Йўллар таъмирланадиган бўлди

/
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёс. Зеро, оммавий ахборот воситалари орқали соҳа вакиллари ҳамда фуқаролар мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида хабардор бўлишидан ташқари уларнинг ижроси қай даражада таъминланаётгани юзасидан ўз фикр ва муносабатларини баён этиши мумкин. Хусусан, биз ҳам ўз навбатида, газетамизда жойларда юзага келаётган ҳолат ва масалалар юзасидан холис ва ишончли маълумотларни ёритишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Жумладан, газетамизнинг 2017 йил 16 июндаги 24-сонида Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтувчи магистраль йўлларнинг айрим қисмлари таъмирлашга муҳтожлиги баён этилган “Таъмирланган” таъмирталаб йўллар” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Ушбу мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бошқармаси муносабати акс эттирилган жавоб хатини ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этган эдик. Шу билан бирга, мақола юзасидан расмий жавоб беришни сўраб, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилган эдик.
Қуйида Сирдарё вилоят ҳокимлигининг масъуллари билдирган фикр ва муносабати акс эттирилган жавоб хатини илова қиламиз:
“Сизнинг газетанинг 2017 йил 16 июнь кунги 24-сонида “Таъмирланган” таъмирталаб йўллар” сарлавҳаси остидаги мақола юзасидан тегишли ташкилотлар ва мутахассислар билан биргаликда жойига чиқиб белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Сирдарё вилояти худудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-34 “Тошкент—Душанбе” автомобиль йўлининг 120-130 километр қисмида маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари якунига етказилмай қолган.
Мазкур автомобиль йўлига хизмат кўрсатувчи Ховос туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан жорий йилнинг март—апрель ойларида ушбу йўлнинг Янгиер—Ховос шаҳарчаси оралиғидаги 140-153 километрларида, яъни 13 километр масофада қатнов қисмининг таъмирланмаган ҳаракат тасмаларига асфальтбетон қоришмаси ётқизилиб, 4,5 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган. Бунинг натижасида йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.
Таҳририят томонидан кўтарилган Гулистон ва Янгиер шаҳарлари оралиғидаги 130-137 километрларининг ҳар икки йўналишида жами 7 километр масофада иккинчи ҳаракат тасмасига жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун пул маблағларининг етишмаслиги оқибатида асфальтбетон қопламаси ётқизишнинг имкони бўлмаган.
Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари режасида жорий йил якунига қадар М-34 “Тошкент—Душанбе” автомобиль йўлининг Гулистон шаҳридан Жиззах вилояти чегарасигача бўлган қисмининг икки ён тарафида ободонлаштириш, манзарали дарахт кўчатлари экиш, зарур жойларда тунги ёритиш ускуналарини ўрнатиш ишларини амалга ошириш бўйича топшириқ берилган.
Бундан ташқари, халқаро аҳамиятдаги М-34 “Тошкент—Душанбе” автомобиль йўлини М-39 “Алмати—Бишкек—Тошкент—Термиз” йўли билан кесишган қисмидан Жиззах вилояти Даштобод посёлкасигача бўлган қисмида йўл ёқасини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз вақтида намунали ташкил этиш учун Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий таъмирлаш учун қўшимча 10.0 миллиард сўм ажратилади.
Берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Йўллойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан йўлнинг ушбу қисмларини таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида молиялаштирилиш ишлари бошлангандан сўнг газета таҳририяти томонидан кўтарилган Гулистон ва Янгиер шаҳарлари оралиғидаги 130-137 километрлардаги носозликлар бартараф этилиб, йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланишини маълум қиламиз.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари в.б
А.ХОЖИМАТОВ”. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Йўл-йўлакай дўконга бирров кирдингиз. Пулингиз камроқ, лекин рўзғорга қуруқ чой керак. ...
01 янв 1970
Куни кеча Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитасининг V ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил Д...
01 янв 1970
Табиатнинг яшил манзараларидан завқ олмаган, вужудида тетиклик ҳис этмаган инсоннинг ўзи йўқ....