Қарзи йўқни қарздор этар, ҳам ўзига арздор этар

/
Самарқанд шаҳрининг “Гўрўғли” кўчаси, 90-уйида яшовчи Вали Зиёев ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. Маълум бўлишича, “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали ходимлари газ тўловидан қарздор қўшниси газ таъминоти қувурини кесганда, унинг қувури ҳам ўша жойдан газ олишини билишмаган.
Табиатан босиқ В.Зиёев унитар корхона филиали ходимларидан бу хатони тузатишларини оғзаки илтимос қилади. Масалани тезда ҳал қилишга ваъда берилди-ю, орадан бир ҳафта ўтади ҳамки, мижоз хонадони тармоққа уланмади. Фуқаро жорий йилнинг 27 июнь куни филиал бошлиғи номига ариза ёзган бўлишига қарамай, на аризага жавоб берилди, на газ қувури уланди. Фуқаро В.Зиёев эса жавоб кута-кута бир ойни ўтказиб, 13 июль куни иккинчи аризани ёзган бўлишига қарамай, бирор-бир натижага эришолмади, хонадон аҳли эса газсиз ўтириб, кунлари ўтмоқда. Яхшиям ёз кунлари, йўқса аҳволлари нима кечар эди, қишлоқ жойда бўлса ҳам майли эди-я, ўтин ёқиб кун ўтказишар эди.
Иккинчи аризадан ҳам натижа чиқмагач, 27 июль куни В.Зиёевнинг ўзи унитар корхона филиалига борди ва билинг маркази(ҳисоб-китоблар қилинадиган жой)га мурожаат қилиб, аҳволни тушунтирди. Аммо марказ ходими газ қувурини улаб бериш ҳақида лом-мим демасдан, фуқаро В.Зиёев қўлига қоғоз тутқазди. Унда табиий газ истеъмолидан унинг 1 641 699 (бир миллион олти юз қирқ бир минг олти юз тўқсон тўққиз) сўм қарзи борлиги ёзилган экан.
Бир муаммонинг ечимини топмасдан иккинчи ғалвани ҳам бошига орттириб олган В.Зиёев газ тўлови билан алоқадор ҳамма ҳужжатларни олиб яна унитар корхонага борди. Бу ерда унинг арзини эшитишади-ю, қарзи йўқлигини ҳеч ким тан олмади. Фуқаро чиқмаган жондан умид дея 28 июль куни учинчи аризани ҳам ёзади ва хатида қарзи йўқлигини маълум қилиб, газ қувурини тармоққа улаб беришларини сўрайди. Аммо яна ўша ҳолат: на газ улаб берилди, на нореал қарздорликка аниқлик киритилди.
Сабрнинг ҳам чегараси бор деганларидек, тоқати-тоқ бўлган В.Зиёев 10 август куни Самарқанд вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида жамият томонидан унитар корхона филиали бошлиғи номига хат жўнатилди.
Шундан сўнг унитар корхона мутасадди ходимлари ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаро В.Зиёев хонадонида хатлов ўтказиб, унинг газдан қарздорлиги йўқлиги, аксинча 689 куб метр табиий газ учун олдиндан тўлов мавжуд эканлиги тўғрисида далолатнома тузишди, ниҳоят 24 август куни хонадонга табиий газ тармоғи уланди.
Икки ой-ю тўрт кун табиий газсиз ўтириб ва ниҳоят, хонадонига газ уланган В.Зиёевнинг қувончи чексиз. Фуқарога унитар корхона ходимлари устидан судга мурожаат қилиб, икки ойдан ортиқ муддат ичида етказилган моддий ва маънавий зиённи ундириб беришларини талаб қилиши мумкинлиги тушунтирилганда, фуқаро:
– Шаҳаргаз филиали бошлиғи Баҳриев жуда яхши одам деб эшитдим. У корхонани тартибга солиш учун ҳаракат қилаётган экан. Энди уни судга бериб, ишига тўғаноқ бўлмай, майли, мен уларни кечирдим, тағин менинг фамилиям бирор жойда кўрсатилмасин, – деб илтимос қилди.
Шу боисдан ҳам унинг исми ва фамилияси ўзгартириб кўрсатилмоқда. Юқорида келтирилган манзил, рақамлар ва кунлар ҳужжат асосида берилмоқда. Шундай кечиримли инсон устидан кулиш, унинг ноҳақ азият чекишига йўл қўйиш гуноҳи азим эмасми?
