Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов бўлади

/
Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.
 Шу куннинг ўзида Марказий сайлов комиссияси мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилди. Брифингни Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов олиб борди.

— Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси, яъни 2017 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтади, — деди Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов. — Комиссия мажлисида қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига cайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Сайловга номзодлар тўртта сиёсий партия ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Амалдаги қонунчилик талабига кўра, сайловларимизда ижро ҳокимияти органлари вакиллари ўз номзодларини қўйиши тақиқланган эди. Бундан буён ижро органларида фаолият олиб бораётган фуқароларимиз ҳам номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Фақат ушбу соҳа вакиллари номзодларини кўрсатаётганда ишдан бўшаш ҳақидаги аризаларини қўшиб топширишлари шарт.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва номзодларни рўйхатга олиш кампанияси шу йилнинг 23 сентябрдан бошланиши эълон қилинди. Номзодларни рўйхатга олиш 12 ноябрда тўхтатилади.
Мамлакатимизда демократик талабларга мос ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган миллий сайлов тизими яратилган. Бу, ўз навбатида, халқимизнинг хоҳиш-иродасини намоён этишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш таклифи ҳам ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тўғри қарорлар қабул қилиш ва уларнинг ижросини назорат этиш муҳим ўрин тутади. Кенгашлар сессиясида туманларда жойлашган маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотлари тингланади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга имкон яратади.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг таъкидлашича, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар жойларда ташкил этиладиган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчиликка, демократик принциплар ва халқаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олиб борилади. Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширади. Ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ва манфаатдор шахсларнинг улар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди. Сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.
Шунингдек, брифингда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов жараёнининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Сайлов ва унга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши сайлов жараёнининг ошкоралигини таъминлайди. Бу эса фуқароларнинг сайловда ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишига хизмат қилади. Округ ва участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш, депутатликка номзодлар кўрсатиш тартиби, сайловолди ташвиқоти, манфаатдор ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш каби масалалар бўйича ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини таъминлашдаги фарқлар ҳисобига қишлоқ аҳолисининг шаҳарга кўчишини бошқариш жаҳон амалиётида доимо кат...
01 янв 1970
2018 йил 1 июнь куни Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг беғараз донорлик акцияси ўтказилиб, унда республикамиз бўйича 466 нафар хайрихоҳ иштир...
01 янв 1970
Инсон бахти учун зарур моддий ва маънавий неъматларга, аввало, тинчлик орқали эришилади. ...
01 янв 1970
Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган вазифаларни самарали бажариш, энг аввало, инсон омилига боғлиқ....