ЁЗУВЧИНИНГ “АҚЛ ТИШИ”

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини такрор-такрор ўқиб-ўрганиб, истиқбол уфқларини равшан тасаввур қилиб, фахр ҳамда масъулият ҳис-туйғуларимиз юксалди. Бу тарихий қарорда адабиёт аҳлининг, сўз санъаткорларининг қалбида, фикру ўйида бўлган энг муҳим масалалар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ўз ифодасини топган.
Давлатимиз раҳбарининг қарорида мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириш, бу ноёб меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантириш юзасидан тегишли ташкилотлар ҳамда жамоатчиликнинг таклифлари маъқулланганлиги алоҳида таъкидланади. Бу айни муддаодир. Чунки айнан мумтоз адабиёт, ҳусусан, Алишер Навоий асарлари маънавият ва маърифатимизнинг, қадриятларимизнинг, илму ижоднинг асрлар давомида қарор топган пойдеворидир.
Шу ўринда, мумтоз шеъриятимизнинг аруз вазнида битилган асарларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Аруз сўз санъатининг беқиёс илми сифатида маънавият ва маърифатни, адабиёт ва санъатни, одоб-ахлоқни чуқур ҳис қилишга ҳар томонлама кўмаклашади. Афсуски, кейинги пайтда арузда битилган мумтоз ва замонавий асарларга эътибор кескин камайиб кетди. ўазалхонлик ва баҳру байт тадбирларида асосан бугунги шеърият намуналари ўқилади.
Ҳофиз агар мумтоз ашулалардан ижро этмаса, эътибор топмайди. Худди шунингдек, бугунги куннинг адабиёт намояндаси Навоий, Огаҳий ёки бошқа мумтоз шоирларимиз асарларини қалбдан ҳис қилмаса, уларни ёд айта олмаса, уларга назиралар боғламаса, қандай ижодкор бўлсин?!
Шу ўринда ҳазрат Огаҳийнинг қуйидаги байти ёдга тушади:
Огаҳий, ким топғай эрди,
созу назмингдин наво,
Баҳра гар йўқдир
Навоийнинг навосидин санго.

Президентимиз қарорида устозлар ижодий салоҳияти ва маҳоратини чуқур ўрганиш, айниқса, ёшларни ундан баҳраманд қилиш ҳақида алоҳида таъкидланади. Бу маънавиятимиздаги, адабиётимиздаги узлуксизлик ва давомийликни, яхлитликни таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга.
Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Ёзувчилар уюшмасининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг иши Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш туфайли бугунги талаблар даражасида кенгайиб, янада тараққий топади. Уларнинг хизматчилари бугунги кундаги маънавият тараққиётининг фаоллари сифатидаги масъулиятларини чуқур англашлари ҳам табиий. Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўларди. Турли шаҳар ва туманларда, шу жумладан, вилоят марказигача масофа 300-400 километр бўлган энг чекка қишлоқ жойларида адабиёт ва санъатимизнинг бўлғуси намояндалари ўсиб-улғаяётганликлари шубҳасиз. Агар таъбир жоиз бўлса, улар кўзи очилмаган булоқларга ўхшашади. Шу нуқтаи назардан уларга эътибор ва мадад, ғамхўрлик жуда зарур. Аммо ёш ҳаваскор қаламкашлар Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими эшигидан кириб бориши ва чинакам ёзувчи билан рўбарў бўлиш истагига эришишлари осон эмас. Бунга ўртадаги масофа жуда узоқ эканлиги асосий сабаб. Қолаверса, уюшма бўлими ҳақидаги фикру хаёллар эски баландпарвоз тасаввурлар доирасида қолиб кетганлигидадир.
Бу масалани Ёзувчилар уюшмасининг шаҳар ва туман бўлинмаларини ташкил этиш билан ҳал этса бўлади. Қолаверса, шаҳар ва туманларимизда ёзувчилар ташкилоти, унинг намояндалари бўй кўрсатиб туришлари маънавият ва маърифат масалаларини ҳал этишда, адабиёт ва санъатимизни тараққий топтиришда, ёш қаламкашларни тўғри йўлга йўллашда, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиши табиий.
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сонини мақсадга мувофиқ равишда ошириб бориш ҳам асосий вазифалардан бири, деса бўлади. Кейинги бир неча йил давомида айнан шу масалада муаммолар юзага келди.
