Ногиронлар эҳтиёжи эътиборга олинса...

/
Касбим ўқитувчи. 33 йил Пастдарғом туманидаги 32-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим. Шу касбим туфайли эл-юрт хизматини қилдим. Қаерга борсам шогирдларимни учратаман. Уларнинг меҳр-муҳаббатини кўриб, шундай юртда ва оқибатли одамлар орасида яшаётганимдан, табаррук касб эгаси бўлганимдан фахрланаман.
2002 йилда кексалик нафақасига чиқдим. Бу давр инсоннинг, айниқса, зиёли кишининг етуклик даври ҳисобланади. Фарзандлари, неваралари, маҳалладаги ёшлар учун ибрат бўлиб, тарбия берадиган палла. Мен ҳам маҳалла корига ярашдек эзгу ниятларни дилимга туккан эдим. Афсуски, бундан 8 йил муқаддам остепороз касалига чалиндим. Вилоятимиздаги ва республикамиз марказидаги бир неча касалхоналарда даволанишимга қарамасдан, соғлигим тикланмади.
Ўтган йилдан бери тиббий меҳнат экспертизаси комиссияси хулосасига кўра 1-гуруҳ ногирониман. Тақдирга тан бердим. Оиламдагиларга фойдам тегмаганига кўра оғирлигим ҳам тушмаса, дейман. Тиббий меҳнат экспертизаси комиссиясининг ногиронлик аравачаси олиш учун берган ордерини кўриб, менда яна умид ва илинж пайдо бўлди. Йиллар давомида тўшакка михланиб ётган инсон учун бу жуда катта имкониятдир. Яна умринг ўтган йўллардан юриш, табиатни кўриш, қишлоқ кўчаларини айланиш имкони... Бу яна ҳаётга қайтиш, деганидир.
Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Одамлар ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари керак” деган халқчил фикрлари мени ўз ҳуқуқларимдан фойдаланишга ва имкониятим чекланган бўлишига қарамасдан, ҳаётдан завқланиб яшашга ундади.
2017 йил 12 июль куни туман тиббиёт бирлашмасига зарур ҳужжатларимни топширганимда, 54-навбатда аравачага эга бўлишимни тушундим. Орадан бироз вақт вақт ўтиб, ҳали-бери навбатим етмаслигига кўзим етгач, яна туман тиббиёт бирлашмасига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилдим. Мурожаат қилган барча ташкилотлардан қонун доирасида бир хил жавоб олдим: “...Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 14 июндаги “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, навбат асосида ногиронлар аравачаси билан таъминланасиз... ”
Навбат асосида ногиронлик аравачасини олишимни биламан. Лекин бир саволга жавоб тополмаяпман: навбатим қачон келади?
Мен истиқомат қиладиган Пастдарғом туманида 2017 йилда бор-йўғи 12 нафар ногиронлиги бўлган шахс аравача билан таъминланди. Шу боис мен 42-ўринга кўтарилдим. Демак, бир йилда шунча кишининг талаби қондирилса, 2017 йилда берган аризам 4 йилда қаноатлантирилар экан. Бундан кўринадики, менинг фикримча, қонун ва низомларимизда бўшлиқ мавжуд. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида мазкур соҳада олиб борилаётган ишларнинг қониқарли эмаслиги таъкидланган.
Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб деганларидек, айрим фикр ва таклифларни баён этишни лозим топдим.
Хусусан, ногиронлиги бор шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалари билан ўз вақтида таъминлаш, уларнинг шу масала юзасидан тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этгач, ушбу мурожаат аниқ кўрсатилган муддатларда ҳал этилиши борасида мавжуд тартиб-қоидалар янада такомиллаштирилса, айни муддао бўлар эди.
Жумладан, фикримча, муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш борасида янада аниқлик ва шаффофлик зарур. Мисол учун амалдаги меъёрий ҳужжатларга реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар муҳтож шахсларга 2 ойда, 6 ойда ёки бир йилда берилади, деган мазмунда қўшимча киритилса, турли ноқонунийликларнинг олди олинарди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2012 йил 15 мартдаги 15-, 29-сонли қарори билан тасдиқланган “Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага ҳам айрим ўзгартишлар киритиш зарурати бор, деган фикрдаман.
Мазкур йўриқноманинг йўлланмаларни бериш даврийлигига доир 4-бандида “в) санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, аммо 3 йилда 1 маротаба — ёшга доир пенсионерларга” йўлланмалар берилиши қайд этилган.
Аввало, санаторий-сиҳатгоҳларнинг сони кўпайтирилса, имконияти бор пенсионерларга 50 фоиз тўлов асосида жойлар ташкил қилинса, айни муддао бўлар эди.
Шу билан бирга, мазкур банддаги “в) санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, аммо 3 йилда 1 маротаба” деган жумлани “в) санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, касаллигининг тури, даволанишининг зарурийлигидан келиб чиқиб, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат этилган кундан бошлаб 3 ой, 6 ой, 1 йил ичида — ёшга доир пенсионерларга берилади. Бундай йўлланма 3 йилда бир маротаба берилади”, деган жумла билан ифодаланиши мақсадга мувофиқдир.
Яна шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда ногиронлар эҳтиёжлари ўрганиб чиқилиб, шунга асосан ногиронлик аравачалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари кўрилса, дейман. Хусусан, протез-ортопедия буюмлари, реабилитиация техник воситалари ва кресло аравачалари билан савдо қилувчи дўконларни кўпайтириш ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Бу каби аниқ амалий ишлар ногиронлиги бўлган шахсларга берилувчи ҳар бир йўлланма ўзининг ҳақиқий эгасини топишига хизмат қилади, муҳими, бу борада қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинади. Пировардида имконияти чекланган фуқароларнинг ҳар бири ҳаётда ўзини тўлақонли инсон сифатида ҳис этишига эришилади.
Мавлуда ЖАББОРОВА,
Пастдарғом тумани,
“Имом ота” ҚФЙ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
01 янв 1970
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги республикамизда кенг нишонлан...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида яқинда архивлар фаолиятини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳи тузилган эди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва к...