Ўзбекистон – МДҲ: Ҳамкорликнинг янги суръати

/
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош мақсади эканлиги қайд этилган ва бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилган. Айниқса, халқаро ташкилотлар, халқаро минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан, хусусан, минтақамиздаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган асосий вазифалар сирасига киради.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳисобланади.
Ушбу тузилманинг 10-11 октябрь кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммити қатор воқеаларга бой бўлди. Унда иштирок этиб, нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон МДҲ фаолиятидаги иштирокига сифат жиҳатидан янги суръат бағишлашни мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз ўз нутқида “МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш “майдони” эмас. Бу тузилма биз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институтидир, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса бизнинг доимий шерикларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиздир”, деб алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан алоқалари тобора кенгайиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, йил бошидан буён мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсган бўлиб, шу рақамнинг ўзиёқ биз учун МДҲ бозорлари улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.
Мамлакатимиз раҳбари таъкидлагани каби “Биз бир қатор устувор йўналишлар бўйича, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдормиз. МДҲнинг биз аввал иштирок этмаган тармоқ органлари фаолиятида иштирок этишга тайёрмиз”.
Ўзбекистон раҳбари ушбу интеграцион тузилмада Ўзбекистоннинг иштирокини янада фаоллаштиришни таклиф этгани бежиз эмас. Зеро, савдо-сотиқ, транспорт, туризм ва бошқа бир қатор соҳаларда, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича МДҲга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари саммит иштирокчиларига бу борадаги илк қадам сифатида жорий йилнинг 3 ноябрь куни Тошкентда МДҲ Ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ўтказилишини маълум қилди. Шу билан бирга, МДҲ давлат раҳбарлари қўллаб-қувватлаган тақдирда, 2020 йилда Ҳамдўстликка раисликни қабул қилиш ва навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саммит иштирокчиларининг эътиборини Афғонистондаги мураккаб вазиятга ҳам қаратиб, Ўзбекистон Россия, Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲнинг бошқа давлатлари билан ҳамкорликда Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Президентимиз саммит иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилган Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнотни алоҳида қайд этиб, ушбу муҳим соҳада тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусида халқаро конференция ўтказишни таклиф этди.
Саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳамда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан алоҳида учрашувлари бўлиб ўтди.
Ш.Мирзиёев ва В.Путин ўртасидаги учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Маълумки, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Россия ўртасида экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш йўлида қатор имкониятлар мавжуд.
Беларусь Республикаси Президенти А.Лукашенко билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Айниқса, қўшма корхоналар ташкил этиш, савдо уйларини кенгайтириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича улкан салоҳият мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш масалаларини кенг форматда батафсил муҳокама қилиш учун давлатимиз раҳбари Белорусь Президентини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.
Хулоса сифатида Президентимизнинг Сочи шаҳрига ташрифи ва МДҲ давлат раҳбарларининг саммитида иштироки самарали якунланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Сочида мамлакатимиз раҳбари МДҲ фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, тузилма доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўзининг бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларини илгари сурди. Саммит доирасида эришилган аҳдлашувлар, шубҳасиз, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишига ва халқимиз фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, олға юришга ун...
01 янв 1970
Яқинда Тошкентнинг Амир Темир хиёбонига туташ Сайилгоҳ кўчасида ўтказилган “Китоб байрами”га бориб, бир ажойиб инсон билан танишиб қолд...
01 янв 1970
ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Асли Хоразм вилоятиданман. Меҳнат фаолиятим тақозоси билан вақтинча Андижон вилоятида яшаб, ишлаб келаяпман....