Халқнинг асл фарзанди

/
Атоқли давлат арбоби, ўзбек халқининг маданиятига улкан ҳисса қўшган таниқли адиб, Жиззахнинг асл фарзанди Шароф Рашидов мушкул даврда юртни бошқариб, унинг равнақи учун фидокорона меҳнат қилган. Мустақиллик шарофати билан бу буюк инсоннинг номи қайта тикланди ва йирик давлат арбоби, таниқли ёзувчи сифатида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинмоқда.
Бугунги кунда у туғилиб ўсган, таълим олиб улғайган ва тажриба тўплаган Жиззах шаҳридаги қатор ташкилот ва муассасалар, шоҳкўча ва маҳаллалар кўчалари, хиёбонлар унинг номи билан юритилади, музей ташкил этилган. Жумладан, Жиззах шаҳрининг марказида Шароф Рашидов боғи барпо этилиб, айни дамларда у ер турли анвойи гулларга бурканмоқда. Унинг номидаги музейда фаолиятининг барча даврларидаги ёдгорликлар, шунингдек, халқимиз севиб ўқийдиган асарлари ҳам жамланган. Бу ерга доимий тарзда ёш ўғил-қизлар ташриф буюриб, Шароф бобонинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишадилар, уни яқинроқ билишга интиладилар.
Ўз асарларида оташин муҳаббатни, ватанпарварликни куйлаган таниқли ижодкор давлат арбоби сифатида ҳам халқнинг ёнида туришга, уни ҳимоя қилишга интилган. Мен бу буюк инсонни яқиндан таниганлар, учрашганлар, суҳбатида бўлганларнинг ҳаммаси уни ҳурмат билан тилга олишганининг гувоҳи бўлганман.
Шароф Рашидовнинг пойтахтимизда барпо этилган, Ўрта Осиёда ягона саналган метрополитенни қуришда қанчалик жонбозлик кўрсатгани ҳақида яхши биламиз. Ўша пайтларда, яъни собиқ Иттифоқ даврида бир давлат арбоби сифатида бундай йирик лойиҳани амалга ошириш, Москва билан музокарага бориш осон бўлмаган. Бугун Шароф бобо бино этган метро йўли халқимизнинг оғирини енгил қилмоқда, юртимизнинг кўркига кўрк қўшиб турибди, йиллар ўтган сайин тобора кенгайиб боряпти.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах туманига бу фидойи инсоннинг номи берилиши уни халқимиз қанчалик эъзозлашидан далолат беради. Яқинда Президентимизнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилиниши бу каби хайрли ва муҳим ишларнинг янада жонланишига туртки берди.
Мазкур қарорга асосан, халқимизнинг оташин қалбли фарзанди таваллудини кенг нишонлаш, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китобини, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, унинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, илмий анжуманлар ўтказиш, хотира тадбирлари ташкиллаштириш белгиланган. Бу қарорни барча юртдошларимиз, айниқса, Жиззах аҳли катта қувонч билан қаршилагани ҳеч кимга сир эмас.
Бугунги кунда 100 йиллик тўй, тантанага Жиззах аҳли томонидан катта тайёргарлик бошлаб юборилган. Шу жумладан, партиямизнинг вилоят ва шаҳар, туман кенгашлари турли муассаса ва ташкилотларда атоқли давлат арбоби таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар, кечалар ташкиллаштиришни режалаштирган. Бир сўз билан айтганда, ўзбекнинг асл фарзанди, халқимизнинг севимли ўғлони Шароф Рашидов номи ҳамиша элимизнинг юрагидан чуқур жой олган, шундай бўлиб қолади ҳам. Бугунги шижоатли ўғил-қизлар, заковатли ва билимли ёшларимизга қараб исми билан шарафланиб турган бу инсоннинг чеҳрасини кўргандек бўламиз. Унинг номи, Ватан тараққиёти йўлидаги фидойи ишлари ҳеч қачон унутилмайди.
Рустам ТЎЙЧИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қонуний никоҳда бўлмаган шахсларнинг фарзандлари дунёга келганда оталик қандай тартибда белгиланади?...
01 янв 1970
Муқаддас диёримиз жаҳон тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб олиму фузалолар, адабиёт ва санъат намоёндалари билан донг таратган заминди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида яқинда архивлар фаолиятини ўрганиш юзасидан ишчи гуруҳи тузилган эди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Когон туман кенгаши томонидан “Ахборот олиш маданиятини шакллантиришнинг аҳамияти” мавзусида семина...