Халқчил ғояларнинг амалий ифодаси

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгаши кейинги йилларда Наманган вилоят партия ташкилотининг илғор бўлинмаларидан бирига айланди. Энг аввало, халқ депутатлари туман Кенгашида уч кишидан иборат депутатлик гуруҳи шаклланди. 2014 йилда ўтказилган сайловдан сўнг норинлик “адолат”чилар халқ депутатлари вилоят Кенгашида ҳам ўз вакилларига эга бўлдилар. Эътиборли томони шундаки, уларнинг ҳаммаси тиббиёт ходимлари ҳисобланишади. Бугунги кунда депутатлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммолари, шу жумладан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш масалалари билан яқиндан шуғулланмоқда. Қуйида бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусидаги фикр-мулоҳазалар билан танишасиз.
Абдували МАВЛАНОВ,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:

— Йилдан йилнинг фарқи бор, дейишади. Буни атрофимизда рўй бераётган янгиланишлар ҳам тасдиқлаб турибди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта из қолдирадиган муҳим воқеаларга бойлиги ҳозирданоқ яққол намоён бўлмоқда.
Мисол учун, январь-март ойларини эсга оладиган бўлсак, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган кўпдан-кўп эзгу ишларга қўл урилганлигига гувоҳ бўламиз. Улар орасида Президентимиз иштирокида ўтказилган қатор тадбирлар, қабул қилинган қарор, фармон ва фармойишлар алоҳида ўрин тутиши шубҳасиз. Албатта, раҳбар ва депутат сифатида уларнинг ҳаммаси ҳақида батафсил маълумот олишга ҳаракат қиламан. Бу хизмат вазифамни тўлақонли бажаришимда қўл келади. Қолаверса, сайловчилар билан мулоқотларда кўпинча мавзу ана шу масалаларга бориб тақалади.
Ҳудудда партия депутатлари сайловчилар билан мулоқот қилишнинг турли самарали усулларидан фойдаланаяпмиз. Уларни иш жойида ва сайлов округи ҳудудида қабул қилиш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, ҳар чоршанба куни маҳалла фуқаролар йиғинларида бевосита хонадонларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқдамиз. Уларда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар алоҳида эътиборга олинмоқда, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Тумандаги “Тошқин” маҳалласидаги учрашувда фуқаро Наргиза Қорабоева тиббиёт коллежини битирган бўлса-да, ишга жойлаша олмаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди. Биз масалани атрофлича ўргандик ва Н.Қорабоева тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникага ишга қабул қилинди. Туман марказида яшовчи Сайдулла Сотиволдиевнинг даволанишда ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаати ҳам тегишли мутахассислар кўмагида ҳал этиладиган бўлди.
Туманимизда аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар нафақат фуқароларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга, балки иқтисодий-ижтимоий соҳаларнинг ривожланишига ҳам ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Яқинда мана шу йўналишда белгиланган тадбирлар умумлаштирилганда, жами 2685 та хонадонда 268500 та парранда боқиш, 26,9 гектар майдондаги иссиқхоналарда помидор, бодринг, цитрус мевалари етиштириш имкониятлари борлиги аниқланди. Биргина “Бўзўлмас” маҳалласида ўтказилган мулоқотлардан сўнг 102 нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олиш истаги борлигини баён қилди. Иссиқхона ташкил этишни хоҳловчиларнинг ўзи 25 киши экан. Айни пайтда улар кўтарган масалаларнинг ечимини топиш юзасидан иш олиб борилмоқда.
Мухторжон ТЕМИРОВ,
халқ депутатлари Норин туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари, туман партия кенгаши раиси:

