Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Ўзим яшайдиган аҳоли пунктига яқин жойдаги нотариал идорага Тошкентдаги квартирамнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун маслаҳат сўраб мурожаат қилгандим. Шунда нотариал идора ходимлари менга Тошкент шаҳридаги тегишли нотариал идора орқали квартирам олди-сотди шартномасини расмийлаштиришим мумкинлигини, Самарқанд шаҳрида бу нотариал ҳаракатни расмийлаштириб бўлмаслиги ҳақида айтишди. Шу тўғрими?
С.Бозорова
— Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни 44-моддасида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш ушбу мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқланиши мумкинлиги ҳамда уй-жойни (уй-жойнинг бир қисмини), квартира, дала ҳовли, боғ ҳовли, гаражни, шунингдек бошқа бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимлар шу мол-мулк жойлашган ҳудудда тасдиқлананиши кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, cиз Тошкент шаҳрида жойлашган квартирангизни Тошкент шаҳридаги тегишли нотариал идора орқали расмийлаштиришингиз зарур.
— Эрим билан бирга яшамаётган бўлсамда, қонуний ажрашмаганман. Ота-онам ёрдамида уй сотиб олмоқчиман. Шу уйни 16 ёшга тўлмаган фарзандим номига сотиб олишим мумкинми?
О.Раҳимова
— “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 39-бандига кўра, ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.
— Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги, аввало, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга, ҳуқуқий нормаларнинг субъектларга, шунингдек, кенг аҳоли қатламига ва тадбиркорлик тузилмаларига ўз вақтида етказишни таъминлашга боғлиқ. Айтинг-чи, бу борада қандай тартиб-қоидалар жорий этилган?
Д.Маликов
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни ушбу соҳада ягона механизмни жорий этишда муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорга мувофиқ, янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин унинг ижросини, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида кўрсатилади. Ушбу механизм янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.
— Яқинда ўғлимни хорижга ўқишга юбориш учун ҳужжатларни таржима ва тасдиқлаш учун 400 минг сўмдан ортиқ тўладим. Нега нотариус хизматлари қиммат? Улар қандай мезон асосида белгиланади?
Д.Раҳимова

— Нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди. Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, нотариус унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига асосан нотариуслар томонидан ҳужжатлардаги ёзувларнинг ҳақиқийлигини, шу жумладан, таржимон имзосининг ҳақиқийлигини тасдиқлаганлик учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи, яъни 2995,5 сўм давлат божи ҳамда ўзаро келишувга қўра 7488,75 сўм ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатлар учун тўлов ундирилади.
Ҳужжатни бир тилдан бошқа тилга таржима қилиш нотариус хизматига кирмайди. Таржимонлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари Сизга ўзаро келишилган нархларда ҳужжатларингизни таржима қилган бўлиши мумкин.
Агар нотариал идора ходимлари томонидан белгиланган миқдорлардан ортиқча пул маблағлари талаб қилинган бўлса, Адлия вазирлигининг “1-008” рақамли ишонч телефонига ёки бевосита мурожаат қилишингиз мумкин.
Саволларга Нарпай тумани ДНИ нотариуси Дилшод ЭШНИЁЗОВ,
Чилонзор тумани 3-сон ДНИ нотариуси Ғолибжон ХОЛБОЕВ,
7-сон Дни нотариуси Шаҳноза ҚАЮМОВА ва Яшнобод тумани 4-сон Дни нотариуси Лола БЎРИБЕКОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод — 34-умумтаълим мактаби директори Насибахон Мавлоновага сайловчилар катта ишонч бил...
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...
01 янв 1970
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида Тошкент вилояти ҳудудида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилди....