Ҳамжиҳатлик – ютуқларимизнинг муҳим омили

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонини халқимиз хайрихоҳлик билан кутиб олди. Халқимиз ҳаётини обод этиш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ижросига камарбаста бўлиш туйғуси ҳар бир юртдошимиз қалбида, ўй-фикрида...
Муҳаммадбобур ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи:
– Мустақил давлат сифатида жаҳон майдонида ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган юртимизда аждодлардан мерос бўлиб қолган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, меҳр-оқибат каби гўзал қадриятлар янги маъно-мазмун билан бойиб бормоқда. Бу – Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчликда, турли миллат ва дин вакилларининг ўзаро аҳиллигида яққол намоён бўлаётир.
Бунга мустақилликнинг илк йилларидан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан халқимизга хос азалий урф-одат ва анъаналарни кўз қорачиғидек сақлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, буюк аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларнинг муборак зиёратгоҳ ва қадамжоларини обод қилиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани мустаҳкам замин яратди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида диний бағрикенгликни таъминлашга алоҳида урғу берилгани шу йўналишдаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариши шубҳасиз.
Айтиш жоизки, халқимиз ислом дини ва ислом цивилизациясини жаҳон цивилизацияси, кишилик тараққиёти ва маданиятининг узвий қисми, инсонни руҳий-маънавий поклаш, унинг онгу шуурида шукроналик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик каби боқий қадриятларни мустаҳкамлашнинг асосий омили сифатида юксак қадрлайди. Шу боис ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлардан баҳраманд этиш, замонавий илм-фан чўққиларини эгаллаши йўлида барча шароит яратилган.
Президентимизнинг 2017 йил 14 февраль куни имзолаган «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Шу асосда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини янада чуқур ўрганишга кенг имкониятлар яратилади. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиши ана шу йўналишдаги ишларнинг тизимли амалга оширилишида муҳим ўрин тутади. Бу аҳоли, айниқса, ёшларда инсонийлик, юксак ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга бунданда кенг йўл очади.
Анвар ЧЎЛЛИЕВ, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани «Парвоз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Мамлакатимизда маҳалла фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти сифатида шаклланди. Давлатчилигимиз тарихида биринчи марта “маҳалла” тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми аниқ белгилаб қўйилди. Бу тузилма бугун ўзини ўзи бошқариш идораси, ҳақиқий демократия дарсхонаси сифатида кенг кўламли фаолият олиб бораётир.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган, халқимиз манфаатларини таъминлайдиган муҳим йўналишлар белгиланди. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш кабиларни ўз ичига олади.
Бу каби вазифаларни амалга оширишда маҳалла муҳим ўрин тутади. Зеро, бу институтнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири бугунги кунда янада кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантиришга оид чора-тадбирлар соҳадаги ишларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Айни пайтда мамлакатимизда ўн мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда. Ушбу тузилма аҳоли турли қатламлари манфаатларини ифода этиш баробарида, уларнинг фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.
Ўн мингга яқин аҳоли, ўндан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилаётган маҳалламизда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бевосита аҳоли билан иш юритадиган маҳаллалар зимммасидаги масъулиятни янада оширди. Шундан келиб чиқиб маҳалла фаоллари ҳар бир хонадонга кириб бориш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга эътиборни кучайтирган. Депутатлар, банклар билан бевосита ҳамкорлигимиз кучаяётгани ижобий натижалар бермоқда. Бу тадбиркорлик субъекти очиш, вақтинча ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга замин яратмоқда.
ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги бир ярим, икки йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда фараҳбахш муҳит юзага келди. ...
01 янв 1970
Маълумки, қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш жараёнида битта норма икки ёки ундан ортиқ ҳужжатда ҳар хил қўлланилиши ҳолатлари аниқланади...
01 янв 1970
Ўзимга тегишли уй-жойни катта набирамга мерос қилиб, васиятнома ёзган эдим.
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг кечмишида фавқулодда аҳамият ва қимматга молик шонли кунлари, таъбир жоиз бўлса, жамият ҳаётининг кескин бурилиш нуқталари бўлади....