Қаламкаш Ёзувчилар уюшмасидан ташқарида эмас, балки унинг бағрида етук ёзувчи бўлиб, шаклланади. Яъни, ёш қаламкашларни уюшмага қабул қилишда эркинлик ва бағрикенглик тамойилларига амал қилиб, яхши натижаларга эришиш мумкин. Ёзувчилар уюшмаси гувоҳномасини қўлга олган ижодкор, одоб ва андиша расмини янада маҳкам тутишга интилади.
Ўтган асрнинг бошида Хива хони Муҳаммад Раҳимхони соний (Феруз) юртдаги таниқли шоир ва таржимонларни, ҳаттотларни йиғиб, уларнинг олдига муҳим бир вазифа қўяди. Яъни машҳур араб муаррихи Ибн ал Асирнинг (XIII аср) ўн икки жилддан иборат, “Ал камил-фит-тарих” (“Мукаммал тарих”) асарини эски ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этишга даъват этади. Шунгача хивалик илму ижод аҳли бир қатор алломаларнинг фалсафий-тарихий, бадиий асарларини ўгириб, катта тажриба тўплашган эди.
Етти йил давомида юқорида кўрсатилган асар араб тилидан ўгирилади. Бугунги кунда бу нодир таржима Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Феруз ҳазратлари китобни, илмий бадиий асарларни, умуман, адабиётни “Мангулик сўқмоғи” деб ҳисоблаган. Фақат шу сўқмоқдан юрибгина боқийлик мартабасига эришиш мумкинлигига қаттиқ ишонган. Дарҳақиқат, шу даврда тошбосмада чоп этилган, хорижий тиллардан таржима қилинган бир қатор асарлар бугунги кунда халқимиз маънавиятининг ўлмас мероси қаторидан жой эгаллади.
Мангулик сўқмоғи юрт улуғларининг доимий эътибори ва ғамхўрлиги билан катта йўлга айланади. Президентимизнинг қарори шу жиҳатдан муҳим ҳужжат бўлди.
Мазкур қарорда дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш билан биргаликда адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб қилиш тизимини яратишга ҳам катта эътибор қаратилган. Айнан шу борада оқсоқликлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Эндиликда бу муаммо ҳам ҳал этилиши учун муҳим асос яратилди. Тегишли ташкилотлар бу борада чора-тадбирлар кўришлари аниқ. Ўзбек адабиёти миллий ёзувчиларимиз тимсолида дунё адабиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига шубҳа йўқ. Бундай дейиш учун ҳам Президент қарори ишонч бахш этди.
“Ёзувчининг ақл тиши, асарлари тез-тез у ер-бу ерда босилиб турганда чиқади”, — деган эди ҳазил аралаш таниқли адиб Матназар Абдулҳаким. Гоҳо газета ёки журналлар таҳририятлари ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, ёзувчиларнинг асарларига етарли эътибор кўрсатмаганларида шоир хуноб бўларди.
Дарҳақиқат, вилоятлар марказлари, шаҳар ва туманларда газета ва журналлар таҳририятлари Ёзувчилар уюшмасининг яқин мададкорлари ҳисобланадилар. Улар ҳаваскор ва ёш қаламкашларга эътибор кўрсатиб, матбуот нашрлари оммабоплигини ва ўқишлилигини ҳам оширадилар.
Аммо кейинги пайтларда таҳририятлар (уюшманинг ўз газета ва журналларидан ташқари) адабиётга, жумладан, шеъриятга эътиборни кескин камайтиришди, десак муболаға бўлмайди. Адабиёт халқ мулки, миллий маънавиятимиз ва маданиятимиз ифодаси экан, ёзувчиларнинг асарларини чоп этишни фақат уюшма нашрларига юклаб қўйиш ҳам, назаримда, ёзувчиларга бўлган эътиборни чеклаб қўяди. Шу сабабли таҳририятлар ёзувчилар билан алоқаларни мустаҳкамлаб, уларга эътибор қаратсалар айни муддао бўлар эди.
Президентимизнинг қарорини ўқиб-ўрганиб, илҳом ва эҳтиёж, истак-интилишлар жўш урди. Бошқа ҳамкасбларимизда ҳам ана шундай қалб туғёнлари жунбушга келганлигига ишонаман. Яқин келажакда уларнинг ифодаси асарларга кўчишига шубҳа йўқ.
Сотим АВАЗ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 26 йил мобайнида унда акс этган тамойил ва қоидалар ҳаётга изчил жорий этилди....
01 янв 1970
Айниқса, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар биз учун қанчалик аччиқ бўлмасин, барчаси ҳақиқат эканлигини англаб турибмиз...
01 янв 1970
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
01 янв 1970
— Жисмоний шахслар ўртасида кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади? ...