Денгиз биздан узоқ эмас…

/
Улуғ донишманд, немис адиби Гётенинг “Табиат билан ҳазиллашиб бўлмайди, у ҳамиша ҳаққоний, ҳамиша қаттиққўл, ҳамиша жиддий, у доимо ҳақ, хато ва янглишларга эса одамларнинг ўзлари сабабчидир”, деган фикрлари асрлар оша инсониятни табиатга тўғри муносабатда бўлишга ундаб келади.
Қорақалпоғистондаги экологик вазият ҳақида сўз кетганда, албатта, Орол денгизи ва унинг қуриши билан боғлиқ масалалар ўртага ташланади.
Маълумки, собиқ тузум даврида экологик оқибатларни ўйламасдан, сувдан нооқилона фойдаланиш, сув танқис йилларнинг сурункали такрорланиши Орол денгизининг қуришига олиб келди.
Бир пайтлар Орол денгизи дунёдаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлиб, майдони 68 минг квадрат километрга, обиҳаёт ҳажми эса 1080 куб километрга тенг бўлганлигини яхши биламиз. Ўша вақтларда Оролбўйидаги ҳавзадан йилига 35 минг тоннагача балиқ овланиб, маҳаллий аҳолининг катта қисми балиқ овлаш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, етказиб бериш билан шуғулланган.
Денгиз суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайганлиги, шўрланганлик даражаси эса деярли 25 маротабага ортиб, дунё океанлари минераллашуви кўрсаткичига нисбатан 11 баробар кўпайганини бугун илм аҳли ўз кузатишларида исботламоқда.
Лекин бу, ушбу ҳудудда денгиз бутунлай йўқ бўлиб кетди, дегани эмас, албатта. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ҳудудда экологик муаммоларни юмшатиш борасида қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Бундай хайрли ишлар бугунги кунда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан давом эттирилиб, ҳудудда экологик қийинчиликлардан азият чекаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд сув ва ўсимлик, ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга қаратилган муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Охирги йилларда денгизнинг қуриган ҳудудида 350 минг гектарга иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинаётган бўлса, денгизнинг ҳозирги ҳолатини асраш, атрофда балиқчиликни ривожлантириш мақсадида кўллар ташкил этиш, қушларнинг қўним топишига эришиш йўлидаги изланишлар ўз самарасини бераётир.
Айниқса, бир пайтлар денгиз атрофида маълум фурсат тўхтаб, сўнгра учиб кетадиган фламинго қушларининг доимий тарзда қўним топиб, тухум қўйиб кўпайишаётгани одамларимизнинг кўнглини кўтариб, улар денгизнинг яна олдинги кўринишига қайтишига умид боғламоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Президентимиз томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида Мўйноқ туманида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар бугун барчанинг ҳавасини келтириб, маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар оқимининг кўпайишига имкон яратмоқда, Орол атрофига қурилган ўтовлар, балиқдан тайёрланган таомлар, сув ўрнида қолган шўр балчиқнинг шифобахш хусусияти барчани денгизга яқинлаштирмоқда.
Жорий йилнинг 10 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гуттеришнинг Мўйноқ туманига ташриф буюриши муҳим воқеа бўлди. БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш Орол денгизининг ҳозирги ҳолатини кўздан кечириб, денгиз ҳаёти билан боғлиқ рамзий “Кемалар қабристони”ни бориб кўрганлиги юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Юксак мартабали меҳмон, нуфузли халқаро ташкилот раҳбарининг “Орол денгизининг қуриши иқлим туфайли эмас, сув ресурсларининг инсон томонидан нотўғри бошқарилиши натижасида рўй берган” деган фикри, дунё аҳлини бу фожиадан тўғри хулоса чиқаришга ва унинг такрорланишига йўл қўймасликка чақирганлиги, жаҳон кенг жамоатчилигини табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларда эҳтиёткорликка ва огоҳликка чорлайди.
Шунингдек, БМТ Бош котибининг иқлим ўзгариши муносабати билан унинг салбий таъсирини камайтиришга оид қатъий чоралар кўрилмаса, бу фожиа бутун дунё миқёсида кўпайишини, бу «замонамизнинг энг катта экологик фожиаси» экани ва унинг «инсонлар сайёрани йўқ қилиб юбориши мумкинлиги»га яққол мисол бўла олишини таъкидлар экан, иқлим бўйича Париж келишувига бутун халқаро ҳамжамиятни жалб қилишга чақирганлиги алоҳида эътиборга моликдир.
Албатта, БМТ Бош котибининг Орол бўйи ҳудудига ташрифи чоғида билдирган фикрлари нафақат Орол денгизи атрофида, балки жаҳон миқёсидаги экологик муаммоларнинг олдини олиш ва юмшатишга ўз таъсирини кўрсатади, деб ишонамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун давлатимиз раҳбарининг эътибори, Ўзбекистон билан халқаро ҳамжамиятнинг дўстона муносабатлари ва асосийси, меҳнаткаш ва софдил халқимизнинг эзгу ният ва умидлари боис Орол атрофи кун сайин кўркамлашиб бормоқда.
Оролбўйида яшаётган юртдошларимизнинг тилида ҳам, дилида ҳам денгиз биздан узоқ эмас, денгиз бизни ташлаб кетмайди, оққан дарё оқмай қолмас, сингари эзгу ният ва тилаклар янграмоқда.
Ривож ОТАРБОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......
01 янв 1970
Никоҳдан ажрашмасдан туриб эр-хотин ўртасидаги мол-мулкни бўлиш мумкинми?
01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...
01 янв 1970
Сайлов арафасида “сайлов округи”, “сайлов участкалари” иборалари кўп қўлланилади. Айтинг-чи, уларнинг бир-биридан қандай фа...