Обод бўлаётган илм-фан қасри

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқадиган, илм-фан тараққиётини халқимиз, Ватанимиз юксалиши, равнақи, ёрқин келажаги учун хизмат қилдирадиган дастуриламал ҳужжат бўлди.
Бу қарорда кўп йиллардан бери иш юритиб келаётган мавжуд академиянинг илм-фан соҳасидаги фаолиятини кейинчалик шунчаки давом эттириш эмас, балки уни тубдан янгилаш, илмий тадқиқот соҳасидаги изланишларга кенг йўл очиб бериш, яратилаётган илмий янгиликлар, ихтироларни ҳаётга жорий этиш, бошқариш тизимини такомиллаштириш, унинг жаҳон илм-фанидаги ролини ошириш, нуфузини юксалтириш билан боғлиқ жиддий чора-тадбирлар белгиланган. Бундай ўзгаришларни амалга оширишни ҳаётнинг ўзи ҳам, бугунги тараққиёт ҳам ижтимоий заруратга айлантирганди.
Қарорда Фанлар академияси бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилганлиги эътирофга лойиқ. Яъни илм-фаннинг устувор йўналишлари ривожланишини таъминлаш мақсадида академияда физика-математика ва техник фанлар, кимё-биология фанлари, ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича бўлимлар тузиладиган бўлди. Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Навоий бўлими ташкил этилиши илм аҳли учун ниҳоятда қувончли воқеага айланди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Эътибор беринг, Навоий саноати ривожланган вилоят. Бу ерда саноатнинг турли тармоқларини янада тараққий эттириш, инновацион технологияларга кенг йўл очиб бериш учун илм-фан ҳамкорлиги ниҳоятда зарур эди. Бу ҳамкорлик шу пайтгача марказдан туриб амалга ошириларди. Энди эса академиянинг Навоий бўлими ташкил этилиши ҳамкорликни вилоятнинг ўзида амалга ошириш имконини туғдирди. Бошқача айтганда, илм-фаннинг саноат тараққиёти билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланадиган бўлди. Шу ўринда яна бир муаммо ўз ечимини топди. Шу пайтгача ҳам бу ердаги саноат корхоналарида олимлар томонидан турли ихтиролар, ишланмалар, кашфиётлар ҳаёт талаби билан яратилар, қисман ишлаб чиқаришга жорий қилиниб келинарди. Лекин уларни ҳужжатлаштириш, янгилик, ихтиро сифатида эътироф этиш қийин кечарди. Бўлимнинг очилиши бу борада енгилликларни юзага келтирадиган бўлди.
Булардан ташқари, Навоий эркин иқтисодий зонага эга регионлардан бири ҳисобланади. Эркин иқтисодий зонанинг асосий талабларидан бири эса бу ерда илм-фан ривожи учун ва уни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш учун имкониятлар яратиб беришдан иборат. Айни пайтда бундай иқтисодий зоналарда хорижий ва қўшма корхоналар фаолият юритгани сабабли уларда чет эллик олимларнинг ишланмалари, ихтиролари ҳам ишлаб чиқаришга жорий қилиниши мумкин. Бундай жараёнда эса мамлакатимиз илм-фан аҳли билан хорижлик олимларнинг ҳамкорликлари муҳим аҳамият касб этади. Академиянинг Навоий бўлими мана шундай ишларда бевосита бош-қош бўлади, деб умид қиламиз. Умуман, мазкур бўлимнинг очилиши мамлакатимизда илм-фан марказини яна биттага кўпайтирди.
Қарорга мувофиқ, Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академияси раислари мавқеи академия вице-президенти даражасига тенглаштирилиши ҳам ҳудудларда илм-фан салоҳиятини тиклаш ва нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган ишларнинг яна бир тасдиғидир.
Мамлакатимизда илм-фан соҳасида ва Фанлар академиясининг фаолиятини бошқариш тизимини мукаммаллаштириш борасида олиб борилаётган катта ишларни кўриб, улуғ шоиримиз Алишер Навоийнинг “Йиқилса ҳужра, бўлсун қаср обод”, деган мисраси хаёлимга келди. Дарҳақиқат, бугун амалга оширилаётган улуғ ишлар кичик ҳужралар ўрнида илм-фаннинг обод қасрлари бунёд этилаётганидан далолат беради.
Ғайбулла САТТОРОВ,
Навоий давлат кончилик институти профессори, техника фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қорақалпоғистонлик фидойи, ишбилармон-тадбиркорлар ҳам му...
01 янв 1970
Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган вазифаларни самарали бажариш, энг аввало, инсон омилига боғлиқ....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимиз эришган ютуқлар ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида чуқур из қолдирди....
01 янв 1970
Юртимизда янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор нафаси уфуриб, қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатган, кўнгилларга эзгулик ёғдулари ёғила бошлаган ...