Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Амаким махфий васиятнома расмийлаштирганлигини ва унда менга ҳам баъзи нарсаларни мерос қолдирганлигини, лекин буни ҳозирча ошкор қилмаслигини айтди. Айтинг-чи, мен фақат ўзимга тегишли мерос ҳақида маълумот олишим мумкинми?
Э.Шокиров, Тошкент вилояти
— Васиятнома ҳам бошқа нотариал ҳаракатлар сингари сир сақланиб, унинг ошкор этилиши тақиқланади. Кейинчалик васият қилувчи томонидан васиятномага ўзгартиришлар киритилиши ва бекор қилиниши ҳам мумкин. Лекин бу маълумотлар ҳам сир сақланиши лозим. Хизмат вазифасини бажариш муносабати билан васиятномадан хабардор бўлиб қолган шахслар ҳам ошкор қилишга ҳақли эмаслар.
Васият қилувчининг хоҳишига кўра, нотариус васиятномани унинг мазмуни билан танишмаган ҳолда тасдиқлаши мумкин. Бундай васиятнома махфий васиятнома дейилади. Махфий васиятнома васият қилувчи томонидан ўз қўли билан ёзилиб, уни шахсан имзолаши шарт. Бу васиятнома нотариус ҳамда 2 гувоҳ иштирокида конвертга солиб елимланади, конвертга гувоҳлар имзо қўйиб, ўз фамилияларини, исм-шарифларини ва доимий яшаш жойларини ёзиб қўядилар. Гувоҳлар томонидан имзоланган бу конверт гувоҳлар ва нотариус иштирокида бошқа конвертга солиниб, елимланади.
Васиятнома тасдиқланиш жараёнида васият қилинаётган мулкка нисбатан эгалик хуқуқи талаб қилинмайди. Юқоридаги ҳолатда васият қилувчи ўз иродаси билан васиятномаси ҳақида қариндошига маълум қилган бўлса ҳам, васиятноманинг махфийлиги йўқолган, деб ҳисобланмайди.
Саволга Зангиота тумани ДНИ нотариуси Дилфуза НОСИРОВА жавоб берди.
 
— Мен дипломимнинг иловасини тасдиқлатиш учун нотариусга мурожаат қилдим, аммо менга дипломга иловамни ўқиган институтимдан тиктириб, муҳр бостириб келишим айтилди. Нотариуснинг талаби тўғрими?
А.Эргашев, Тошкент вилояти
— «Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Йўриқномага асосан, ҳужжатнинг нусхасини шаҳодатлантиришда бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаса, нотариус мурожаат қилган шахсга ҳужжатдаги камчиликларни тузатиб келиш ёки такроран олишни тавсия қилади. Сизнинг ҳолатингизда ўзингиз тугатган олий ўқув юртига мурожаат қилиб, дипломингиз иловаси икки варақдан ортиқлиги сабабли ҳужжатни рақамлатиб, тиктириб, ваколатли шахс томонидан муҳр, имзо қўйдириб, ўзингизга қулай манзилдаги нотариал идорага мурожаат қилсангиз, дипломингиз иловаси нусхасининг аслига тўғрилиги шаҳодатлантириб берилади.
Саволга Юнусобод тумани 9-сонли ДНИ нотариуси Хабибулло АТАҚЎЗИЕВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да Ҳаракатлар страте...
01 янв 1970
МАДАНИЯТ ВА СПОРТ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайловида овоз беришнинг жорий якунларини эълон қи...
01 янв 1970
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.