Муаммолар ҳал этилиши сенатор ва депутатларнинг назоратига олинди

/
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан жонли мулоқотлар ўтказиб, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни яқиндан ўрганишди, хонадонларга кириб, одамлар билан суҳбатлашдилар. Шуни таъкидлаш жоизки, учрашувларда одамларнинг ўз орзу-мақсадларига интилишлари, инсон манфаатлари рўёбга чиқишига бўлган ишончи, жамият ҳаётига фаол муносабати яққол акс этди.
АНДИЖОН. Шаҳрихон туманидаги маҳаллаларда ўтказилган жонли мулоқотларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Алишер Шодмонов ва Муҳаррам Дадаходжаевалар ҳам фаол иштирок этишди.
“Янги турмуш” ва “Қозиқўрғон” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар Мансурбек Каримов ва Марғуба Меҳмонова тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, хонадонларида чорвачилик билан шуғулланиш борасида аниқ тушунчага эга эмаслигини айтишди. Депутат А.Шодмонов бу борада яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида уларга батафсил маълумот берди.
Муҳими, Халқ банкининг туман бўлими томонидан М.Каримовга 7 миллион ва М.Меҳмоновага 14 миллион 900 минг сўм кредит ажратишга оид ҳужжатлар расмийлаштирилди. Депутатнинг кўмаги бошқа фуқароларни ҳам ташаббусларини рўёбга чиқаришга ундади.
Шу куни молия муассасаларига ўндан ортиқ фуқаро кредит масаласида ариза билан мурожаат қилди ва уларнинг ташаббусларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга киришилди.
“Оғалик” маҳалласи аҳолисини кейинги вақтда ҳудудда зовурлар қазилмаётгани натижасида зах сувлар кўпайиб бораётгани қийнар эди. Фуқаро Ҳалимжон Акбаров хонадонида бўлган суҳбатда шу масала кўтарилди. Депутат А.Шодмонов мутасадди ташкилот билан фикрлашиб, бу иш бўйича чоралар белгиланганини маълум қилди. Халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгаши депутати Б.Ҳалимов ижро юзасидан назорат олиб боришни ўз зиммасига олди.
Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадаходжаеванинг “Ҳамдўстлик” қишлоғидаги учрашувлари фуқароларнинг парламент вакилларига бўлган ишончини янада оширди. М.Дадаходжаева, аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, инсон манфаатлари ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар хусусида сўзлаб берди.
Хонадонларда бўлган мулоқотлар чоғида фуқароларни қийнаётган қатор муаммолар ўз ечимини топди. Хусусан, “Мулладўст” маҳалласида яшовчи фуқаро Давронбек Каримов кўпдан буён қуёнчилик билан шуғулланиш истагида эканлиги, аммо маблағ масаласи уни ўйлантираётганини баён қилди. Депутат унинг бу таклифини қўллаб-қувватлади, амалий чоралар кўрилиши натижасида Д.Каримов тумандаги молия муассасалари кўмагида имтиёзли кредит билан таъминланадиган бўлди.
“Найман” маҳалласида яшовчи фуқаро Барнохон Тўйчиева хонадонидаги суҳбатда оила ижтимоий кўмакка эҳтиёжмандлиги аён бўлди. Б.Тўйчиеванинг соғлиғини тиклашида туман тиббиёт бирлашмаси имтиёзли равишда даволаш ишларини амалга оширишни зиммасига олди.
Депутат ҳудуддаги 32-, 354-, 38-умумтаълим мактабларида бўлиб, мазкур муассасалардаги шарт-шароитлар билан танишди. Ушбу таълим масканларининг бинолари таъмирталаблиги аниқланди ва депутат тегишли дастурга биноларни капитал таъмирлаш масаласига доир таклиф киритишини маълум қилди.
СИРДАРЁ. Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Орифжон Қудратов бошчилигидаги ишчи гуруҳи мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда Боёвут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасалар, тумандаги бир қатор маҳаллаларда фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказди, улар хонадонларга кириб шарт-шароитлар билан танишиб, мавжуд муаммоларни ўргандилар.
Жумладан, туман марказий шифохонаси поликлиникасига чақирувга бориш учун алоҳида автотранспорт воситаси ажратилмаганлиги аниқланиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан бу масала тезда ҳал этилди. Ушбу тиббиёт муассасасида инсулин дори воситаси етишмаслиги эътиборга олиниб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ёрдамида шифохона мазкур дори воситаси билан таъминланди.
Тумандаги “Алишер Навоий”, “Навбаҳор”, “Носир Маҳмудов” қишлоқ врачлик пунктларини доимий фаолият кўрсатувчи умумий амалиёт шифокорлари билан таъминлаш, зарур кадрларни туманга жалб қилиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклиф киритишга келишилди.
Боёвут шаҳарчасининг “Соҳил” маҳалласида 1860 киши истиқомат қилади. Маҳалладаги 48 та хонадонга кириб, фуқаролар билан суҳбатлашилганда, улар ўзларини қийнаётган масалаларни баён этишди.
Хусусан, 200 дан ортиқ хонадон ҳовлиларида сизот-зах сувларнинг тўпланиб қолаётгани ҳақида шикоят қилишди. Бу муаммони ҳал этишда “Алишер Навоий” кўчаси бўйлаб ўрнатилган 2500 метр масофадаги ёпиқ зовурни таъмирлаш, у орқали оқова сув бориб тушадиган очиқ зовурни ҳам қазиш кераклиги юзасидан 2012 йилдан буён бир неча маротаба юқори ташкилотларга мурожаат қилинганига қарамасдан, халигача натижа бўлмаганини қайд этишди.
Маҳалладаги “Беруний” шоҳкўчаси бўйлаб зах сувларни тортишга мўлжалланган 4 та тик қудуқнинг иккитаси 2016 йилда мукаммал таъмирланган, аммо электр таъминоти билан боғлиқ муаммо туфайли қудуқлар ишламаяпти. Маҳалла ҳудудидаги кўчалардан йиғилиб чиқаётган оқова сувлар “Беруний” шоҳкўчасини кесиб ўтиб, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бўлими ва Халқ банкининг туман бўлими жойлашган ҳудуддан ўтиб, “Маданият” кўчаси бўйлаб оқаётган ариқ сувига қўшилиб кетаётир. Аслида бу оқова сувлар мазкур ариқ-лотокнинг тагига ўрнатилган қувур орқали оқиб бориб, очиқ зовурга тушиши керак. Қувур эса носоз ҳолатда. Натижада оқова сувлар ариқ сувига қўшилиши аҳоли соғлиғига ва томорқаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги томонидан бир неча бор тегишли ташкилот раҳбарларига берилган топшириқлар натижасиз қолган.
О.Қудратов бошчилигидаги ишчи гуруҳи маҳаллада истиқомат қилаётган П.Шеров, И.Юсупова, Р.Қўчқорова, Ф.Бозорбоева, Ш.Асқарова, И.Аллаёров ва О.Қўчқоровларнинг хонадонларига кирганида, уларнинг ҳовлиларида сизот сувларнинг кўтарилиши натижасида юзага келган ҳолат яққол кўринди.
“Муқимий” ва “Улуғбек” кўчаларидаги хонадонларда яшаётган аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга мўлжалланган 1800 метр масофадаги сув қувурлари таъмирталаб бўлиб қолгани боис сув таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб турибди.
Бир неча йил олдин маҳаллий ҳокимият томонидан кам таъминланган оилалар истиқомат қилиши учун “Ибн Сино” кўчасида ажратиб берилган уй-жойларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш масаласи фуқаролар бир неча бор туман ҳокимлигига ва туман “Ермулккадастр” бўлимига мурожаат қилишганига қарамасдан ҳал этилмаяпти.
Шунингдек, фуқаролар товарлар ва хизматлар учун пластик карточкалар орқали тўловлар амалга оширилганда нархларни асоссиз равишда кўтариш ҳолатлари мавжудлиги, айрим савдо дўконларида нақд пул ва пластик карточкалар орқали тўловлар ўртасидаги фарқ 15-20 фоиз атрофида бўлаётганини қайд этишди.
“Тадбиркор” кўчасида истиқомат қилаётган фуқаро Эшқул Холбоев ўз томорқасида иссиқхона барпо этиш учун банк муассасасидан кредит олишда муаммо пайдо бўлгани хусусида маълум қилди.
“Учтўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи вояга етмаган I гуруҳ ногирони Ўткиржон Рўзибоев ногиронлар аравачаси олиш масаласида ёрдам сўради. Бу масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига талабнома киритилди.
Ушбу маҳаллада шахсий уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида уй қуриб яшаётган ўн нафардан зиёд хонадон соҳиблари кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда муаммоларга дуч келишаётганини айтишди.
Маҳалладаги “Янгиобод” кўчасида жами 11 та хонадонга табиий газ етказиб берувчи 1 километр узунликдаги табиий газ қувурлари туман газ идораси томонидан 2016 йил кесиб олинганлиги, газ билан таъминлашнинг бошқа чоралари кўрилмаганлиги фуқаролар эътирозларига сабаб бўлди.
Ўрганишларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда аниқ чоралар белгиланиб, уларнинг ижроси сенатор ва депутатлар назоратига олинди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапова Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “Истиқлол”, “Ўзбекистон”, “Отажонов” қишлоқ фуқаролари йиғинларида аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, хонадонларда бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Шунингдек, Л.Кошелапова бир қатор корхона ва муассасаларда бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишди.
