Оилага суянамиз ва уни асраб-авайлаймиз

/
Жорий йилнинг 2 февраль куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон жамиятда хотин-қизлар мавқеини оширишга, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилганлиги билан юртимиз аёлларини руҳлантириб юборди.
Хусусан, вилоятимиздаги хотин-қизлар қўмиталари ходимларининг масъулияти, шижоати ортганлиги иш жараёнида яққол сезилмоқда. Очиғини айтганда, шу пайтгача ўз масъулиятли ишларимиз билан бирга баъзида вазифамизга кирмайдиган бошқа юмушларни уддалашга мажбур бўлиб қолганимиздан калаванинг учини топишга қийналиб ҳам қолардик. Мазкур фармонда бундай чалкашликларга барҳам бериш, ташкил этиладиган штатларда мутахассисларимиз бошқа ишларга чалғимасдан ўз олдига қўйилган вазифалар бўйича жавлон уриб хизмат қилиши белгилаб берилди. Демак, енг шимариб астойдил ишласак, бу ўз самарасини кўрсатади.
Маълумки, ушбу фармонда хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг муҳим вазифаларидан бири эканлиги қайд этилди. Шу билан бирга, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ташаббускор ва фаол аёлларга кўмаклашиш имкониятлари кенгайди. Шу маънода ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган опа-сингилларимиз, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишда аниқ ишларни амалга ошириш долзарб вазифамиз саналади.
Шунингдек, аҳоли сонига қараб ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимининг жорий этилиши, аввало, жамиятнинг асосий бўғини бўлган оила институтининг ривожланиши, ҳар биримиз, айниқса, ёшлар қалбида бу муқаддас даргоҳни қадрлаш туйғусини оширишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашда соҳа ходимларининг ишидаги камчиликлар яққол сезилиб қолаётганди. Эндиликда янгидан жорий этиладиган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимига обдон ўйлаб, ҳаётий тажрибаси бор одамни қўйиш, бу вазифани бажараётган киши ўз зиммасига улкан масъулиятни олаётганини англаб етиши керак.
Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар хотин-қизлар қўмитаси ва у билан боғлиқ ташкилотлар — “Оила” маркази ва ФҲДЁ бўлимларининг фаолиятида жиддий янгиланишларга йўл очди. Бу имкониятлар биз — депутатларни ҳам масъулиятни чуқур англаган ҳолда фидойилик билан жон куйдириб ишлашга ундайди.
Кифоят ЭРМУҲАММЕДОВА,
Қуйи Чирчиқ туман хотин-қизлар қўмитаси раиси,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муқобил энергия манбалари — инновацион тараққиёт учун
01 янв 1970
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 7 март куни имзоланган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қон...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод — 34-умумтаълим мактаби директори Насибахон Мавлоновага сайловчилар катта ишонч бил...
01 янв 1970
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бар...