Қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — муваффақиятлар омили

/
Бугун мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичидаги ислоҳотлар шиддати жамиятимизнинг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларда намоён бўлмоқда. Бунда, албатта, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиб борилаётгани муҳим омил бўлаётир.
Халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлаш масаласи жамиятимизда кечаётган янгиланишларнинг бош мақсадига айланган айни даврда сиёсий партиялар зиммасида ҳам вазифалар бисёр. Зеро, айнан сиёсий партиялар ўз дастурий ғоялари орқали аҳолининг муайян ижтимоий қатламлари манфаатларини ҳимоя қиладиган, уларнинг ўзлари сайлаган вакиллари орқали давлат бошқаруви ҳамда жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлайдиган, хоҳиш-истакларини рўёбга чиқарадиган институт саналади.
Маълумки, мамлакатимиз тараққиётининг истиқболини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам давлат ва жамият қурилишида сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Бу, ўз навбатида, сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ечиши, ҳудудларни ривожлантиришда фаол иштирок этишига мустаҳкам замин яратади. Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик жараёнларнинг бугунги босқичида айнан сиёсий партиялар ўз зиммасига олган масъулият ва залворли вазифалар ижросини тезлаштириш зарур.
Хўш, бугун ва истиқболда қўйиладиган талабларга сиёсий партиялар ва уларнинг жойлардаги тузилмалари қай даражада жавоб бера олади, партия кадрлари салоҳияти, депутатларнинг ташаббускорлиги етарлими? Модомики, бугун аҳоли орасига чуқур кириб бориш, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, жойлардаги ижтимоий ҳолатни кенгроқ ўрганиш ва ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий ижро ҳокимияти органлари олдига аниқ масалаларни қўйиш вазифаси кўтарилаётган экан, сиёсий партиянинг барча даражадаги тузилмалари, депутатлик корпуси, партия ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари бундай амалий ишларни бажаришга тайёр бўлишлари лозим.
Ана шундай мезонлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда ҳар бир туман, шаҳар партия ташкилотларининг моддий-техник базаси, дастурий ва тарғибот материаллари билан таъминланганлиги, иш юритиш ҳолати ва кадрлар салоҳияти чуқур ўрганилди. Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар ҳамда илгари сурилаётган таклифлари билан қизиқилди. Чунки бугун сиёсий партиялар олдида турган вазифалар салмоғи шунчалик кенгки, буни кабинетдан чиқмасдан ёки партиянинг аҳоли кенг қатлами билан бевосита иш олиб борувчи энг қуйи тузилмаларидаги ҳақиқий аҳвол билан танишмасдан туриб, уларга топшириқ бериш орқали ҳал қилиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига Ўзбекистон “Адолат” СДП таркибидаги 194 та туман ва шаҳар кенгашлари ўз сафларидаги 4197 та бошланғич партия ташкилотларига жами 169200 нафардан ортиқ аъзоларни бирлаштирган.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 111 нафар, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларида эса жами 709 нафар партия депутатлари фаолият кўрсатмоқда.
Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги депутатлик гуруҳлари ва ташкилотлари асосий эътиборни партия Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар дастури ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини ижро этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар бир партиянинг мамлакат сиёсий майдонидаги ўрни ва роли сайловчиларга берилган ваъдаларнинг бажарилиши ҳамда электорат манфаатлари йўлида кўтараётган ташаббуслари, амалий ишлари билан белгиланади. Шу билан бирга, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш ҳамда демократик янгиланишларга мос равишда ҳаётий, долзарб таклиф ва ташаббусларни илгари суриш ҳам сиёсий партияга аҳоли ишончини оширишнинг муҳим омили саналади. Бундай талаб ва мезонларга жавоб бериш эса фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиш, камчиликларга очиқ кўз билан қараш, истиқболдаги режа ва дастурларни белгилашда реал имкониятларни инобатга олиш, қуруқ тадбирбозликка берилмасдан аниқ амалий ишлар билан натижага эришишни талаб этади.
2015-2016 йилларда партиямизнинг барча маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари офис мебеллари, компьютер ва зарур дастурий тарғибот воситалари билан тўлиқ таъминланган эди. Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, бу борада ҳали айрим партия кенгашларида муайян камчиликлар мавжуд. Жумладан, партия ташкилотларида иш юритиш, кадрлар захирасини шакллантириш, интернет ва коммуникация воситаларига уланишда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўзга ташланди.
