Кўзларга муҳрланган хотира

/
Инсон — ҳаёт гултожи. Унинг шаъни, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, кексаларни ардоқлаш, ўтганларни хотирлаш ва азиз отахону онахонларнинг дуосини олиш каби фазилатлар тилга олинади. Айниқса, ўзининг фидокорона меҳнатлари билан халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонларнинг хотирасини ҳурматлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Республика клиник офтальмология шифохонасининг мажлислар залида жам бўлган шифокорлар, элимизнинг меҳрини қозонган офтальмологлар, кенг жамоатчилик вакиллари узоқ йиллар давомида ёш офтальмологларга ҳар томонлама ўрнак бўлиб келган тиббиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор, устоз — Маҳамаджон Комилов таваллудининг 100 йиллигини нишонлашди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, тиббиёт фанлари доктори, профессор, партиямизнинг фахрий аъзоси Холиджон Комиловнинг падари бузруквори, замонавий офтальмологиянинг асосчиси, қатор орден-медаллар, фахрий ёрлиқ ва кўкрак нишонлари соҳиби Маҳамаджон Комилов ҳаёт бўлганда бу йил 100 ёшга тўлган бўларди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали мажлисда сўз олганлар у кишининг Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда ҳар қанча машаққатли бўлмасин, кўриш аъзолари жароҳатлари ва уларнинг профилактикасига бағишланган докторлик илмий ишини муваффақиятли ёқлагани, ўша йилларда Москва, Ленинград, Прага, Вена шаҳарларида малака оширишга эришгани, Ўзбекистонда офтальмология соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этишди.
— Маҳамаджон Комилов жарроҳлик техникасини мукаммал эгаллаган, ҳар қандай кўз касаллигини операция қилишга қодир шифокор эди, — дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг офтальмология кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Мунира Қосимова. — Устоз биринчилардан бўлиб йирик ишлаб чиқариш корхоналарида кўриш аъзолари жароҳатларининг профилактикаси, кўриш аъзоси контузиясининг таснифланиши, кўз жарроҳлигининг микрохирургик техникаларини ишлаб чиққан ва амалиётга татбиқ этган. Кўз жароҳатлари, яллиғланиш, қон томир касалликлари, катаракта ва глаукоманинг олдини олиш бўйича олиб борган изланиш ва тадқиқотлари ҳанузгача кўз шифокорлари томонидан ўрганилмоқда. Шу билан бирга, 60-йилгача кенг тарқалган, халқимиз тили билан айтганда “шилпиқ”, яъни трахома касаллигининг профилактикаси ва кўзнинг бошқа инфекцион касалликларини даволаш борасида олиб борган илмий-амалий изланишлари натижасида Ўзбекистонда бутунлай трахома касаллиги бартараф этилган.
М.Комилов нафақат тажрибали кўз шифокори, балки Москва ва Тошкент шаҳридаги Врачлар малакасини ошириш институтларида узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритган маҳоратли педагог ҳам эди. Қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикасининг бош офтальмологи сифатида 1958 йилда Ўзбекистон офтальмологлари илмий жамиятини ташкил этди. Ўз даврида Бутуниттифоқ офтальмологлар жамияти Президиуми ҳамда “Ўзбекистон тиббиёти” журнали таҳририятининг аъзоси сифатида Маҳамаджон Комилов офтальмологиянинг янги йўналишларига асос солди, жумладан, нейроофтальмология, офтальмотравматология соҳаларини ривожлантирди ва ўз шогирдларини шу соҳаларга йўналтира олди.
— Маҳамаджон Комиловдек фидойи, жонкуяр, маҳоратли шифокорнинг фарзанди, шу билан бирга, отамнинг илмий-амалий фаолиятини муносиб даражада давом эттиришга муваффақ бўлаётган Ўзбекистон Қаҳрамони Холиджон Комиловнинг синглиси эканлигимдан фахрланаман, — дейди олий тоифали офтальмолог-шифокор Гулжамила Комилова. — Уларнинг кўз касалликларининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш, янги жарроҳлик амалиётларини ишлаб чиқиш бўйича юритган фаолияти нафақат мен, балки республикамиздаги барча кўз шифокорлари учун намуна бўла олади.
Инсон борки, дунёни англаш, оламнинг сир-синоатларини ўрганишга ҳаракат қилади. Бунинг учун инсонга эшитиш, ҳис қилиш, сезиш ва кўришдек чексиз имкониятлар тақдим этилган. Дунёни англашга хизмат қилувчи кўзни турли хил бало-қазолар, касалликлардан асраш йўлида меҳнат қилаётган серқирра кўз шифокорларимиз бор экан, биз, инсонлар мўъжиза ва гўзалликларга бой бу дунёни бор рангида кўришимиз мумкин. Шундай экан, Маҳамаджон Комиловдек ёрқин, фидойи олимимиз хотираси ҳамиша қалбларимизда бўлиши шубҳасиз.
Саодат ЖАББОРОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд шаҳрининг “Гўрўғли” кўчаси, 90-уйида яшовчи Вали Зиёев ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. ...
01 янв 1970
Кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?...
01 янв 1970
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмо...
01 янв 1970
Ёшим саксондан ошди. Фарзандларим, невара-чевараларим бағрида яшаяпман.