— Маълумки, жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Мазкур мулоқотларда мамлакатда тиббий хизматни ташкил этишнинг ҳозирги аҳволи, тизимдаги камчиликлар, амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар атрофлича таҳлил этилди. Булар, албатта, шифокор сифатида менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди. “Адолат” СДП аъзоси ва депутат сифатида ҳам соҳадаги аҳволни ўнглаш учун бошланган ишларда фаол иштирок этишга бел боғладим.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Тиббиёт тизимининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш энг устувор вазифалардан бирига айланди. Ҳамкасбларимизнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш усул ва услублари шаклланди. Даволашнинг илғор технология ва усулларини амалиётга кенг жорий этиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири саналмоқда.
Аммо айни пайтда одамларнинг талаб ва эҳтиёжлари тинмай ўсиб бораётганидан кўз юмиб бўлмайди. Табиийки, бу ўсиш биздан илм-фаннинг сўнгги ютуқларига асосланган малакали тиббий хизматни ташкил этишни талаб қилади. Шунинг учун одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишга, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз. Бунда бевосита жойларда бўлиб, мавжуд масалалар билан яқиндан танишиш яхши самара бермоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, одамларнинг муаммосини ҳал қилиш, уларнинг давлатимиздан миннатдор бўлганлигини ҳис этиш, биз, депутатларда ҳам қониқиш ҳиссини уйғотмоқда.
Хусусан, ўтган февраль-март ойларида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида тузилган ишчи гуруҳлари фаолият олиб борди. Улар таркибида партия фаоллари ҳам бор эди. Масалан, мен туман кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Акмал Юлчиев ва бошқа ёш сафдошларимиз билан бирга икки юздан ортиқ хонадонларда бўлиб, уларнинг турмуш шароитларини ўргандик. Коллеж, умумтаълим мактаблари, бошқа муассасалар вакиллари билан ҳам суҳбатлар уюштирилди.
Мулоқотлардан маълум бўлдики, аҳолининг ижтимоий фаоллиги ҳозир ҳар қачонгидан ортган. Улар бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилган. Фикримизни кўпчилик фуқароларни кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик каби соҳаларни ривожлантириб, беками кўст яшаш учун қўшимча даромадларга эга бўлиш қизиқтираётгани ҳам тасдиқлаб турибди. Партиямиз фаоллари фаровонликка хизмат қилувчи бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш диққат марказимизда бўлиб келмоқда. У ёки бу масалада ёрдам сўраган кишиларнинг талаб ва истаклари ҳам алоҳида ҳисобга олинди. Уларнинг айримлари қисқа муддатда ўз ечимини топди ҳам. Масалан, “Бўстон” МФЙда яшовчи Аъзамжон Замонов ошқозон яллиғланиши хасталигига учрагани сабабли даволанишда ёрдам сўради. У шифохонада ҳар томонлама текширувдан ўтказилиб, керакли ёрдам берилди. Шу маҳалладан биринчи гуруҳ ногирони Ҳакимжон Усмонов эса дори-дармон сотиб олишда қийналаётганини билдирди. Бу масалада МФЙ раҳбарияти ва фаоллари ташаббуси билан унга ҳомийлик кўмаги кўрсатиладиган бўлди. Фуқаро Мунисхон Назарованинг ногиронлик аравачаси билан таъминлаш юзасидан мурожаати ҳам тез кунда ҳал қилинадиган бўлди.
Дилфуза БОТИРОВА,
халқ депутатлари Норин туман Кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси:

— Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек, соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалани халқ депутатлари Норин туман Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига тайёрлаш ҳақида фикрлашиб, ҳамкасбим, депутат Отабек Назаров билан ҳамжиҳатликда астойдил ишга киришдик. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи раҳбарлигида ишчи гуруҳи тузилди. Унинг таркибига депутатлардан ташқари кенг жамоатчилик фаоллари ҳам киритилди. Биз, биринчи навбатда, ҳар бир қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини ўргандик. Маҳаллалар аҳли билан суҳбатлашдик.
Шуни айтиш керакки, ҳозирги пайтгача туманда 155 мингдан зиёд аҳолига марказий шифохона, кўптармоқли поликлиника, тез тиббий ёрдам бўлими, 17 та қишлоқ врачлик пункти тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Биз мавжуд тизим фаолияти самарадорлигини янада оширишни кўзлаган ҳолда уларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар тайёрладик. Бунда, аввало, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан ўтказилган учрашувларда таъкидланганидек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига ўз вақтида ва юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш каби мақсадлар кўзда тутилган эди.
Ишчи гуруҳи тайёрлаган таклифлар ҳокимлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, кенгаш маслаҳатчилари иштирокида таҳлил қилинди ва узил-кесил қарорга келинди. Яъни қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини мақбуллаштириш режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҚВПлардан учтаси тугатиладиган бўлди. Яна иккитаси тиббиёт ходимларига уй-жой сифатида сақлаб қолинади. Яна бир ҚВП ўрнида эса “тез тиббий ёрдам” бўлими ташкил этилади. Шу билан бирга, еттита қишлоқ врачлик пункти ўз ишини давом эттиради. Яна бир янгилик шуки, тўртта ҚВП поликлиникага айлантирилади.
Мазкур режа сессия иштирокчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Улар ишчи гуруҳининг адолатли иш олиб борганлиги, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари тўла ҳисобга олинганлигини қайд этдилар. Бу мулоҳазалар сессия қабул қилган қарорда ҳам ўз аксини топди.
Шундай қилиб, туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг янги тизимига ўтиш бошланди. Унинг кўнгилдагидай ишлаши учун барча шифокорлардан юқори малака ва фидокорона ишлаш талаб этилади. Бу борада депутатларимиз ҳам ибрат кўрсатадилар, ўз билимлари ва куч-ғайратларини эл саломатлигини мустаҳкамлашдек эзгу вазифани бажаришга сафарбар қиладилар. Муҳими, халқчил ғояларнинг амалий ифодаси ҳар бир саъй-ҳаракатимизда акс этмоғи зарур.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ма...
01 янв 1970
Фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиши масъул идора ва ташкилотлар ходимларининг ўз масъулиятини англаган ҳолд...
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш...
01 янв 1970
Ватанимиз озодлигининг илк кунида “Мустақиллигимиз абадий бўлсин!” дея янграган ёрқин сўзлар халқимизнинг пок қалбидан айтилган қутлуғ ...