Инсонпарвар сиёсатнинг муҳим ютуғи

/
Асли Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида туғилиб ўсганман. Тақдир тақозоси билан узоқ йиллар қўшни Тожикистон мамлакатида яшаб, меҳнат қилдим. Дастлаб мактаб, маориф соҳасида, сўнгра Тожикистон Фанлар академиясида илмий ходим лавозимида ишладим. Республика халқ маорифи аълочиси унвонига сазовор бўлдим.
Тожик билан ўзбек азалдан дўст-қариндош, икки тилда сўзлашувчи битта халқ деб эътироф этилганида ўзига хос маъно бор. Мен ҳам бу гапнинг маъносини оилаларимиз ўртасида чамбарчас боғланган ришталарда, деб биламан. Тожикистонда яшаб, оила қурдим, фарзанд тарбияладим, келин туширдим, неварали бўлдим.
Орадан 32 йил ўтиб, яна ота юртим Самарқандга қайтиб келдим. Ҳозир оилада тўққиз нафар жонмиз, Тайлоқ туманининг “Сочак” қишлоғида истиқомат қилаяпмиз. Лекин Тожикистонда менинг дўстларим, қариндошларим, шогирдларии бисёр бўлса-да, очиғи, яқин вақтларгача у ерга бориб-келиш мушкул эди. Тўйу маъракаларга бориш, дўстлар дийдоридан баҳраманд бўлиш учун божхона, чегара постларидаги сунъий расмиятчиликлар, тўсиқлар имкон бермасди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан икки қардош халқ ўртасидаги алоқалар қайтадан тикланиб, чегара постларидаги кераксиз оворагарчиликларга барҳам берилганидан бениҳоя хурсандмиз. Буни икки биродар мамлакатнинг тараққиётидаги улкан тарихий воқеа деб ҳисоблаймиз. Чунки юрт ободлиги, фаровонлиги учун кўзланган ислоҳотларни халқ амалга оширади. Халқнинг, оилаларнинг манфаатлари, хоҳиш-муддаолари инобатга олиниб, қўллаб-қувватланган жойда эса чинакам тараққиёт бўлади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда энди икки халқ ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ривожланиб, энг аввало, оддий меҳнаткаш оилалар манфаатига хизмат қилади.
Бу фикрни “Сочак” қишлоғида биз билан ёнма-ён яшаётган, асли душанбелик Сарвинисо Назарованинг оила аъзолари ҳам тасдиқлайди. Санаб чиқсак, бундай оилалар сони қишлоғимизда ўндан ортиқ экан. Демак, ўнта хонадоннинг қўшни мамлакатдаги қариндошлик ришталари тикланди. Яна бир қувончли томони — ўғлим Мустафоқул Тоҳиров бултур Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи паспорт олди. Ўша куни уйимизда чинакам хурсандчилик бўлди. Ўғлимни юрт фуқароси бўлиб расман тан олингани учун бағримга босиб, энг яхши тилакларимни айтдим. Бир сўз билан айтганда, бугун Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат юртга меҳр-муҳаббатни янада кучайтиради, давлат билан халқ ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди.
Муҳаммадқул ТОҲИРОВ,
меҳнат фахрийси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида Тошкент вилояти ҳудудида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Барча турдаги таълим йўналишларида янги ўқув йили одатдагига нисбатан анча кўтаринки кайфиятда бошланди ва давом этмоқда, фақатгина олий таълим муа...
01 янв 1970
Маҳсулотларни пластик карточка орқали харид қилганимизда баъзан сотувчи томонидан нархлар сунъий равишда оширилишига гувоҳ бўламиз....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи воҳа аҳлини янгидан-янги марралар сари илҳомлантирди....