Амалий ёрдам берилди

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов бошчилигида депутат ва фаолларнинг Қарши шаҳрида аҳоли билан учрашувлари ошкора мулоқот, очиқ ва самимий суҳбат тарзида ўтди.
Хусусан, “Кат” маҳалласи аҳли билан бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбирда партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ўтказилаётган электорат билан юзма-юз мулоқотлар натижасида кундалик турмушда учраётган бир қатор муаммолар ўз ечимини топаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
— “Адолатчилар”нинг эл-юрт фаровонлиги йўлида олиб бораётган эзгу ишларидан маҳалламиз аҳли мамнун, — деди фуқаро Қилич Каримов. — Мен вилоят партия кенгашига чорвачиликни ривожлантириш учун банкдан кредит олишга ёрдам беришларини илтимос қилиб, мурожаат этдим. Ушбу оғзаки мурожаатимни партия фаоллари инобатга олиб, ёрдам беришди. Фаолларнинг саъй-ҳаракати туфайли тез орада Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг вилоят бўлимидан 15 миллион сўм миқдорда чорва кредити олишга эришдим.
— Маҳаллалар жамиятда мавжуд муаммоларни ҳал этишда етакчи куч ҳисобланади, — деди “Кат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Соҳибов. — Шу боис “Адолат” партияси фаоллари ва депутатларининг аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, аниқланган камчиликларни бартараф этишда ёрдам бераётгани эътиборга молик.
Партия фаоллари шу маҳаллада жойлашган 39-умумтаълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари, ота-оналар билан ҳам дилдан суҳбатлашдилар. Мактаб жамоаси ва ота-оналар ушбу таълим масканида стадион йўқлиги ўқувчи-ёшларни спорт машғулотларига тўлиқ қамраб олишда муаммоларни юзага келтираётганини айтишди.
Маҳалла аҳли ва мактаб ўқитувчилари томонидан кўтарилган барча муаммоларга “Адолатчилар” адолатли ёндашиб, оқилона ечим топишга киришдилар.
Фаолларнинг “Маҳаллот” маҳалласи аҳли билан ўтказган учрашувида ҳам фуқаролар ўзларини қизиқтирган бир неча саволлар билан депутатларга мурожаат қилдилар.
— Кундалик турмушда нақд пулга эҳтиёж сезаётган эдик, — дейди шу маҳаллада умргузаронлик қилаётган Муҳиддин Шарипов. — Учрашувда депутатларнинг аралашуви туфайли пластик карточкамдан нақд пул олишда мулоқотда қатнашган Халқ банкининг шаҳар филиали бўлими вакили амалий ёрдам берадиган бўлди. Бундан хурсандман.
Шу куни партиядошларимизга “Шўртан” маҳалласидаги кўп қаватли 26-уйда истиқомат қилувчи Моҳира Аҳмедова аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда узилишлар бўлаётганини баён этди. Бу муаммо депутатлар аралашуви туфайли хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати мутасаддилари томонидан ўз жойида ҳал этилди.
Маҳаллалардаги мулоқотлар давомида муаммо ва камчиликлар юзасидан аҳолининг ўнлаб мурожаатлари тингланиб, уларнинг ечими бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ муддатли чора-тадбирлар белгиланди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чам...
01 янв 1970
Бугун биз янгиланаётган даврда яшаяпмиз. Халқимиз буни сезиб, ҳис қилиб турибди.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг «Женерал ...
01 янв 1970
Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ма...