Оқ халатга доғ тушмасин...

/
Мамлакатнинг энг катта бойликларидан бири бу халқ саломатлигидир. Зеро, соғлом халқ – соғлом келажак дегани. Бундай воқеликнинг ҳосиласи соғлом авлод эса юртнинг муносиб келажагини таъминлайди.
Дунёда яхши касблар кўп, бироқ, назаримда, улар ичида энг инсонпарвари, энг улуғларининг аввали шифокорликдир. Зеро, инсон ботмон-ботмон ганжларга топилмас сиҳатини айнан шифокорга ишонади.
Юртимизда халқ саломатлигини асраш борасида кўп эзгу ишлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Аммо, очиқ тан олайлик, соҳадаги катта-кичик камчиликлар, иллатлар ҳам юзга тошган ярадай ҳаммамизга ошкор кўриниб турарди. Афсуски, биз ярани вақтида даволамадик.
Ахир, ўзингиз айтинг, поликлиникага борган қайси бемор “кўнгилдан чиқариб” оқ халатли шифокорнинг чўнтагига уч-тўрт сўм солиб қўймайди? Энг ёмони – бундай “миннатдорчилик билдиришлар” салкам ёзилмаган қонунга айланиб қолди, энди бир нарса қистирмасангиз, доктору ҳамширалар сизга ғалати қарайдиган бўлишди. Ваҳоланки, мана шу оилавий поликлиника йўлакларида – баайни устингиздан кулгандай – “Бизда тиббий хизмат кўрсатиш бепул” деб ёзиб қўйилган. Биз буни ўқиймиз, фақат... парво қилмаймиз.
Натижада бошида безарар кўринган “қистир-қистир”лар бора-бора катта миқдорларга айланди, муайян операциянинг, айрим хасталикларни даволашнинг “ставка”лари пайдо бўлди. Отнинг калласидай катта пулни беришга қурби етмайдиган шўрлик беморлар эса қарз-қавола кўтаришга ўтдилар. Ҳатто эл орасида “Камбағал бўлсанг касал бўлма”, деган аччиқ нақл ҳам пайдо бўлди...
Ҳаммамиз яхши биламиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашди. Ўша тарихий учрашувда соҳадаги муаммолар очиқ-ойдин айтилди, уларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Президентимиз тиббиёт соҳаси доимий эътиборда бўлишини алоҳида таъкидлаб ҳам ўтди.
Бироқ... яна бир бор “яхши отга бир қамчи” деган қадим ҳикмат соҳа мутахассислари томонидан унутилганлигининг шоҳиди бўлдик. Тепса-тебранмас шифокорлар, уларнинг мутасадди раҳбарлари “ҳа, бу гаплар мавсумий, ўтади-кетади” деган хулосага боришган, шекилли, ўтган бир ойдан ортиқроқ вақт мобайнида айтишга арзигулик бир янгилик қилиб улгурмадилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни айнан 5 январдаги мажлисда белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳаммаси ошкор бўлди-қўйди. Хусусан, йиғилишда аҳолидан тиббиёт соҳаси бўйича Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар ҳақиқий аҳволнинг кўзгуси бўлаётгани яна бир бор таъкидланди.
Ҳа, йиғилиш фавқулодда танқидий-таҳлилий руҳда ўтди. Ўйлашимча, соҳанинг айрим боқибеғам раҳбарлари ҳам ниҳоят замон талаблари ўзгарганлигини, халқ саломатлигини авайлаб-асраш, эҳтиёт қилишга шахсан жавобгар эканликларини энди тушуниб етадилар!
Албатта, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул. Демак, шифокорлар ўзлари масъул ҳудудда хасталик камайишидан, аҳоли, айниқса, ёшлар бирон касалликка чалинмаслигидан манфаатдор бўлишлари лозим. Бу ўринда қизиқ бир мисол келтириб ўтайлик. Генри Форд заводларидан бирида таъмирловчилар, яъни линиянинг узлуксиз ишлашини таъминлаб турувчи ремонтчилар вақтбай ишлашган. Аммо, қизиғи шундаки, улар дам олиб ўтирган вақтлари учунгина маош олишган, ишлаган вақтлари учун эса уларга пул ёзилмаган. Яъни линияда носозлик юз берганини кўрсатувчи қизил чироқ ёндими, бу ходимларга пул ҳисоблайдиган счётчик тўхтаган. Шу сабабли бу ходимлар, биринчидан, таъмирлашни жуда тез бажаришган. Иккинчидан эса яна чақириб қолмасликлари учун ишни сифатли адо этишган.
Демак, тиббиёт ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезони ҳудуд аҳолиси орасида касалликларнинг кам учраши ва ҳаттоки умуман учрамаслиги бўлиши керак. Бунинг учун эса тиббиёт ходимлари уйма-уй юриб, касалликларни профилактика қилиши жоиз бўлади.
Тўғриси, тиббиёт соҳасида амалга ошириладиган ишлар жуда кўп. Юртимиз етакчиси бот-бот таъкидлаганидек, бугунги ўзгаришлар жараёнида оқ халат соҳибининг ўз ишига муносабати — маданияти, маънавияти, масъулияти, қолаверса, муқаддас қасамёдига қанчалар содиқлигида намоён бўлади. Энг муҳими, шифокор доимо қаршисида кўмак сўраб келган беморни, шу эл вакилини, Инсонни кўра билиши лозим...
Яна бир ҳақиқат шуки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси электоратининг асосий қисмини шифокорлар ташкил этади. Бу эса 5 январда, 7 февралда бўлиб ўтган очиқ-ошкор учрашувлар бизнинг зиммамизга алоҳида улкан масъулият ва вазифалар юклашини билдиради. Биз, партия аъзолари, фаоллари жон-жаҳдимиз билан меҳнат қилиб, соҳадаги муаммо ва иллатларнинг илдизи билан йўқ қилинишида фаол иштирок этишимиз шарт бўлади. Бусиз мумкин ҳам эмас. Зеро, биз фақат шу йўл билан халқимиз ишончига сазовор бўламиз, сафдошларимиз ва хайрихоҳларимиз сафи янада ошишига эришамиз. Энг асосийси эса халқимизнинг сиҳат-саломатлигини авайлаб-асрашдек улуғ ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Ривож ОТАРБОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда янги «Электрон солиқ хизматлар» портали ишлаб чиқилгани ва тест режимида амалиётга жорий қилингани ҳақида матбуотда ўқиб қолдим....
01 янв 1970
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йилнинг 7 март куни имзоланган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қон...
01 янв 1970
Халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари сайловга тайёргарлик ишларида фаол иштирок этмоқд...
01 янв 1970
Бугунги кунда ҳаёт тамаддунини, жамият юксалиши ва ишлаб чиқариш ривожини илм-фан тараққиётисиз, янги илмий ишланмалар, инновацион янгиликлар, кашф...