Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Озиқ-овқат дўкони очиб, чакана савдо фаолияти фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Тушунтириш берсангиз, ушбу фаолият билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида шуғуллансам, солиқларни қай тартибда ва қанча тўлашим лозим?
Р.Аҳмедов, Тошкент вилояти
— Сиз чакана савдо фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига асосан якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳам амалга оширишингиз мумкин.
Бундай ҳолда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375-моддасига асосан, календарь ойида ишлаган кунларингиз сонидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқни ҳар ойнинг 25-кунидан кечиктирмай давлат рўйхатидан ўтган жойингиз учун белгиланган ставкалар бўйича тўлашингиз лозим.
Агар давлат рўйхатидан ўтказилган жойдан бошқа жойда фаолият юритсангиз ва ушбу ҳудудлар учун белгиланган солиқ ставкаларида тафовут бўлса, қатъий белгиланган солиқни энг юқори ставка бўйича тўлайсиз.
Шунингдек, кодекснинг ушбу моддасига мувофиқ, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик субъекти қатъий белгиланган солиқни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўлайди. Яъни давлат рўйхатидан ўтказилган ой учун қатъий белгиланган солиқ ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори 12-иловаси билан якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқнинг 2017 йил учун ставкалари тасдиқланган.
Унга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ҳар ойда Тошкент шаҳрида энг кам ойлик иш ҳақининг 9 баравари, Нукус шаҳри ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларида 6 баравари, бошқа аҳоли пунктларида эса 3 баравари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлашлари лозим.
Қайд этиш жоизки, қатъий белгиланган солиқ ставкалари йил бошида — 2017 йилнинг 1 январида белгиланган энг кам иш ҳақидан (149 775 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва энг кам иш ҳақи миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.
Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан, якка тартибдаги тадбиркорлар суғурта бадалларини календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлашлари белгиланган.
Саволга Давлат солиқ қўмитасининг давлат солиқ бош инспектори Нозим ҚОДИРОВ жавоб берди.
 
— Жисмоний шахслар қўшимча даромад солиғини 1 июндан кечиктирмай тўлаши кераклиги ҳақида эшитиб қолдим. Очиғини айтганда, туман солиқ инспекциясига бориб, тўлашга улгурмадим. Бу солиқ турини электрон тарзда тўлашим мумкинми?
Р.Ворисов, Самарқанд вилояти
— Агар фуқаролар айрим сабабларга кўра, бевосита солиқ инспекцияларига бориб декларацияни тақдим эта олмасалар, уни жойлардаги почта алоқа бўлимлари ёки электрон тарзда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг интернетдаги www.soliq.uz сайти орқали ҳам солиқ органларига юборишлари мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 193-моддасига асосан, жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикасининг резидентлари даромадлар тўғрисидаги декларациянинг маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари белгиланган.
Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлашлари белгиланган.
Амалдаги қонунчиликда солиқ декларациясини белгиланган муддатдан кечиктириб тақдим этган шахсларга нисбатан маьмурий, шунингдек, қўшимча ҳисобланган солиқни ўз вақтида тўламаган шахсларга нисбатан эса молиявий жарималар (пеня) қўллаш кўзда тутилган.
Шу сабабли, мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлашлари мақсадга мувофиқ.
Саволга Юнусобод туман ДСИ бошлиғи биринчи ўринбосари Х.АСАТУЛЛАЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд шаҳрининг “Гўрўғли” кўчаси, 90-уйида яшовчи Вали Зиёев ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. ...
01 янв 1970
Меҳнат дафтарчасини сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилишим лозим?
01 янв 1970
“Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти (собиқ химия заводи) Наманган шаҳридаги тўнғич саноат к...
01 янв 1970
Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, но...