Депутат аҳоли билан бўлган учрашувда уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш жараёнида юртимизда инсон манфаатлари учун яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиш лозимлиги хусусида ҳам тушунчалар берди.
— Коллеж битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда, — деди “Истиқлол” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Суннатилла Абдухолиқов. — Бундан ташқари, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, савдо шохобчаларидаги маҳсулотлар нархларида нақд пул ва пластик карточка орқали тўловлар ўртасидаги ортиқча тафовутлар ҳам барҳам топса, деймиз.
Тумандаги “Элдор хўжа нон” МЧЖ ва “Виа Текстиль Групп” МЧЖ фаолияти ўрганилганда 4 томонлама шартнома асосида ишга жойлашган коллеж битирувчиларининг бир неча нафари ишдан бўшашга ҳам улгуришгани аён бўлди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тамомлаган Беҳзод Жўлбеков депутат аралашуви билан 7-умумтаълим мактабига бухгалтер лавозимига ишга жойлаштирилди.
— Анча муддат бетоблигим туфайли фуқаролик паспортимни ўз вақтида ололмадим, — дейди Автотранспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нодирбек Эрназаров. — Шу сабабли туман ИИБ ФХЧ ва ФРБ томонидан менга белгиланган 74000 сўм жарима депутат Людмила Кошелапова кўмаги билан бекор қилинди. Қонуний тартибда фуқаролик паспорти олишимда амалий ёрдам беришганидан мамнунман.
Таълим муассасалари, маҳаллаларда ўрганишлар жараёнида бир қатор умумтаълим мактабларида мутахассислар етишмаслиги, маҳаллаларда ички йўлларнинг таъмирталаблиги, дорихоналар сонининг камлиги, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий хизмат кўрсатиш сифати етарли даражада эмаслиги ҳолатлари қайд этилди.
— Ҳудудимиздаги савдо дўконларида бир қоп ун нақд пулга 111 минг сўм, пластик карточкага эса 139 минг сўмга сотилишига гувоҳ бўласиз, — деди “Майдонтол” ҚФЙда яшовчи фуқаро Мафтуна Ҳазратова.
“Тошлоқ”, “Истиқлол”, “Гул”, “Янги ҳаёт” қишлоқлари аҳолиси томонидан ҳам мавжуд муаммоларга депутатнинг эътибори қаратилди. Жумладан, “Қуйи Чирчиқ деҳқон бозор” МЧЖнинг бугунги кундаги фаолияти, мазкур ҳудудларда дорихоналар йўқлиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Бозор ҳудудида автотураргоҳларнинг мавжуд эмаслиги, бу ерда санитар-гигиеник аҳвол талабга жавоб бермаслиги, сотувчилар учун шароитлар етарли эмаслигини назардан четда қолдириб бўлмайди.
— Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилмаяпти, — дейди “Мевазор” маҳалласида яшовчи фуқаро Шарофат Намозбоева. — Айниқса, ҳозирда кексалар, болалар ўртасида шамоллаш ҳолатлари кўп бўлгани боис шифокор ёрдамига эҳтиёж ортади. Бироқ шундай пайтларда тез тиббий ёрдам чақирилганда шифокорларнинг ўз вақтида етиб келмаслиги фуқароларга қийинчилик туғдирмоқда.
Фуқароларнинг ўринли эътирозлари ўрганилганда мутасаддилар ички йўлларнинг носоз эканлиги сабаб “Тез тиббий ёрдам” автомашинасининг жойларга етиб боришида кеч қолиш ҳолатлари юзага келаётганини билдиришди.
Мулоқотлар давомида фуқаролар аҳолига туманда тегишли рухсатномаларсиз транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатлари кўплигидан шикоят қилишди. Бу эса қатор масалаларни, жумладан, ҳайдовчиларга йўл ҳақини истаганча белгилаш имконини юзага келтиради. Учрашувларда “Гул”, “Қўрғонча”, “Тошовул”, “Янги ҳаёт”, “Навоий” маҳаллаларида автобуслар қатновини йўлга қўйиш зарурлиги, бир қатор маданият ва аҳоли дам олиш марказларини қайта таъмирлаш кераклиги ҳақида таклифлар билдирилди.
Л.Кошелапова ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни ҳал этишга мутасадди ташкилотлар диққатини қаратди ҳамда депутат бу масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини ўз назоратига олди.
Акбар НАЗАРОВ, Шуҳрат ҲАСАНОВ, Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,
Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоят кенгашлари матбуот котиблари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш, илм-фаннинг юксак чўққиларини эгаллашлари учун кенг шарт-шароитлар яратилган....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фарзандим 2016 йилда касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Бугунги кунда хусусий корхонада ишламоқда....
01 янв 1970
Онам билан аёллар учун кийим-кечаклар тикиб, бозорга чиқармоқчимиз. Ўзимиз яшаётган турар жойда фаолиятни амалга оширсак бўладими?...