Ижро механизми такомиллашмоқда

/
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир. Шу маънода мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими шакллантирилиб, Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатига айланди.
Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида тўхталиб, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми эканлиги, асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли сифатида қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича аниқ ишлайдиган механизм яратиш бўйича таклифларни илгари сурган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни ушбу соҳада ягона механизмни жорий этишда муҳим қадам бўлди.
Таъкидлаш лозимки, ҳақиқатан ҳам ўтган даврда миллий қонунчилик тизимида амалга оширилган салмоқли чора-тадбирларга қарамай, мамлакатимизда қонун ҳужжатларини, жумладан, расмий тарқатмаларни тарқатишнинг ягона механизми ва тартиби мавжуд эмас эди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шарҳларсиз, концепциясиз ва бошқа ахборот материалларисиз нашр этилар, давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш бўйича чоралар белгиланмаган эди.
Президентимиз қарори билан янги қабул қилинган қонунлар, бошқа қонун ҳужжатларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тўғридан-тўғри ижро этиш ва амалиётда қўллаш учун расмий тарқатма орқали юборишнинг ягона тартиби ва муддатлари белгиланди.
Бундан буён тегишли қонунлар қабул қилингандан кейин уни ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришни ташкил этишга масъул бўлган давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари матнларида кўрсатилади. Ушбу механизм янги қабул қилинган қонунларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Назоратни амалга ошириш юклатилган масъул давлат органи ва ташкилоти ҳужжат имзолангандан кейин уни ижро этиш, ижрочиларга етказиш ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди.
Қарор билан жорий этилаётган яна бир янгилик, бундан буён қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий мазмуни ва аҳамиятини тарғиб қилиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида тайёрланган ахборот-таҳлилий материаллари асосида амалга оширилишидир. Бу эса уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ етказишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилади. Зеро, қонун устуворлигини таъминлашда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу ўз навбатида, биз, парламент аъзоларидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича янги Миллий дастурни яратиш борасида олдимизга қўйилган вазифани тезроқ амалга оширишни тақозо этади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштирувчи, услубий раҳбарлик ва назорат қилувчи ваколатли орган сифатида Адлия вазирлиги белгилангани ҳам ушбу қарорнинг яна бир муҳим жиҳатидир.
Шунга мувофиқ, бундан буён барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланган куни ахборот-таҳлилий материаллари билан бирга қоғоз ва электрон шаклда Адлия вазирлигига юборилади, Адлия вазирлиги эса бир кунлик муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни электрон шаклда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб бериладиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларига етказилишини таъминлайди.
Шу билан бирга, ваколатли орган зиммасига янги қабул қилинган ҳужжатларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бир кунлик муддатда жойлаштириш ва ҳар ҳафта Ўзбекистон Республикасининг Қонун ҳужжатлари тўпламида эълон қилиб бориш вазифаси ҳам юклатилмоқда.
Қарор билан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва халқ депутатлари Кенгашларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш соҳасидаги ҳисоботларини эшитиш амалиётини йўлга қўйиш белгилангани мазкур соҳада вакиллик органларининг ролини кучайтириши баробарида сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари зиммасидаги масъулиятни оширади.
Мазкур қарорда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг амалий механизмларини назарда тутувчи “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилангани, айниқса, биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Мухтасар айтганда, “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан соҳада ягона механизм жорий этилаётган бир шароитда қабул қилинаётган қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларини яратиш, уларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири ва ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш биз, депутатларнинг энг долзарб вазифаларимиздан биридир.
Тўлқин АБДУСАТТОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Квартира сотиб олаётганимда уй эгасига закалат бердим. Бу ҳақда нотариал тасдиқлатиш учун нотариусга борганимда, у бундай келишувни тасдиқлашдан бо...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чам...
01 янв 1970
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёс. ...
01 янв 1970
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, шартноманинг қандай шартлари истеъмолчи ҳуқуқини чеклаб қўювчи ҳи...