Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
– Жиянларим вояга етмаган. Уларнинг ота-онаси икки йиллик хизмат сафарига чет элга кетишган. Жиянларим менинг назоратим остида қолдирилган. Уларнинг холаси сифатида нотариал идорада жиянларимнинг вакили бўлишим мумкинми?
К.Пармонова, Самарқанд вилояти

– Жиянларингизнинг нотариал идорада вакили бўлишингиз қуйидагиларга боғлиқ:
Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонуни 20-моддасига мувофиқ, ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, мазкур шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланади.
Ота-она яшаш жойида олти ойдан кам муддатга вақтинча бўлмаганда, башарти бола улар томонидан қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, васийлик ёки ҳомийлик, агар бу боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.
Демак, хулоса қилиб айтиш мумкинки, жиянларингизнинг номидан нотариал идорада ҳаракат қилишингиз учун Сиз жиянларингизга уларнинг ёшига қараб васий ёки ҳомий этиб тайинланган бўлишингиз талаб этилади.
Саволга Нуробод туман ДНИ нотариуси Қахрамон АБДУЛЛАЕВ жавоб берди.
 
— Касб-ҳунар коллежи ўқувчисиман. Исмим туфайли ўртоқларим олдида кўп бора изза бўлаяпман.
Эшитишимча, исми, шарифи ва отасининг исмини ўзгартириш мумкин экан. Бунинг тартиби қандай?
Итолмас Қурбонов, Тошкент вилояти

— Мавжуд қонунга кўра, ҳар бир фуқаро ўз исмини, шунингдек, фамилияси ва отасининг исмини ўзгартириш ҳуқуқига эга. Ф.И.О. исмини ўзгартириш ҳақидаги аризалар ариза берувчи 16 ёшга тўлгач, турар жойидаги ФҲДЁ бўлими томонидан кўриб чиқилади. 16-18 ёшгача бўлганларга нисбатан Ф.И.О. исмини ўзгартиришда ота-она розилиги талаб қилинади. ФҲДЁ бўлими мудири тақдим қилинган ҳужжатлар ва зарур ҳолларда бошқа ФҲДЁ органларидан ўзининг талаби бўйича олинган керакли далолатнома ёзувлари нусхаларини тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар бўлимига жўнатади. Албатта, бунинг қонуний сабаблари бор.
Масалан, ўша шахс ғаразли мақсадда, яъни қидирувдаги жиноятчи, жазодан қутилиш учун Ф.И.О. исмини ўзгартираётган бўлиши мумкин. Ички ишлар бўлими тақдим қилинган ҳужжатларни ўрганиб, ФҲДЁ органига асослантирилган хулоса беради. Унга асосан, ФҲДЁ бўлими ариза берувчига Ф.И.О. исмини ўзгартириш ёки рад қилиш тўғрисида хулоса тақдим қилади.
Саволга Янгийўл тумани ФҲДЁ бўлими мудири Луиза МАҲМУДБЕКОВА жавоб берди.
 
— Матбуотда “битимлар тузилиши” ҳақида янгилик, хабарларни тез-тез ўқиб турамиз. Битимлар тузилиши тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
Н.Эгамов, Тошкент вилояти

— Фуқаролик кодексининг 101-моддасига кўра, битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.
Ушбу кодекснинг 102-моддасига биноан, битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.
Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ, бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 107-моддасида битимнинг ёзма шакли ҳақида сўз юритилган.
Унга кўра, ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак.
Агар қонун ҳужжатларига ёки иштирокчилардан бирининг талабларига зид бўлмаса, битим тузиш чоғида имзодан факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланилишига йўл қўйилади.
Икки тарафлама битимлар ҳар бирини бераётган тараф имзолайдиган ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш йўли билан тузилиши мумкин.
Саволга Яшнобод тумани 5-сон ДНИ катта нотариуси Хуршида ЭГАМБЕРДИЕВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
«Сизга ушбу хатни ёзишдан мақсадим шуки, 1988 йилда туғилган ўғлим 2015 йилда оила тебратиш учун Косон туманидаги шахсий хонадонлардан бирида...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси тузилди....
01 янв 1970
алаб ва таклиф тадбиркор фаолиятининг ўзига хос мезонларини белгилайди, десак янглишмаймиз....
01 янв 1970
Дилором Омонуллаева басталаган дилтортар қўшиқ ва мусиқалари билан миллионлаб санъатсевар ҳамюртларимизнинг қалбидан чуқур жой эгаллаган беназир иж...