Жойлардаги депутатлик гуруҳларимизнинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, ҳали ишга солинмаган имкониятлар бисёр. Бугун халқ ишончини зиммасига олган депутатларнинг ҳаммасини ҳам бирдек фаол деб бўлмайди. Айниқса, ўтган йилги фаолият таҳлили маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳларининг партия Сайловолди дастури ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари ва доимий комиссиялари кун тартибига масала киритиш ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинишидаги иштироки ҳали етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Ушбу камчиликлар жорий йилнинг февраль-март ойларида жойларда ўтказилган фаоллар йиғилишларида кенг муҳокама этилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг ўз зиммасидаги масъулиятли вазифаларга муносабати сезиларли даражада ўзгарганлигини кузатишимиз мумкин.
Хусусан, партиявий лойиҳалар доирасидаги тадбирларда, парламент вакиллари томонидан ҳар ойда жойларда ташкил этилаётган аҳоли билан мулоқотларда ҳамда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда партиямиз ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилаётган ўрганишларда маҳаллий Кенгаш депутатларимиз фаол иштирок этмоқда. Электорат билан юзма-юз мулоқот куни сифатида эълон қилинган ҳар чоршанба кунида ишчи гуруҳи аъзолари хонадонма-хонадон юриб, кекса ва ногиронлар, касалмандларнинг ҳолидан хабар олишмоқда, аҳолининг яшаш шароитлари билан танишмоқдалар, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан депутатлик таъсир чораларини кўришга ҳаракат қилмоқдалар. Шу билан бирга, ишчи гуруҳлари жойлардаги таълим ва тиббиёт муассасалари, хўжалик юритувчи субъектларда ҳам бўлишиб, аниқланган масалалар ечимига эътибор қаратишмоқда.
Буни аниқ рақамларда ифодалайдиган бўлсак, партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида жами 1122 та маҳалла фуқаролар йиғинида 30 мингга яқин хонадон эгалари билан учрашувлар ўтказилиб, 1159 та хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Мулоқотлар мобайнида аҳоли томонидан ишчи гуруҳига 3218 та мурожаат келиб тушди. Уларда келтирилган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида партия депутатлари томонидан тегишли ташкилотларга 927 та депутатлик сўровлари юборилди. Ушбу муддатда кўтарилган масалалардан 369 таси амалий жиҳатдан ҳал этилди.
Ҳудудларда “Адолат” қабулхоналарига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этишда аксарият депутатларимиз фаол иштирок этмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот уюштириш, одамларнинг яшаш тарзидан хабардор бўлиш, муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш кўп жиҳатдан халқнинг ишончли вакилларига боғлиқ эканлигини маҳаллий Кенгаш депутатлари англаб етмоқдалар.
Бу ўриндаги камчиликларимиздан бири айрим мансабдор шахсларнинг депутатлик сўровига бефарқ муносабатидир. Биз ҳар бир депутат сўровининг ижросини таъминлашга, депутатларимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар тафсилотини оммавий ахборот воситалари, жумладан, партиямиз нашри ва веб-сайти орқали етарли даражада ёритиб, аҳолининг бу ҳақдаги хабардорлигини оширишга эриша олмаяпмиз. Демак, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш орқали депутат ва сайловчи ўртасида кўприк ҳосил қилиш, бу орқали аҳолининг ўз вакилларига бўлган ишончини ошириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. Шу билан бирга, партиямизнинг амалий ҳаракатлар дастури, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан партия ташкилотларининг узвий ҳамкорлигини кучайтириш, ушбу жараёнга мутахассис ва экспертларни кенг жалб этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Албатта, партия ташкилотларини ўрганиш асосида ишлаб чиқилган хулосалар ва белгилаб олинган вазифалар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган VII Пленумида ҳам чуқур муҳокама этилиб, партия ташкилотлари раҳбарлари ва депутатлар зиммасидаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бугун қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари раҳбарлари, депутатларининг фаолият мезонига айланмоғи зарур.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги республикамизда кенг нишонлан...
01 янв 1970
 Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамиз маънавий ҳаётида ҳам кенг кўламли янгилик ва ўзгаришлар юз бермоқда....
01 янв 1970
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир. 
01 янв 1970
Тадбиркорман, баъзан фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлиб қолиши мумкин....