Яна бир ҳолат, Самарқанд шаҳридаги Азимбеков кўчаси, 72-уйда яшовчи фуқаро Сафия Қурбанова ҳам “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали томонидан 4 047 538 (тўрт миллион қирқ етти минг беш юз ўттиз саккиз) сўм нореал қарздорлик қўйилганлигидан норози бўлиб, Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутат И.Ҳасановага мурожаат қилди. Шундан сўнг фуқаро хонадонида ўрганиш ишлари олиб борилди, маълум бўлишича, хонадон 2017 йил 1 апрелгача 11 523 (ўн бир минг беш юз йигирма уч) метр куб табиий газ ишлатган ва 15 085 (ўн беш минг саксон беш) метр куб газ учун пул тўлаган, яъни 3 562 метр кубга ортиқча тўлов тўланган.
Хўш, “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали эса Сафия Қурбанова 4 047 538 (тўрт миллион қирқ етти минг беш юз ўттиз саккиз) сўм қарздор деб даъво қилганда бу маълумотни қаердан олган экан? Корхона вакили бу қарзнинг қандай пайдо бўлганлиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади.
Эътиборимизни тортган яна бир ҳолат, фуқаро аризаси ўрганилган кун – 2017 йил 20 апрелда “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали хатлов комиссияси аъзоси Н.Одилов, корхона вакили М.Ходжаев хонадонда хатлов ўтказиб, фуқаро С.Қурбанованинг қарзи 1 701 043 (бир миллион етти юз бир минг қирқ уч) сўм эканлиги тўғрисида далолатнома тузишди. Илгариги даъвоси бўйича 4 047 538 (тўрт миллион қирқ етти минг беш юз ўттиз саккиз) сўмдан бирданига 2 346 495 (икки миллион уч юз қирқ олти минг тўрт юз тўқсон беш) сўм олиб ташланди. Қолган нореал қарздорлик қандай пайдо бўлганлиги тўғрисидаги саволга газ таъминоти идораси ходимлари хонадонда битта газ нуқтаси ортиқ эканлигини сабаб қилиб кўрсатишди.
Ваҳоланки, хонадонда тўртта газ нуқтаси – тўрт комфоркали битта, икки комфоркали битта газ плитаси, иккита печка бўлиб, буларнинг барчаси газ ҳисоблагичга уланган.
“Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиали биллинггаз базасида эса хонадонда 2016 йил декабригача учта газ нуқтаси ҳисобга олинган. Корхона вакиллари тўртинчи нуқта 2016 йил декабрда уланган, деб даъво қилишди. Лекин 2016 йил 16 майда корхона вакиллари – А.Чориев, У.Абдувалиев ва М.Ходжаев томонидан тузилган хатлов далолатномасида мазкур хонадонда тўртта газ нуқтаси борлиги қайд этилган.
Тўртинчи нуқта қачон ўрнатилганлигидан қатъи назар, унинг газ ҳосиблагичга уланганлиги, газ ҳақи мунтазам тўлаб келинганлиги бу даъвонинг ноқонунийлигини исботлайди. Корхона вакиллари эса хонадонга ўрнатилган G-6 РЛ русумли мазкур газ ҳисоблагичга газ ускуналаридан бештасини ҳам улаш мумкинлигини таъкидлашди. Шаҳар газ таъминоти корхонаси шу даъвоси асосида хонадонга 1 701 043 (бир миллион етти юз бир минг қирқ уч) сўм нореал қарздорлик қўйгани тўғримикан?
Фуқаро Сафия Қурбанова табиий газдан қарздорлиги йўқлигини исботлаш мақсадида “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиалига 2017 йилнинг 2 январидан 18 июлига қадар қатнаб, тинка-мадори қуриган бўлса-да, корхона мутахассислари ва раҳбариятига ҳақлигини исботлаган важлари инобатга олинмади.
Фуқаро мурожаатидан сўнг Самарқанд шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиалидан ҳеч қандай қарзи йўқлигини ҳамда газ таъминоти идораси ходимлари деярли етти ой давомида унга етказган моддий ва маънавий зарарни қоплаб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси берди.
Унда фуқаро Сафия Қурбанова хонадонида 2017 йил 1 апрелгача 11 523 (ўн бир минг беш юз йигирма уч) куб метр табиий газ ишлатилгани ва 15 085 (ўн беш минг саксон беш) метр куб газ учун ҳақ тўлаганлигини тақдим этилаётган ҳужжатлар асосида текшириб, аниқлик киритиш; Сафия Қурбанова “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиалидан дастлаб 4 047 538 (тўрт миллион қирқ етти минг беш юз ўттиз саккиз) сўм қарздор дея даъво қилиниб, 2017 йил 20 апрелда тузилган далолатномада шу қарзнинг 2 346 495 (икки миллион уч юз қирқ олти минг тўрт юз тўқсон беш) сўмидан ҳеч қандай асоссиз кечилгани сабабини газ таъминоти корхонаси вакили исботлаб беришини сўраш; хонадондаги газ ускуналари газ ҳисоблагичга қоида асосида уланган, ҳисоблагич вақтида қиёсловдан ўтказилган ва табиий газ истеъмоли учун ҳақ ортиғи билан тўланган бўлишига қарамай, шаҳар филиали ноқонуний талаблар билан С.Қурбановага даъво қилаётганлигига аниқлик киритиш; фуқаро С.Қурбанованинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилиб, қўйилган нореал қарздорликни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқариш; “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиали ходимлари С.Қурбановага нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлар қилгани учун фуқаро фойдасига 500 000 (беш юз минг) сўм моддий ва маънавий зарарни ундириб бериш сўралди.
Суд С.Қурбанованинг ҳақлигини аниқлаб, одил қарор чиқарди. Аммо моддий ва маънавий зиённи қоплаш масаласида суд айбдорнинг ишдан бўшаганлигини сабаб қилиб кўрсатди, шу баҳона бўлди-ю, даъво қаноатлантирилмасдан қолди.
Биргина С.Қурбанова ёки В.Зиёевлар қаторида, Самарқанд шаҳрининг Абу Бакр Розий кўчаси, 8-уй, 74-хонадонда яшовчи Динара ўафуровага ҳам “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали томонидан 1 718 599 (бир миллион етти юз ўн саккиз минг беш юз тўқсон тўққиз) сўм, шаҳарнинг Ёрмуҳамедов кўчаси, 1-уйда яшовчи П.Узоқовга 3 000 000 (уч миллион) сўм, Махдуми Аъзам кўчаси, 2-йўлак, 11-а уйда яшовчи В.Нафиевага 6 044 644 (олти миллион қирқ тўрт минг олти юз қирқ тўрт) сўм нореал қарздорликлар ҳисобланган бўлиб, уларда ҳам Сафия Қурбанова хонадонида юз берган қонунбузарликлар такрорланган. Самарқанд вилоят, шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси ва халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамкорликда мазкур фуқароларнинг аризалари асосида ўрганиш ишлари олиб бориб, фуқароларнинг бузилган қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклашди. Бошқача айтганда, юқорида номлари келтирилган фуқаролар фойдасига ўн миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорлик бекор қилинди.
Бу далиллар фақат табиий газ билан боғлиқ муаммолар ёки ноҳақликлар, холос. Электр, иссиқлик энергияси, ичимлик суви таъминоти, савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича юқоридаги ҳолатлар каби фуқароларни ўйлантираётган, қийнаётган масалалар бўйича тушган 30 га яқин ариза фуқаролар фойдасига ижобий ечим топди ва 19 492 000 (ўн тўққиз миллион тўрт юз тўқсон икки минг) сўмлик нореал қарздорликлар бекор қилинди.
Кишини масаланинг яна бир жиҳати ажаблантиради. Фуқаролар мурожаати ечимини топди, бироқ “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси Самарқанд шаҳар филиалининг фуқароларни ойлаб сарсон қилаётган, уларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ходимларига нисбатан корхона раҳбари томонидан қандай чоралар қўлланилаётганлиги номаълумлигича қолмоқда. Ушбу ишларнинг биттаси бўйича олиб борилган суднинг қарори ҳақида эса юқорида маълум қилдик.
Бундай қонунбузарликлар ва айбдорларга нисбатан жиддий чоралар қўлламаслик ҳолатлари нафақат “Марказгазтаъминот” унитар корхонаси тизимида, балки барча коммунал, савдо ва бошқа хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятида ҳам содир бўлмоқда. Бундай иллатларнинг олдини олиш биз, депутатларнинг биринчи галдаги вазифамиздир.
Инобат ҲАСАНОВА,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ечимини топиш, уларни бартараф этишда давл...
01 янв 1970
— Гаров тушунчаси, гаров тўғрисидаги шартноманинг шакли ва уни рўйхатдан ўтказиш ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларга таълим кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар мавжудми?...
01 янв 1970
Қонуний никоҳда бўлмаган шахсларнинг фарзандлари дунёга келганда оталик қандай тартибда белгиланади?...