Замон жадал ўзгармоқда. Биз-чи?

/
Тошкент вилояти нафақат гўзал табиати ва унумдор ерлари, балки юксак иқтисодий салоҳияти, табиий ва инсоний ресурслари, ривожланган транспорт коммуникациялари билан мамлакатимиз тараққиётида ўзига хос ўрин тутади. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, айниқса, саноат ва қурилиш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, мева-сабзавотчилик ва наслчиликни халқаро андозаларга мос равишда ривожлантириш каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратди.
Вилоят ҳокимлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган фаоллар йиғилишида қайд этилган ана шу истиқболли режалар вилоятнинг эртанги тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб бериши шак-шубҳасиз.
Айниқса, “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳудудида Хитойнинг “Поли техноложиз” компанияси билан ҳамкорликда конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва 21 турдаги автомобил шиналари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада шу йилнинг 1 сентябридан шиналар ишлаб чиқарила бошланиши, бўш турган бино ва ишлаб чиқариш майдонлари негизида 18 та кичик саноат зоналари барпо этилиб, минглаб иш ўринлари яратилиши, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 5 ва 7 қаватли замонавий турар жойлар бунёд этилиши, Тўйтепа шаҳри вилоятнинг маркази сифатида қайта қурилиши вилоят аҳли турмуш фаровонлигини оширишда беқиёс омилдир.
Айни пайтда ўз сайловчиларимиз билан бўлаётган учрашувларда давлат раҳбарининг вилоятни янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган маърузаси катта ҳаяжон билан ўрганилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, халқнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, уларнинг ҳаётдан рози яшашларини таъминлаш энг улуғ ва савобли ишдир. Бу борада биз, фаоллар ва депутатлар ўз фаолиятимизни танқидий-таҳлилий жиҳатдан қайта кўриб чиқишимиз, жамоатчилик ва депутатлик назоратини тўғри ташкил этиш ҳамда юрт фаровонлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни амалга оширишда халқимиз ва давлатимизнинг муносиб суянчиғи бўлишимиз лозим.
Йиғилишда вилоят аҳлини ўйлантириб келаётган бирор-бир муаммо эътибордан четда қолмади. Маҳаллаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш, сув омборларини қуриш, ташаббускор тадбиркорлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларнинг давлат томонидан алоҳида эътиборга олиниши ва молиялаштирилиши вилоятнинг эртанги қиёфасини ҳам, иқтисодий салоҳиятини ҳам тубдан ўзгартириб юбориши барчамизни янги мақсадлар сари руҳлантирди. Паркент туманида ёзувчи ва шоирлар учун 50 та уй қурилиши ҳақидаги ташаббус ҳам ижодкорлар учун энг ҳаяжонли хушхабарлардан бири бўлди десам, муболаға бўлмайди.
Умуман олганда, нафақат биз, депутатлар, вилоятдаги ҳар бир фуқаро Президентимиз маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ва режалар оғушида яшамоқдамиз. Замон шиддат билан ўзгариб бораётган, кўплаб мамлакатларда нотинчлик ва урушлар одамларнинг тинкасини қуритаётган бир пайтда давлатимиз раҳбарининг жаннатмонанд юртимизни тинч ва осойишта, одамлари бахтиёр, дастурхони тўкин, дунёга эзгулик эшигини очгувчи мамлакат сифатида дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгаллаши учун ҳамма чораларни кўраётгани барчамизга ибрат бўлмоғи лозим. Мана шундай шароитлар яратилаётган бир пайтда “давлат ҳаммасини яратиб беради” деган кайфият билан яшаш, лоқайдлик ва четда туриш асло ярамайди. Биз аҳоли ўртасида ташкил этиладиган мулоқотлар, қонун ва қарорлар тарғиботи, Президентимиз ташаббускорлигида бошланган хайрли ишларга фидойилик билан ёндашувимиз орқали нафақат “Адолат” социал-демократик партиясининг, балки жамиятимизнинг эртанги истиқболи учун ҳам муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Зарифа ЭРАЛИЕВА,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди....
01 янв 1970
Бироқ мазкур соҳада аниқ ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб қиладиган бир қанча тизимли масалалар бор....
01 янв 1970
Жамият тараққиётида авлодлар алмашинуви, ворисийлик барча замонларда ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этган....
01 янв 1970
2018 йил 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...