Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, шартноманинг қандай шартлари истеъмолчи ҳуқуқини чеклаб қўювчи ҳисобланади?
Б.Тунгатов,
Тошкент вилояти

— Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Агар уларни қўллаш натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
 
— Қонун ҳужжатларига мувофиқ, истеъмолчилар қандай ҳуқуқларга эга?
С.Мамиров,
Тошкент шаҳри

— Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
• товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;
• товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;
• товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;
• ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;
• бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;
• истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.
 
— Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби қандай амалга оширилади?
Н.Мирзаева,
Чилонзор тумани

— Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Чўл ва олис жойларда, товарлар вақти-вақти билан олиб бориладиган жойларда истеъмолчининг бундай талаби ушбу жойларга навбатдаги товар етказиб бериш учун кетадиган муддат ичида, лекин икки ойдан кечиктирмай қондирилиши лозим.
Саволларга Ўзбекистон Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бўлим бошлиғи Хуршид НАРМАТОВ жавоб берди.
 
— Қайси ҳолларда нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши мумкин? Шу хусусда маълумот берсангиз.
Н.Самариддинов,
Самарқанд шаҳри

— Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонуни ҳамда нотариатга оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар тўпламида назарда тутилган. Унга мувофиқ нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:
- бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;
- бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;
- муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
- юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;
- битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;
- нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар талабларга мувофиқ бўлмаса.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради. Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш ҳуқуқини тушунтириб бериши лозим.
Умуман олганда, нотариал ҳаракатларни амалга оширишни рад этиш ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишни бартараф қилишга ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга олиб келади.
Саволга Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 11-сонли ДНИ нотариуси Улуғбек УБАЙДУЛЛАЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиянинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари ташкилотчилигида мазкур лойиҳа доирасида 76 марта тарғибот тадбирл...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига
01 янв 1970
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда рўй бераётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида ушбу савол ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенг...