Сиёсий куч сифатида давр талабларига жавоб беришимиз зарур

/
12 июль куни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий вакиллик органлари вакиллари ҳамда сиёсий партиялар фаоллари билан бўлиб ўтган видеоселектор шаклидаги учрашув миллий парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берган тарихий воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур учрашувда халқ вакиллари билан очиқ мулоқотга киришиб, фаолиятимиздаги камчиликларни теран ва чуқур таҳлил қилиб, илгари сурган таклифлари мамлакатимиз сиёсий тизимида туб бурилиш ясаши, шубҳасиз.
Айниқса, сиёсий партиялар фаолияти ҳақида билдирилган танқидий фикрлар биз учун қанчалик аччиқ бўлмасин, барчаси ҳақиқат эканлигини англаб турибмиз.
Сайловларда халқимизга бир қатор ваъдалар бериб, зиммамизга ижтимоий соҳага доир устувор вазифаларни белгилаб олган бўлсак-да, уларнинг ижросини таъминлашда бизга ташаббускорлик етишмаётгани рост. Яъни олдимизга қўйган барча мақсадларимизни амалга оширишда самарали натижага эриша олмаяпмиз.
Жумладан, “Адолат” партияси ўз номи билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлаш каби эзгу мақсадлар билан сиёсий майдонга чиққан. Сайловолди дастуримизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида илгари сурган ғояларимиз жуда жозибадор. Аммо давлат раҳбарининг ўзи соҳага доир махсус қарор ва фармонларни чиқаргунига қадар биз бу борада бирор маротаба қонун ташаббуси билан чиқишга улгурмаганимиз энг катта камчиликларимиздан биридир.
Қолаверса, Сайловолди дастуримиздаги энг муҳим ижтимоий йўналишлар тиббиёт ва таълим тизимида йиғилиб қолган муаммолар бўлса-да, уларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича амалга оширган ишларимизни ҳам етарли, деб бўлмайди. Ваҳоланки, айнан ушбу икки соҳа вакиллари биз суянадиган таянч қатламлардан саналади. Демак, электоратимиз имкониятларидан фойдалана олмас эканмиз, олдимизга қўйган мақсадларимизни ҳаётга татбиқ этишда ҳам самарали натижага эриша олмаслигимиз яна бир карра аён бўлмоқда.
Президентимизнинг шахсан ўзи таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ислоҳ қилишга жон куйдириб, бу борада қисқа вақт ичида ўнлаб қарор ва фармонларни қабул қилди. Биз эса ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда Сайловолди ваъдаларимиз ҳам ўз аксини топганлигидан хурсанд бўлиб, уни қўллаб-қувватлашдан нарига ўта олмаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар суръатидан, шиддатидан орқада қолаётганимизни англаяпмиз. Бугунги тезкор замонда бирор масала ечимида эскича қарашлар, эскича иш услублари наф бермаслиги энди кундек равшан.
Йиғилишда ўринли қайд этилганидек, партиямизнинг халқ орасига тўлиқ кириб бормагани, аҳолимизни ишонтира олмаётгани, аввало, бу борада марказ ва қуйи бўғиндаги тизимли алоқаларни йўлга қўймаганимизда, деб биламиз. Ҳақиқатан ҳам халқ билан мулоқот кенг йўлга қўйилган ҳозирги шароитда электоратимизнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал этмасак, партиянинг иши кўринмайди, сайловчиларимиз ҳам биздан рози бўлмайди.
“Бир фикрни такрор ва такрор айтишни ўринли, деб биламан: олиб бораётган ислоҳoтлaримизнинг мувaффaқияти, aввaлaмбoр, сиёсий пaртиялaрнинг eтуклик дaрaжaсигa, улaрнинг жонажон Ватанимиз олдидаги мaсъулиятни ўз зиммaсигa oлишгa қaй дaрaжaдa тaйёр экaнигa бeвoситa бoғлиқдир”.
Шу билан бирга, учрашувда Президентимиз маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг масъулиятини ошириш, партия ташкилотларини малакали кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида бизни анчадан буён безовта қилаётган масалаларга алоҳида тўхталар экан, уларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни илгари суриб, бу борада қўллаб-қувватлагани бизни жуда қувонтирди.
Кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур учрашувдаги маърузани партиямизнинг марказдан тортиб, қуйи ташкилотларидаги барча раҳбар ва ходимлар ҳамда депутатлик гуруҳлари билан чуқур ўрганиб, тегишли хулосалар чиқараяпмиз.
Маърузада билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда сайловчиларимиз, тарафдорларимиз, умуман халқимиз “Хўш, “Адолат” партияси энди фаолиятида қандай ўзгариш қилади?”, деган саволга жавоб кутишга ҳақли.
Шу боис давлатимиз раҳбарининг дастуриламал маърузасидан келиб чиқиб, аниқ мақсадларни белгилаб олдик.
Биринчидан, партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга киришдик. Зеро, бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида энг долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида Конституция ва қонунларга ўзгартиришлар киритилаётган бир шароитда бизнинг дастурларимиз ҳам догма бўлиб қолмасдан, замон талабларига мослашувчан бўлмоғи зарур.
