Хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳимоялаш давлат сиёсатининг устувор йЎналишидир

/
Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда хусусий мулк ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди.
Рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, ортиқча бюрократик ғовларни бартараф этишга оид муҳим аҳамиятга эга бўлган қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Тадбиркорларда моддий-техника ва молиявий ресурслар олишлари учун кенг имкониятлар пайдо бўлди, бизнес муҳити яхшиланди. Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари ва рухсат бериш тартиботлари анча қисқарди, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобот тизими соддалаштирилди.
Уларнинг молиявий хўжалик фаолиятини фақат солиқ органлари текшириши, тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораларининг фақат суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди.
Бундан ташқари, барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ва мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.
Айниқса, қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимининг жорий этилгани келгусида тадбиркорларга ортиқча маъмурий чекловларни жорий этадиган қоидаларни аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан кучга кирган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан тадбиркорлар жавобгарлигини либераллаштиришга қаратилган нормалар белгиланди.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 5 та кодекси ва 8 та қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қонун билан тадбиркорларнинг маъмурий, жиноий ва молиявий жавобгарлиги либераллаштирилди.
Жумладан, қонунга асосан эндиликда тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди. Бунга қадар Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига мувофиқ асосий ёки қўшимча жазо сифатида тадбиркорлик субъектларига нисбатан шундай жазо тури қўлланилиб келинаётган бўлиб, бу ҳолат тадбиркорларимизнинг билиб-билмасдан содир этган ҳаракати учун маълум муддат ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаб қўярди. Тадбиркорларимизга нисбатан бу турдаги жазонинг қўлланилмаслиги уларнинг келгусида ўз фаолиятини давом эттиришига имконият беради.
Шунингдек, Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 7 та моддаси биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилди.
Бундай асослар билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 та моддаси бўйича тадбиркорлар жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.
Шунингдек, Солиқ кодексида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектлари етказилган зарарни қопласа, уларга нисбатан молиявий жарима қўлланилмаслиги белгиланди.
Бу енгилликлар биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорларга ўзининг тадбиркорлик фаолиятини салбий оқибатларсиз давом эттириш имконини беради ва уларнинг ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу қонунга асосан тадбиркорлар фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар фаолиятига назорат органларининг аралашувини кескин қисқартиради.
Энди назорат қилувчи органлар фақатгина жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қисқа муддатли текширишлар ўтказишга ҳақли. Бундай текшириш фақат республика Кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилиши мумкин ва текшириш муддати бир иш кунидан ошмайди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, амалиётда муқобил текширишларни ўтказишда турлича ёндашувларга йўл қўйилаётган эди. Яъни бир тадбиркорда ўтказилаётган текшириш ёки жиноят иши доирасида иккинчи тадбиркор билан боғлиқ муносабатлари аниқланса, иккинчи тадбиркор фаолиятини ҳам тўлиқ текшириш ҳолатлари учраб турарди. Бу эса тадбиркорларимизнинг ҳақли норозиликларини келтириб чиқарарди. Эндиликда бундай текширишларга батамом барҳам берилди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати тадбиркорлик субъектларида қўзғатилган жиноят иши доирасида тафтиш ўтказишнинг процессуал тартиби аниқ белгилаб берилди. Илгари бундай тартиб белгиланмаган эди. Бунда тафтиш тайинлаш асослари, муддатлари, тафтиш ўтказувчи шахслар ва тафтиш ўтказилаётган субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилди.
Бу тадбирларнинг барчаси келгусида — тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш, улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга ҳамда пировардида республика иқтисодиётини мустаҳкамлашга ва халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Жаҳонгир УЗАҚОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг «Женерал ...
01 янв 1970
Сайловчилар манфаатлари йўлида жонкуярлик билан иш олиб бораётган халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депу...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб к...
01 янв 1970
Шу кунларда барчамиз биргаликда юрагимизда чуқур дард билан, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудоликни бошимиздан кечирмоқдамиз....