Халқ таълими муассасаларида аниқланган муаммолар сессияда муҳокама этилди

/
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизимининг масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрни ҳамда таъсирини янада кучайтириш, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини янада самарали ташкил этиш масалалари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўрганиш, аҳоли билан очиқ мулоқотлар қилишнинг янги механизмлари қўлланилаётганлиги партия тузилмалари ва депутатларнинг фаолиятида ҳам амалий аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП нинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида партиянинг жойлардаги депутатлик корпуслари ҳамда фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан шаҳар ва туманларда мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, тоза ичимлик суви таъминоти бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Муҳими, ўрганишларда аниқланган муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари ва партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, шаҳар ДСЭНМ ҳамда тиббиёт бирлашмаси масъул ходимлари иштирокида шаҳардаги умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жорий йилнинг 30 май куни халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан сессияга киритилган “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлигини ўрганиш натижалари” масаласи кўриб чиқилди.
Сессияда мазкур масала юзасидан халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари, вилоят партия кенгаши раиси Рустам Ҳайитовнинг ахборот-маърузаси тингланди.
— Бугунги кунда Навоий шаҳрида 23754 нафар ўқувчи таълим олаётган 18 та умумтаълим мактаби ҳамда 9810 нафар бола тарбияланаётган 33 та мактабгача таълим муассасаларининг барчасида тиббиёт хоналари ташкил этилганлиги ижобий ҳол, албатта, — деди Рустам Ҳайитов. — Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу тиббиёт хоналарининг тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорига асосан тасдиқланган “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги низомда белгиланган талаблар даражасида эмас. Шаҳардаги 2, 3, 5, 7, 9, 11, 12, 15-умумтаълим мактаблари ҳамда 8, 11, 14, 21, 22, 29, 31, 33-сонли мактабгача таълим муассасаларида бундай хоналар тиббий асбоб-ускуналар билан етарли даражада таъминланмаганлиги аниқланди. Айниқса, яқиндагина намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган 14-умумтаълим мактабида тиббиёт хонаси номигагина ташкил этилиб, тиббий асбоб-ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан умуман таъминланмаганлиги ачинарли ҳолат. 22-сонли мактабгача таълим муассасасининг тиббиёт хонасида эса ширма, спирометр, қўл динамометри, кўз, қулоқ, бурун аъзоларини текшириш учун стол лампаси, термосумка ва муз халтаси каби тиббий восита ва анжомлар умуман йўқлиги маълум бўлди.
Шунингдек, умумтаълим мактаблари учун шаҳар молия бўлимлари томонидан ҳар ойда дори-дармонлар учун 30-40 минг сўм миқдорда маблағ ажратилиши ва бу маблағ белгилаб қўйилган 20 турдаги дори-дармонларни харид қилиш учун етарли эмаслиги сабабли барча умумтаълим мактаблари маъмуриятининг ўз шахсий маблағи ҳисобидан амалга оширилаётганлиги аниқланди.
Халқ таълими вазирлиги ва Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитишда гигиена талаблари”га мувофиқ умумтаълим мактаблари синф хоналарида ўқувчиларнинг сони аниқ белгиланган.
Шунга қарамасдан, айрим таълим даргоҳлари, масалан, 2, 4, 5, 11, 12-умумтаълим мактабларининг синф хоналарида ўқувчилар сони 37-38 нафарни ташкил этади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу борада белгиланган меъёрга амал қилмаслик таълим сифатига ва ўқувчиларнинг соғлиғига ҳам салбий таъсир қилади. Бир қатор мактабгача таълим муассасаларида ҳам (масалан, 14, 33-сонли МТМлар) тарбияланувчиларнинг сони белгиланган меъёрдан ортиқ эканлиги болаларнинг эркин тарбияланишига жиддий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Шунингдек, тиббиёт хоналарида зарурий ҳужжатлар тўлиқ юритилмаганлиги аниқланди.
Жумладан, айрим боғчаларда ҳудудий кўп тармоқли Марказий поликлиника бош шифокори ва МТМ мудири томонидан тасдиқланган иш режаси, талабномаларни қайд этиш журнали юритилмаган.
Партия депутатлик гуруҳи раҳбари шаҳардаги умумтаълим мактаблари ва боғчаларда йўл қўйилган яна бир қатор камчиликлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.
Муҳокамаларда сўзга чиққан сессия иштирокчилари мазкур масаланинг нечоғли муҳим ва долзарб эканлигини алоҳида қайд этишди. Сессияда шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан кенгайтирилган қарор қабул қилинди.
Бу борада шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига ҳудуддаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларидаги камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш, белгиланган муддат ичида шаҳар ДСЭНМ билан келишилган ҳолда мазкур муассасаларни аниқ меъёрларга мувофиқ тоза ичимлик суви билан таъминлаш чораларини кўриш, шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат марказига халқ таълими муассасаларида ўқувчилар сонининг “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитишда гигиена талаблари”га мослиги юзасидан ҳақиқий ҳолат бўйича таклифлар тайёрлаш, шаҳар тиббиёт бирлашмасига ушбу муассасаларда тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, таълим даргоҳларида тиббиёт хоналарини ташкил этиш ва зарур асбоб-ускуналар, дори-дармонлар билан таъминлаш вазифалари топширилди. Шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари юқорида таъкидланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат олиб бориши қайд этилди. Халқ таълими муассасалари раҳбарларининг фаолияти ҳар чоракда Кенгаш сессиясида муҳокама этиладиган бўлди.
Сессия қарори ижросини назорат қилиш халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг “Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари” доимий комиссияси зиммасига юклатилиб, депутатлар назорати ўрнатилди.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 6 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенг...
01 янв 1970
Уйимизнинг ҳужжатларини йўқотиб қўйдик, қайта олиш учун нима қилишимиз керак?
01 янв 1970
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.
01 янв 1970
Президентимизнинг сиёсий партиялар ва парламент фаолияти бўйича илгари сурган бир қатор таклифлари бизни жуда руҳлантирди....