Тарбия барчамизнинг ишимиз

/
Улуғ маърифатпарвар аллома Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган пурмаъно сўзлари ҳар доим долзарб аҳамиятини йўқотмайдиган ҳаёт ҳақиқатига айланган. Аждодларимиз фарзанд тарбиясига бениҳоя масъулият билан ёндашгани бежиз эмас.
Бугун ҳам миллий маънавиятимиз анъаналари бардавом, қадим қадриятларимиз янгича мазмун билан бойитилмоқда.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматидан тортиб, ёшларга таълим-тарбия бериш, ўқитиш сифати, фанларни ўзлаштириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш каби масалалар нафақат мутасадди ташкилотлар, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам диққат марказида бўлмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари, партия депутатлари томонидан муайян ишлар йўлга қўйилган. Мен ҳам депутатлик ваколатим доирасида Боғот туманидаги бир қатор умумтаълим мактаблари ва коллежларда бўлиб, ўқувчиларнинг дарс машғулотларига қатнашиши, уларнинг дарсдан бўш вақтларини қандай ўтказаётгани, китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ўргандим. Ота-оналар, маҳалла фаоллари билан суҳбатлашдим. Хусусан, кўпчилик ота-оналар, айниқса, чекка қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчилар туман маркази билан боғловчи йўналишда автобуслар қатновини кўпайтириш, ўқувчиларнинг йўловчи транспорт воситаларидан фойдаланишида чегирмалар белгилаш, автобуслар қатновида оралиқ интервални қисқартириш ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Ушбу масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари киритилди. Натижада “Боғот — Атов” ҳамда “Боғот — Ўғузравот” йўналишидаги автобуслар қатнови жадвали ўқувчилар эҳтиёжига мослаб тузилди.
Шунингдек, ўрганишлар жараёнида айрим ўқувчиларнинг дарс қолдираётгани кузатилди ва ҳолат ҳақида уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашганимиздан сўнг аҳвол ижобий томонга ўзгарди. 3-умумтаълим мактабидан уч нафар, Боғот енгил саноат коллежидан беш нафар, Боғот иқтисодиёт коллежидан тўрт нафар, Боғот маиший хизмат ва ахборот технологиялари коллежидан олти нафар ўқувчининг дарсларга қатнашиш давомати яхшиланди.
Ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оила фарзандларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Таълим муассасаларига борган пайтимизда ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Айрим кутубхоналарда китоб фондининг камлиги, айниқса, бадиий адабиётлар, уларнинг лотин алифбосидаги янги нашрлари етишмаслиги маълум бўлди. Албатта, кутубхоналар ўзбек адабиётининг йирик намояндалари асарлари билан кўпроқ таъминланиши айни муддаодир. Ушбу масала юзасидан ўрганишлар давом этмоқда.
Ёшлар тарбияси, уларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишлари учун барчамиз масъулмиз. Шундай экан, таълим соҳаси ходимлари билан ҳамкорликда ишлаш партия депутатлари фаолиятининг ажралмас қисми бўлиши лозим.
Бахтиёр МАТЁҚУБОВ,
халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
МАДАНИЯТ ВА СПОРТ СОҲАСИДА БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Меҳнат дафтарчасини сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилишим лозим?
01 янв 1970
Халқ депутатлари Конимех туман Кенгашининг шу йил 25 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида мазкур маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат&...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди....