“Адолат”чилар — инновацион технологиялар ташаббускорлари

/
“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти (собиқ химия заводи) Наманган шаҳридаги тўнғич саноат корхоналаридан. Унинг иш бошлаганига 75 йилдан ошди. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, айниқса, карбоксилметилцеллюза (КМЦ) нафақат мамлакатимизда, балки бир қатор хорижий давлатларда ҳам ўз харидорларига эга саналади.
Мустақиллик йилларида корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга сифат кўрсаткичларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
— Корхонанинг асосий маҳсулоти ҳисобланган карбоксилметилцеллюлоза нефть ва газ саноатини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, — дейди “Карбонам” МЧЖ раҳбари Владимир Арутюньянц. — У ер ости бойликларини чиқариб олиш учун қудуқлар қазиганда темирбетон қоришмаларнинг пишиқлигини янада ошириш учун қўлланилади. Бусиз биронта кондан нефть ёки газ чиқаришни таъминлаб бўлмайди. КМЦ билан тўйинган қоришма қудуққа тушириладиган пўлат қувурларнинг атрофини мустаҳкамлайди, уларнинг ҳар қандай таъсирга ва босимга чидай олишига имкон беради. Шунинг учун маҳсулотнинг юқори сифатли бўлиши ҳар жиҳатдан жуда катта аҳамият касб этади.
“Карбонам” МЧЖ жамоаси бу борада илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилаётгани ҳам диққатга сазовордир. Хусусан, инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш устувор вазифа саналмоқда.
Яқинда бу ерда яна бир янгилик амалга оширилди. КМЦ цехида маҳсулот тайёрлашнинг моноаппарат усули ўзлаштирилди.
Илгари бу жараён икки босқичдан иборат эди, энди эса бир босқичдаёқ мақсадга эришилади. Натижада энергия сарф-харажатлари камайибгина қолмасдан, сифат ҳам яхшиланади.
Бундан ташқари, илк марта пахта тозалаш, тўқимачилик саноати ва бошқа ишлаб чиқаришларнинг толасимон чиқитларидан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда юқори даражада тозаланган целлюлоза олинди. Уни полианионли целлюлоза деб ҳам аташ мумкин. Шунингдек, мазкур ишлаб чиқариш жараёни тўла маҳаллийлаштирилганлиги ҳам эътирофга лойиқдир.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу янгиликни жорий этишда корхона жамоасига Тошкент кимё-технология институти олимлари ва мутахассислари ёрдам бердилар. “Карбонам” МЧЖ билан олий ўқув юрти қошидаги “INNOVATIVE CHEMIKAL TECHNOLOGIES” МЧЖ ўртасида тузилган, қиймати 350 миллион сўмлик шартномага мувофиқ қарийб тўққиз ой мобайнида олиб борилган изланишлар ўз самарасини берди. Бу давр мобайнида профессор, кимё фанлари доктори ўаффор Раҳмонбердиев бошчилигидаги гуруҳ қўйилган муаммонинг ечимини топиш учун изчиллик билан иш олиб борди.
Биз янги технологиянинг тақдимот маросимида тошкентлик олим ва тадқиқотчилар билан учрашдик. Шунда яна бир диққатга сазовор ҳолат аён бўлди. Яъни илмий изланиш олиб борган гуруҳ аъзоларининг деярли барчаси Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари экан. Маълум бўлишича, партиядошларимиз илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш юзасидан кенг миқёсдаги тадбирларни амалга ошираётган эканлар. “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорлик ана шу ишларнинг бир йўналиши экан.
— Олий ўқув юртимизда инновацион технологиялар ва ишланмалар яратиш масаласи ҳамиша диққат марказида бўлиб келган, — дейди институтнинг илмий ишлар бўйича проректори Шавкат Адилов. — Изланишларда нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабаларнинг ҳам фаол қатнашишига интилмоқдамиз. Бу эса мамлакатимиз тараққиётини инновацион йўлга олиб чиқишга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Яна бир қувончли жиҳати — сафдошларимиз мана шундай илмий изланишлари билан партиямизнинг “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони. Адолат — ҳар бир инсон учун” Сайловолди дастурининг рўёбга чиқарилишига ҳам кўмаклашмоқдалар. Мазкур ҳужжатда қайд этилганидай, “Адолат” СДП инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ”, деб ҳисоблайди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги республикамизда кенг нишонлан...
01 янв 1970
Ҳукумат портали ишга тушганидан хабардормиз. Лекин порталнинг вазифалари, ундан қандай фойдаланишни яхши билмаймиз....
01 янв 1970
Азал-азалдан бир-бирига яқин қўшни, қондош-қариндош ўзбек ва тожик халқининг бир-бирига меҳри ҳамиша осмон қадар баланд, улар гўёки кўз билан қош, ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари ўаллаорол туман Кенгаши депутати Дилфуза Одилова тумандаги “Тозауруғ” қишлоқ фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учра...