички муаммолар, келишмовчиликлар, номутаносибликлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар сонининг ортиши, терроризмнинг кучайиши, наркотик ҳамда психотроп моддалар истеъмолининг кўпайиши, коррупция, бюрократия, турли касалликларнинг тарқалиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиш ҳолатлари кучайиб, уларнинг инсон хавфсизлиги ва саломатлигига таҳдиди ортиб бормоқда.
Инсон ҳаёти билан боғлиқ соҳаларда турли муаммоларнинг юзага келиши жамиятда ижтимоий зиддиятларни кучайтиради, жамият ривожига сезиларли даражада путур етказади. Инсонларнинг кундалик ҳаётидаги осудалик бузилади, турмуш тарзи пасая бошлайди, эртанги кунга ишонч йўқола боради.
Юқоридагиларни инобатга олиб, жаҳон ҳамжамиятининг барча мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда инсон хавфсизлигини таъминлашнинг бугунги тараққиёт мазмунига мос янги стратегик Концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий этишни таклиф этамиз.
Узоқ йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилган сиёсатнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак, унда алоҳида эътибор миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилганлиги маълум бўлади. Шу кунгача мамлакатимизда давлатнинг миллий, иқтисодий, ахборот, ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгилаб келинган, бу йўналишда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилган.
Аммо халқнинг, алоҳида шахснинг хавфсизлигини таъминлаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш тизимида эътибордан четда қолган ёки унга бу тизимнинг бир кичик элементи сифатида жиддий эътибор қаратилмаган.
Инсон хавфсизлигини таъминлашнинг янги Концепцияси заминида нималар ётиши керак? Унда қандай стратегик вазифалар қўйилиши лозим? Бу борадаги давлатнинг сиёсати қандай бўлиши керак?
Бизнинг фикримизча, инсон хавфсизлигини таъминлаш Концепцияси замирида қуйидаги фундаментал принциплар, шакллантирувчи қоидалар мужассам бўлиши керак:
Биринчидан, инсон хавфсизлигига таҳдид, хавфнинг юзага келиш аломати пайдо бўлган вақтдан бошлаб хавфсизлик чораларини ишлаб чиқиш, тезкор ҳаётга татбиқ эта бошлаш керак. Бу ишни пайсалга солиб бўлмайди. Таҳдид, хавфларнинг баъзи турлари шундай хусусиятларга эгаки, уларнинг тезкор олдини олиш чоралари кўрилмаса, оқибати аянчли бўлиши ҳаётда кўп тасдиқланган. Хусусан, мамлакатимиздан норасмий йўл билан хорижга кетаётган меҳнат мигрантлари – Ўзбекистон фуқароларининг тақдири билан узоқ йиллар давомида ҳеч ким, ҳеч қандай идора, ташкилот амалда шуғулланмади. Оқибатда, хорижга кетган ҳамюртларимиздан 20-30 фоизининг ҳаёти катта хавф-хатар остида бўлди, 3-5 фоиз ҳамюртларимиз эса турли сабаблар билан, ҳимоясизлиги оқибатида ҳаётдан кўз юмди, “одам савдоси”нинг қурбони бўлди. Узоқ йиллар давомида бундай ҳолатга “панжа ортидан” қараб келинди. Бу борада, ўтган 2017 йилгача тегишли чоралар кўрилмади, хориждаги ҳамюртларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари ишлаб чиқилмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида бу ўта мураккаб масала ечимини топа бошлади. Аммо бу борада қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп.
Мигрантлар масаласи ҳукуматнинг диққат марказида бўлиши, бу борада тегишли тадқиқотлар ўтказилиши лозим. Хориждаги Ўзбекистон фуқаросининг яшаш жойи, фаолиятининг тури, оилавий аҳволи, ижтимоий ҳимояланганлик даражаси, даромадлари хусусидаги маълумотлар тегишли давлат идораларида мавжуд бўлиши керак. Хориждаги ҳар бир фуқаромиз тўғрисида “маълумотлар банки”ни яратиш ва унинг асосида одамларимиз билан доимий алоқада бўлиб туриш керак. Бу борада шароит тақозо этса, халқаро нормалар доирасида мигрантлар иши бўйича баъзи мажбурлов чораларини ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Иккинчидан, инсон хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг узоқ муддатга ҳамда яқин келажакка белгилаган вазифаларидан, миллий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлаш борасидаги амалий ишларидан келиб чиқиши лозим. Инсон хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизликни таъминлаш даражасида, у билан бир қаторда бўлиши зарур.
Учинчидан, инсон хавфсизлигини таъминлаш масаласи инсон ҳуқуқлари, демократия, тараққиёт борасида амалга ошириладиган тадбирлар билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилиши лозим.
Тўртинчидан, инсон хавфсизлигига бўлаётган таҳдид, хавф, чақириқлар, бугунги кунда жуда мураккаб тус олганлигини инобатга олиш ва ҳар бир шахс хавфсизлигини таъминлашда, бу ишда ташаббускор бўлишда жамиятдаги барча кучлар — давлат бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари, халқаро нуфузли ташкилотлар масъул бўлишлари лозим. Сабаби, инсон хавфсизлигига бўлаётган таҳдидлар нафақат миллий, балки халқаро, глобал аҳамиятга эга ва уларни бартараф этиш давлатларнинг кўп томонлама ҳамкорлигини тақозо этади. Бу ҳамкорлик натижасида эса самарали қарорларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ҳаётга жорий этиш имкони туғилади.
Бешинчидан, инсон хавфсизлиги Концепциясини ишлаб чиқишда бу ишга алоқадор идораларнинг тизимли ҳамкорлигини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.
Олтинчидан, инсон хавфсизлигини таъминлаш ва уни янги босқичга кўтаришда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг роли жуда муҳим. ННТлар инсон хавфсизлигини таъминлашда давлатнинг яқин ҳамкори бўлиши даркор.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган инсон ҳаётини яхшилашга, унинг турмуш тарзини юқори босқичга кўтаришга қаратилган, хусусан, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини самарали ҳал этиш, фуқароларни замонавий ва арзон уй-жойлар билан таъминлаш, уй-жой ва коммунал хўжалигини, ижтимоий инфратузилма объектларини модернизация қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш тадбирлари ҳам инсон хавфсизлигини таъминлаш Концепциясида ўз ифодасини топиши лозим.
Абдуғаффор ОРТИҚОВ,
иқтисод фанлари номзоди, доцент,
“Адолат” СДП эксперти

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида...
01 янв 1970
Депутатнинг фаолияти сиёсий куч мавқеини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қи...
01 янв 1970
“Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, – деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев, – токи халқ давлатдан рози бўлсин.&n...