Ҳаракатлар стратегияси ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинган фармон ва қарорларда партиямиз дастурларига киритилган ва сайлов жараёнларида кўтарилган бир қатор долзарб муаммоларнинг ечими бўйича чоралар белгилаб берилди. Эндиликда халқ билан мулоқотлар давомида аниқланаётган ўткир муаммоларнинг ечимини топиш, электоратимизни ўйлантираётган янгидан-янги талаб ва эҳтиёжларни ифода этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ушбу масалага ҳозирда экспертларимиз, депутатларимиз ва фаолларимиз чуқур киришишган.
Иккинчидан, партия тизимида кадрларга қўйиладиган талабларни касб этикаси нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқмоқдамиз. Очиғи, ушбу масала биз учун энг долзарб масалалардан бири саналади. Айниқса, туман, шаҳар кенгашларига кадр танлашда қийинчиликларга дуч келар эдик. Ушбу бўғинда кадрлар қўнимсизлиги одатий тусга айланиб қолган эди.
Эндиликда кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли ўқувларни жорий этамиз. Бунда, айниқса, марказ билан биргаликда вилоятдаги олий ўқув юртлари базасида жойлардаги партия ташкилотлари ходимлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклиф биз учун айни муддао бўлди.
Бу борада Президентимизнинг сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлиши кераклиги тўғрисидаги таклифлари эндиликда партиямиз сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдиришда асосий омил ва рағбат бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.
Учинчидан, олдимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги, айниқса, туман Кенгашларидаги депутатларимизнинг масъулияти ва фаоллигини ошириш, уларнинг партия билан алоқаларини мустаҳкамлашдек муҳим вазифа турибди. Ушбу масалани ўз вақтида ҳал этмас эканмиз, жойларда электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда партия депутатлик гуруҳларининг таъсири сезилмай қолаверади. Бу борада Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ва туманлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан Кенгаш сессиялари муҳокамасига 2016 йил давомида биронта ҳам масала киритилмагани ҳақидаги асосли танқид бизга сабоқ бўлмоғи керак.
Ушбу йўналишда ҳам Президентимизнинг маҳаллий Кенгаш депутатларига қатор ваколатлар бериш, жумладан, бундан буён ҳудудлар бўйича қабул қилинадиган, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид ҳар қандай дастур лойиҳаси юзасидан партия гуруҳлари томонидан билдириладиган фикр ва таклифлар ҳисобга олиниши шарт эканини қонунчиликда аниқ белгилаб қўйиш зарурлиги борасидаги ташаббуслари, самарали ишлаётган, фаол, жонкуяр туман Кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатлари эса олий вакиллик органи аъзоси бўлишига эришишга доир амалиётни таклиф этганлиги бу борада туб бурилиш ясайди, деб ўйлаймиз.
Ўз навбатида, фаол ишламаётган ва ўз вазифасини талаб даражасида бажармаётган, партия билан алоқани узиб қўйган маҳаллий Кенгаш депутатларини тегишли сиёсий партия таклифи асосида депутатликдан чақириб олиш бўйича қонунчиликка ўзгартиш киритиш ҳақидаги таклиф тасодифан сайланиб қолган депутатлар фаолиятига барҳам бериши шубҳасиз.
Умуман, Сайловолди дастурининг ҳаётийлиги, кадрлар ва депутатлик корпуси сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни ва ролини белгилайдиган, унинг салоҳиятини намоён этадиган энг асосий омиллар саналади. Ушбу салоҳиятни кучайтириш ва ундан самарали фойдаланиш устида бош қотирмас эканмиз, электоратимиз ва сайловчилар ишончини қозона олмаймиз.
Шу билан бирга, олдимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг қонун ижодкорлиги, парламент ва депутатлик назорати фаолиятини янада кучайтириш, партия тизимида ёшлар қатлами билан ишлашда янгича ёндашувларни жорий этиш каби яна бир қатор долзарб масалалар турибдики, шу кунларда ишлаб чиқилаётган манзилли чора-тадбирларимизда буларнинг барчаси ўз ифодасини топади. Ушбу чора-тадбирларни такомилига етказиш учун электоратимиз ва жамоатчилик билан кенг муҳокамалар ўтказаяпмиз.
Мухтасар айтганда, жамиятимизда кечаётган демократик янгиланишлар ва халқимиз дунёқарашидаги ўзгаришларга мос равишда сиёсий партиялар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаш даври келди. Фаолиятимизни янги босқичга кўтаришда эса партиямизнинг ҳар бир депутати ва фаолидан дастурий вазифаларимиз ижроси ҳамда электоратимиз манфаатлари йўлида жонкуярлик, ташаббускорлик ва фидойилик талаб этилади.
Наримон УМАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатмиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи чоғида шаҳарнинг яна бир дарвозаси — замонавий темир йўл вокзалида бўлди....
01 янв 1970
Дарҳақиқат, Шомаҳмудовлар оиласи бизнинг тарихий тимсолларимиздан биридир.
01 янв 1970
Мамлакатимиз кейинги 25 йил ичида ўзига хос иқтисодий тараққиёт, ижтимоий юксалиш, маънавий тамаддун йўлини босиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига