Умр боғидаги ниҳолни асранг

/
Бугунги шиддатли глобаллашув даврида ғоялар, ахборотлар кураши инсоният тақдирига дахлдор курашлар сифатида намоён бўлмоқда. Ахборот алмашиш ва етказиш йўллари бугун шу даражада кўпайганки, улар инсоният ҳаётини яхшилашга хизмат қилиш билан бирга глобал муаммолар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, интернет тармоғи катта имконият ва қулайликлар яратиши баробарида халқаро террорчилар, диний-экстремистик кучларнинг ёвуз мақсадлари йўлида фаол фойдаланилаётган қуролга ҳам айланиб қолмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Нарпай туман кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан “Янгиобод” маҳалласида ташкил этилган давра суҳбатида туман прокурори катта ёрдамчиси И.Тўраев, туман ИИБ ходими А.Рўзимуродов, “Янгиобод” МФЙ имом-хатиби А.Мирзаёров “Ёшлар дунёқарашини шакллантиришга доир масалалар” мавзусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.
Тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир соҳада эришилаётган ютуқларимиз замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик мужассам. Дунёнинг айрим ўлкаларида қонли низолар, чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувлар юз бераётган, ақидапараст оқимлар, айниқса, меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олишга уринаётган, диний экстремистик мазмундаги материалларни, хусусан, интернет орқали тарғибот қилаётган бир вақтда биз ёшларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигига алоҳида эътибор қаратишимиз, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини оширишимиз, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишга ундашимиз, тинчликни асрашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳим саналади.
— Томорқасидаги экинини бирор жонивор пайҳон қилаётганини кўрганда ҳеч ким “ўзи кетади-да”, деб бепарволик қилмайди, — дейди имом-хатиб А.Мирзаёров.
— Фарзандлар умр боғларимиздаги ниҳолларга ўхшайди, уларнинг бирортасини ҳам қаровсиз, эътиборсиз қолдириб бўлмайди. “Бола ота-она қўлида бир омонатдир”, деб бежиз айтишмайди. Омонатга хиёнат қилиш эса гуноҳ саналади. Ўғил-қизларнинг онг-шуурини нишонга олишга уринаётган қабиҳ ниятли кимсалардан ҳимоялаш зарурати ортмоқда. Бунда ота-она, маҳалла-кўй, ўқув масканлари бир-бирига кўмакдош бўлишлари зарур. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фарзанд тарбиясида, фақат ота-она, мактаб масъул деб, боқимандалик кайфиятига берилмасдан, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ҳаракат қилсак, бундай салбий иллатлар домига ҳеч бир фарзандимиз, маҳалладошимиз тушиб қолмайди.
Иштирокчилар бугунги кунда, аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ҳар биримиз масъулмиз, дея таъкидлашди.
Суҳбат давомида тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида яратилган шароитлар ва берилаётган имкониятлар ҳақида маҳалла ёшларига батафсил тушунчалар берилди.
Соли ЗОИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Нарпай туман кенгаши раиси вазифасини бажарувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ойлигимни контрактга ўтказиб берсам бўладими, шунда ойлигимнинг ҳаммаси солиқларсиз тўлиқ ўтадими? ...
01 янв 1970
Касби туман тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши ва “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида “Эл соғлиғи &mda...
01 янв 1970
8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
01 янв 1970
Тошкентда 22-23 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Банклараро бирлашмаси кенгашининг Ўзбекистон раислигида навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтд...