Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Ёшларга таълим олиш учун кенг имкониятлар яратиш, олий таълим олаётган ёш авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида республикамиз тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш механизми жорий қилинганидан хабаримиз бор. Таълим кредитини олиш учун банкка қандай ҳужжатлар топшириш керак?
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларга таълим кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар мавжудми?

Ф.Ёрибекова,
Сирдарё шаҳри

— Таълим кредити олиш учун талаба банкка таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза, талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида тузилган шартнома, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан талабанинг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома, кредит қайтарилиши таъминоти тўғрисидаги ҳужжат, агар талаба етим, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланган, болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёки кам таъминланган оиладан бўлса, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.
Шунингдек, талаба юқоридаги ҳужжатлар билан бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақли.
Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўлаб берилади. Мазкур ҳолатда кредит шартномаси банк, қарз олувчи, олий таълим муассасаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ўртасида тузилади.
 
— Укам 31 ёшда, турмуш ўртоғи эса 28 ёшда. Укам банкка уй сотиб олиш учун ипотека кредити берилишини сўраб мурожаат қилган эди. Банк уларга ёш оилаларга бериладиган ипотека кредити беришни “сизлар ёш оила тоифасига кирмайсизлар”, деб рад этди. Шу тўғрими?
Н.Албекова,
Зомин тумани

— “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ёш оила тушунчасига таъриф берилган. Унга мувофиқ, эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) ёш оила ҳисобланади. Қонуннинг мазкур нормасидан келиб чиқиб, ушбу ҳолатда банк уларга уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга бериладиган ипотека кредити беришни рад этиши асослидир.
 
— Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли жорий қилинганидан хабардорман. Ушбу он-лайн тизими, ундан фойдаланиш тартиби хусусида маълумот берсангиз.
С.Ғайратжонов,
Олмазор тумани

— Текширишларни рўйхатга олиш китобининг он-лайн тизими амалиётга 2015 йилдан тўлиқ жорий этилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларида техник имконият,яъни электрон имзо мавжуд бўлганда мажбурий тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шакли тўлдирилади. Бундай холатда текширишларни рўйхатга олиш китобининг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.
“Текширишларни руйхатга олиш китоби”нинг он-лайн тизимига кириш etk.minjust.uz электрон манзил орқали электрон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилади. Адлия вазирлиги томонидан ҳар бир текшириш жараёни бўйича тўлиқ назорат ўрнатилади.
Мазкур яратилган он-лайн тизим ёрдамида тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш имкони яратилди.
Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходимлари Эхром Сайфуллаев, Улуғбек МаҲмудов жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугун мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичидаги ислоҳотлар шиддати жамиятимизнинг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларда намоён бўлмоқда.&n...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларида...
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди.
01 янв 1970
Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асосини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган қонунчилик базаси яратилди....