Амалий ишлар эл ишончини оширади

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили жамиятимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга янгича маъно-мазмун бағишлаб, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ижобий ҳал этиш давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишига айланди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳудудий ва қуйи партия ташкилотларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар ҳам ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Жумладан, Юқоричирчиқ туман партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари “Сирғали” маҳалласи аҳли билан мулоқотда бўлишди. Учрашув чоғида фуқаролар ичимлик сувининг танқислигидан қийналаётганини билдиришди. Ушбу масалани депутат М.Мирбобоев ўргангач, туман “Сув-оқова” давлат унитар корхонасига депутатлик сўрови юборди. Мазкур корхона томонидан икки кун ичида муаммо ҳал қилинди. Маҳаллада мавжуд насос ўрнига янгиси ўрнатилиб, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар бартараф этилди.
Тумандаги “Наврўз” маҳалласи аҳолиси ҳам ичимлик суви таъминотидаги узилишлардан шикоят қилишди. Ишчи гуруҳ аъзолари муаммонинг сабабларини ўрганиш чоғида ҳудуддаги сув қувурлари яроқсиз ҳолатда эканлигини аниқлашди. Б.Игамбулованинг туман ҳокимлигига шу масалада юборган депутатлик сўрови тез орада ижобий натижа берди. Айни кунларда ичимлик суви тармоғининг 2 километрлик қисмига янги қувурлар ўрнатилди. Ҳудудда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан зарур ишлар давом этмоқда.
Бекобод туманида ҳам бу борада бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Туман партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари “Истиқлол”, “Гулистон” каби маҳаллалар аҳли билан суҳбатлашдилар. Фуқаролар туманда болалар учун фанлар бўйича ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилиш зарурлиги ҳақида таклиф билдиришди. Ишчи гуруҳ раҳбари, депутат З.Сувонова мазкур таклифни ўринли ҳисоблаб, туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритди. Бу ташаббус туман ҳокимлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, ушбу масала 2017 йилги молиялаштириш режасига киритилди. Мазкур ихтисослаштирилган мактабни “Бўстон” маҳалласида ташкил қилиш белгиланди.
Шу билан бирга, партия ишчи гуруҳи томонидан “Зафар” шаҳарчасида ўрганишлар олиб борилди, “Мустақиллик” кўчасидаги хонадонларда яшовчи фуқаролар пиёдалар йўлкаси таъмирталаб эканини айтишди. Туман ободонлаштириш бошқармасига юборилган депутатлик сўрови натижасида “Мустақиллик” кўчасидаги пиёдалар йўлкасининг 500 метр қисми асфальтланди ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
— Партия лойиҳаси асосида маҳаллаларда ўтказаётган мулоқотларимиз бизни аҳолига янада яқинлаштирмоқда, — дейди халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши депутати Зоҳида Сувонова. — Хонадонларга бирма-бир кириб, фуқароларни ўйлантираётган саволларга, мавжуд муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилмоқдамиз. Албатта, аниқ самара берган ишлар сайловчиларнинг ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, шаҳар, туман партия кенгашларида тузилган ишчи гуруҳларининг маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг турмуш шароитларини ўрганиши, одамларнинг дардини тинглаб, келиб тушган мурожаатлар бўйича тезкор чоралар кўриши ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Янгийўл туман партия кенгаши ишчи гуруҳининг бу борадаги фаолиятини ҳам ижобий баҳолаш мумкин. Жумладан, маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот чоғида бир қатор ички йўлларнинг таъмирталаблиги аниқланди. Қ.Маматқулованинг ушбу масала юзасидан туман ҳокимлигига юборган депутатлик сўрови мутасаддилар томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилганлиги эътиборга молик. Ҳозирда туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан “Саид ота” маҳалласидаги ички йўлнинг 2 километри асфальтланди. Шунингдек, жорий йилнинг 2-чорагида “Самарқанд”, “Дўстлик”, “Чортоқ” маҳаллаларининг ички йўлларини таъмирлаш чора-тадбирлари режалаштирилди.
Оҳангарон туман партия кенгаши ишчи гуруҳининг “Бахт” маҳалласи аҳолиси билан мулоқоти давомида фуқаролар газ босимининг пастлигидан қийналаётганини таъкидлашди. Ишчи гуруҳ раҳбари Г.Жўраева ҳамда депутат Ш.Ҳусанов туман газ таъминоти ташкилоти билан шу ҳақда фикрлашгач, муаммо ўз жойида бартараф этилди ва газ таъминоти яхшиланди.
Мухтасар айтганда, партия ташкилотларида фаолият юритаётган ишчи гуруҳлари сайловчиларимиз билан очиқ мулоқотда бўлиб, мавжуд камчилик ва муаммоларни ҳал этишга масъулият билан ёндашмоқда. Албатта, мурожаатлар ўз ўрнида ечим топсагина, фуқароларнинг ишончига эга бўламиз. Зеро, партиямизнинг нуфузини янада оширишда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг ишончини қозониш энг муҳим мезондир.
Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чам...
01 янв 1970
Ёшим саксондан ошди. Фарзандларим, невара-чевараларим бағрида яшаяпман.
01 янв 1970
Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз....
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш...