Суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига доир қонун лойиҳалари депутатлар эътиборида

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибига киритилган, мамлакатни демократлаштириш ва жамиятимизни ислоҳ этишга қаратилган қонун лойиҳалари қаторида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига доир қонун лойиҳалари фракция аъзоларининг алоҳида диққат марказида бўлди.
Жумладан, “Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу фармонда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилиши, Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказини Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартириш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштириш, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Ўзбекистон Республикаси Олий судини ташкил этиш назарда тутилган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1993 йил 2 сентябрдаги қарорига асосан тасдиқланган Суд ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига мансаб даражалари бериш тартиби назарда тутилмоқда.
Судьялар олий кенгаши раиси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази директори ва унинг ўринбосарига бериладиган 1, 2 ва 3-даражали давлат адлия маслаҳатчилари каби махсус унвонларни бериш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, олий мансаб даражаларини Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан беришни назарда тутувчи тартибни ўрнатиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибидаги бошқа тузилмалар ходимларига мансаб даражалари бериш ҳамда ушбу масалага ваколатли бўлган шахслар аниқ белгиланмоқда.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш тарафдори бўлиб келган партия фракцияси аъзолари суд тизимида амалга оширилаётган ушбу янгиланишлар кучли ва адолатли суд ҳокимиятини барпо этиш ҳамда жамиятимизда қонун ва адолат тамойиллари устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлишини таъкидладилар.
Фракция аъзолари эътиборига “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда ҳавола этилди.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2017 йил 18 апрелдаги “Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва мамлакатни модернизация қилишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашда прокуратура органларининг ролини кучайтириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қайд этилган қарорга асосан Бош прокуратура тузилмасида Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилди. Юклатилган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорга мазкур бошқармага ноюридик мутахассисликдаги (иқтисодчилар, молиячилар, социологлар ва бошқалар) кадрларни ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ Ҳарбий прокуратура тизимидан “округ ҳарбий прокуратуралари” чиқариб юборилди. Шундан келиб чиқиб, “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимоясида прокуратура органлари муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф-мулоҳазалари тингланди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бу йил укам мамлакатимиздаги университетлардан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Контракт пулини ўз иш ҳақимдан тўламоқчи эдим. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш...
01 янв 1970
Асли Хоразм вилоятиданман. Меҳнат фаолиятим тақозоси билан вақтинча Андижон вилоятида яшаб, ишлаб келаяпман....
01 янв 1970
Жиззах давлат педагогика институтида “Биз мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди....