Юридик хизмат: имтиёз ва имконият

/
Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда, аввало, юридик хизмат ролининг оширилишига муҳим омил сифатида қаралмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида давлат органларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш вазифаси қўйилди.
Ушбу фармон ижроси доирасида жорий йил 19 январда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.
Дарвоқе, юридик хизмат, юрисконсульт деганда, кўпчилик расмиятчилик учун ишлаётган ҳуқуқшуносни тушунади. Аслида эса, ушбу лавозимда фаолият юритаётган шахс билимли, дунёқараши кенг, замон билан ҳамнафас, қонун устуворлигини таъминлайдиган мутахассис бўлиши керак.
Мазкур қарорнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шундаки, унда бир томондан юридик хизматнинг мавқеи ва манфаатдорлигини ошириш ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш белгиланса, иккинчи томондан уларнинг қонунийликни таъминлаш бўйича вазифалар доираси кенгайтирилди, масъулият ва жавобгарлиги ҳам кучайтирилди.
Шу боис ҳам мазкур қарор юридик соҳани, юристларга бўлган ишонч ва эътиборни, қолаверса, юридик хизматни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат десак, муболаға бўлмайди.
Эътиборли жиҳати, ушбу қарор билан соҳага ёш кадрларни жалб этишга қаратилган ҳамда ушбу соҳа жозибадорлигини оширадиган бир қатор муҳим меъёрлар белгиланди.
Хусусан, эндиликда юридик хизмат ходимларига ҳам адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражалари бериладиган ҳамда кўп йиллик хизматлари учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этиладиган бўлди.
Қарор ижроси доирасида 2017 йил 28 февралда адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида буйруғи қабул қилинди.
Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига 1-даражали адлия маслаҳатчиси, 2-даражали адлия маслаҳатчиси, 3-даражали адлия маслаҳатчиси, 1-даражали юрист, 2-даражали юрист, 3-даражали юрист каби махсус унвон-мартаба даражалари берилади.
Юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари бериш ижобий аттестация, малакаси ва иш стажига мувофиқ, эгаллаб турган лавозимини, олдинги иш ёки хизмат жойида берилган махсус унвонларни, шунингдек, қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳасидаги хизматларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Тартибга кўра, мартаба даражалари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларига давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимларига тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиялари бўйича, шунингдек, ўз ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан берилади.
Мартаба даражаларини бериш учун давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари томонидан тегишлилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига тақдимнома билан мурожаат этилади.
Юридик хизмати ходимларининг махсус унвон- мартаба даражаларига тавсия этилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан тузиладиган Юридик хизмат ходимларини мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш комиссияси томонидан аттестациядан ўтказилади.
Махсус унвон-мартаба даражалари бўйича аттестациядан ўтказиш юридик хизмат ходимининг навбатдаги аттестациядан ўтиши деб ҳисобланмайди ҳамда аттестациядан ўтиш муддатининг узайтирилишига асос бўлмайди.
Юридик хизмат ходимларига махсус унвон-мартаба даражаларини бериш Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади ҳамда ушбу буйруқ тегишли давлат органлари ва ташкилотларига юборилади.
Энг асосийси, ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда ҳам юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади.
Юқоридаги кафолатлар эндиликда малакали, ёш мутахассисларда ҳам мазкур соҳага қизиқишни орттириб, ўз навбатида, соҳага кадрларни танлаб олиш имкониятини яратади. Бу эса, албатта, соҳа фаолияти сифат даражасининг ошишига имконият яратади.
Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган даврда замон ўзгаришига қараб қонунчилик ҳам такомиллашиб бормоқда. Бир йил давомида ўнлаб қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Уларни доимий ўрганиб бориш, мазмун-моҳиятини ўзлаштириш юридик хизмат ходимидан, авваламбор, лавозимга биринчи маротаба тайинланган шахслардан доимий равишда ўз устида ишлашни ва малакасини ошириб боришни талаб этади.
Шундан келиб чиқиб, бугунги кунга қадар амалда бўлиб келган беш йиллик муддат юридик хизмат ходимининг малакасини ошириш ва аттестациядан ўтиши узоқ давр деб топилди ва эндиликда ушбу муддатни ҳам беш йилдан уч йилга қисқартириш белгиланди.
Эндиликда юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахслар ўз касбий билимлари, ўқув ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва шакллантириш, шунингдек, ишнинг ўзига хослиги, тайинланаётган лавозими бўйича функционал вазифаларини сифатли бажариши учун илғор тажрибани эгаллаб олишини таъминлаш мақсадида белгиланган тартибда адлия органларида икки ҳафталик муддатда стажировкадан ўтади.
Бунда стажировка республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари учун — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида ўталади.
Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари юридик хизмат ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсни стажировкадан ўтказишни сўраб, ходим белгиланган тартибда лавозимга тайинланган кундан эътиборан ўн кун ичида тегишли адлия органига мурожаат этади.
Стажёр стажировкадан ўтиш вақтида юридик хизмат ходимининг функционал вазифалари ва уларни бажаришда билиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, шартномавий-ҳуқуқий ва даъво ишларни юритиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиши лозим.
Дарҳақиқат, ушбу қарорда белгилаб берилган барча тадбирларнинг асосий мақсади ҳам давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Чунки юридик хизматларнинг тубдан такомиллашаётганлиги уларнинг самарали фаолият юритишига, юртимизда қонун устуворлиги изчил таъминланишига хизмат қилади.
Отабек ИБРАГИМОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган озиқ-овқат дўконидан йогурт ва қатиқ сотиб олгандим. Уйга келиб, уни очиб кўрганимда таъми бузилгани, но...
01 янв 1970
15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди....
01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИ САЙЛАШ ТЎҒРИСИДА
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари замон талаби асосида фаолият олиб бор...