Илм-фан ривожи – тараққиёт гарови

/
Ўтган 2016 йилнинг сўнгги кунлари ҳамда янги 2017 йилнинг дастлабки кунлари юртимиз илм-фан намояндалари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари, олий ўқув юртлари олимлари, умуман, илм-фан ривожига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз учун унутилмас, бахтли онларга бой бўлди десам, муболаға бўлмайди.
Аввало, ўша кунларда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг республикамиз академикларининг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, юртимизнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш ва мустаҳкамлашга, энг асосийси, бугунги ёшларимизнинг илм-фан билан шуғулланишга бўлган иштиёқларини оширишга хизмат қилувчи “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Иккинчидан, академикларни моддий-маънавий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган, узоқни кўзлаган, чуқур ўйланган бу фармондан ғурурланиб турган пайтимизда шахсан давлатимиз раҳбари бизлар билан учрашгани, академиклар билан илм-фанни ривожлантиришнинг истиқболлари, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш борасида ечимини кутаётган масалалар юзасидан суҳбатлашгани биз, академикларнинг қувончига қувонч қўшди.
Учинчидан, мазкур учрашувда Шавкат Миромоновичнинг олий таълим тизимида бир неча йил самарали меҳнат қилган илмий мутахассис, олим, яъни соҳада мавжуд имконият ва салоҳият ҳамда камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар хусусида батафсил маълумотга эга инсон сифатида мамлакатимизнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш, ёшларимизнинг илм билан шуғулланишга бўлган кўникма ва тажрибасини ошириш, олий таълим муассасаларида талабаларни ўқитиш сифатини яхшилаш борасида жонкуярлик билан билдирган фикр-мулоҳазалари барчамизда унутилмас таассурот қолдирди.
Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз ва жамиятимизнинг замон талаблари даражасида тараққий этишини илм-фансиз тасаввур қилиш қийин. Илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор замирида иқтисодиётимиз барқарор суръатларда ривожланишини таъминлаш, рақобатбардош, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, ёшларимизни етук, юксак билим ва маънавиятга эга мутахассис сифатида тайёрлаш, умуман олганда, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш сингари устувор вазифаларни изчил амалга ошириш мақсади туради десам, янглишмайман.
Бугунги кунда биз, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқдамиз. Хусусан, биз Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети, Техника университети қошидаги академик лицей ҳамда республикамизда фаолият юритаётган банк-молия тизимига кирувчи муассасалар билан узвий ҳамкорлик ўрнатиб келаяпмиз. Кези келганда айтиш керак, таълим муассасаларида вақти-вақти билан ёшларимизга математика фанидан сабоқ бериш баробарида интилувчан, билимли фарзандларимиз билан яқиндан суҳбатлашиш кишига мароқ бағишлайди.
Шундай суҳбатлар жараёнида ёшларга жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган ўрта аср алломалари, мутафаккир аждодларимизнинг ҳаёти, фаолияти, илм-фан соҳасидаги ютуқлари ва ноёб кашфиётлари ўз аҳамиятини ҳозирга қадар йўқотмасдан келаётганини, улар ҳам ўз навбатида буюк ота-боболаримизга муносиб авлод вакиллари бўлишлари лозимлигини кўп бора уқтираман. Шу билан бирга, уларга келажакда қайси соҳа ёки касб эгаси бўлишидан қатъи назар, математика фани ва хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари кераклиги ҳақида насиҳат беришдан чарчамайман. Зеро, математика барча фанларнинг асоси ҳисобланади. Математикани яхши ўзлаштирган ҳар бир ўқувчи бошқа фанларни ҳам тез тушунади, мантиқан тўғри фикрлайди ва шу асосда тўғри қарор қабул қилади. Бу жиҳатлар эса барча соҳа ва тармоқларда фаолият юритадиган мутахассисларда мавжуд бўлиши кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Хорижий тилларни ўзлаштириш ҳам ҳар қандай соҳа вакилига асқотади. Боиси, хорижий тилларни билган инсон жаҳон миқёсида турли соҳаларда ёки илм-фан борасида қандай янгиликлар, амалиёт ва тажрибалар қўлланилаётганидан хабардор бўлиб туради, қолаверса, бундай инсонлар хорижлик ҳамкасблари билан ўз соҳаси бўйича бемалол суҳбатлашади, баҳслашади, тажриба алмашади. Энг муҳими, чет тилларни билиш кишига ўзи туғилиб ўсган мамлакатининг салоҳияти ва қудратини, урф-одат ва анъаналарини бутун дунёга намойиш этиш имконини беради.
Мухтасар айтганда, ёшларимизнинг униб-ўсиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун барча шароит яратилган бугунги замонда биз, катта авлод вакиллари, илм-фан намояндалари, академиклар, аввало, уларга ҳаётда тўғри йўналиш кўрсатишимиз, фанга бўлган қизиқишларини оширишимиз шарт. Зотан, ҳар томонлама билимли, иқтидорли ва изланувчан ёшлар эртанги кунимизнинг эгалари, бугунги ислоҳотларнинг муносиб давомчилари бўлади.
Шавкат АЮПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳудудий тармоқлар фаолиятига татбиқ этиш...
01 янв 1970
Мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, “Қизилпета” МФЙ Гулистон кўчасидаги 56-уйда яшайман. ...
01 янв 1970
Бу жараён эндиликда дунёда тараққиёт йўлини тутган барча мамлакатларда эътироф этилмоқда....
01 янв 1970
Яқинда Тошкентнинг Амир Темир хиёбонига туташ Сайилгоҳ кўчасида ўтказилган “Китоб байрами”га бориб, бир ажойиб инсон билан танишиб қолд...