Халқ билан мулоқотнинг амалий ифодаси

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи, аввало, халқ билан мулоқотнинг яққол амалий ифодаси сифатида қорақалпоғистонликлар қалбини тоғдек кўтариб, эзгу ният билан қилаётган меҳнатлари, бунёдкорлик фаолиятига янада куч-ғайрат бағишлади.
Айниқса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлаганлиги мамлакатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат бериб, бутун Қорақалпоғистон аҳлини беҳад мамнун этди. Бундай ҳурмат ва эътибор, ишонч учун аниқ ишлар, ижобий натижалар билан жавоб беришни ҳар бир юртдошимиз ўз дилига тугиб олди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугун Қорақалпоғистонда 1 миллион 800 мингга яқин аҳоли истиқлол инъом қилган имкониятларни ишга солган ҳолда янгиланишлар жараёнларига ҳисса қўшишга интилиб, тинч-осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Гўзал ва навқирон Нукус шаҳри ҳамда 14 та туман марказларида мустақиллик туфайли бошланган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари қизғин тус олган. Нукус шаҳри йилдан-йилга мутлақо янги қиёфа касб этиб бормоқда.
Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг қарийб ярми, ҳудудий экспортнинг 75 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи айнан шу соҳада ўзи ва оиласи тўқ, яхши шароитларда яшаб, орзу-мақсадларига етишиб, юрт равнақи учун меҳнат қилиб келмоқда. Халқимиз учун муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаси сифатида белгиланган бир пайтда бу рақамлар мазмунини янада чуқурроқ англаймиз.
Мамлакатимиз раҳбари ўз ташрифи давомида тиббиёт, таълим, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва иқтисодиёт тармоқларини янада ривожлантириш орқали халқимиз фаровонлигини ошириш тўғрисида таъкидлаган фикрлари, илгари сурилган муҳим вазифалар соҳа масъулларининг кундалик фаолиятида дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Бу устувор вазифалар халқ вакиллари ҳисобланган биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Сайловчилар олдидаги депутатлик бурчимиз ва ваколатларимиздан фойдаланган ҳолда, энг аввало, аҳолимизга мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилган ҳолда, оддий, халқчил тилда етказиш, ислоҳотлардан кўзланган мақсад — юртимизда яшовчи ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг яшаш тарзини янада яхшилашга қаратилганини кўрсатиб беришимиз лозим. Оролбўйи минтақасини ривожлантиришга доир дастурда белгиланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган вазифалар ижроси бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш айни пайтда партия депутатларининг диққат марказидаги масала саналади.
Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг ичимлик суви таъминоти даражасини 2016 йилдаги 50,8 фоиздан 2021 йилда 74 фоизга етказиш, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш натижасида 30 га яқин аҳоли пунктларини шўр сувларни чучуклаштирувчи асбоб-ускуналар билан таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли пунктларида санитар-гигиеник шароитларини яхшилаш, саноат ва қишлоқ қурилиш соҳасида ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш орқали кўп минг сонли янги иш ўринларини яратиш каби кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгиланган.
Орол денгизи билан боғлиқ минтақада юзага келган мураккаб экологик шароитда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалаларининг долзарблиги ҳам бу борада ушбу дастурдан ўрин олган чора-тадбирларнинг нақадар ҳаётий ва муҳим эканини кўрсатади. Шу билан бирга, дастур ижроси ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг тиббий ва экологик маданиятининг юксалишида амалий аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Президентимиз ўз ташрифи давомида Нукус шаҳри ва бир қатор туманларда оддий одамлар билан суҳбатлашди, уларнинг бугунги янгиланишларга фаол муносабати, ўз олдига қўйган орзу-мақсадлари, фаолияти, жойларда мавжуд масалалар ҳақидаги фикрлари ҳар биримизда халқимиз ҳаётининг тиниқ бир кўзгуси каби тасаввур уйғотди десак, янглишмаймиз. Ҳар бир хонадонга кириб бориш, одамлар билан бевосита мулоқот қилиш, халқ билан ҳамнафас яшаш ва шунга мутаносиб равишда фаолият олиб бориш билан аниқ натижаларга эришиш мумкинлигини яна бир бор англаб етдик. Депутат халқнинг ишончли вакили эканини назарда тутсак, очиғи, одамларнинг дардини тинглаб, аҳоли билан яқин алоқада ишлаш борасида камчиликларимиз борлигини яққол кўриб турибмиз. Бу жиҳатдан амалий тажрибаларимизни кўпайтириш вақти келди. Аслида масаланинг катта-кичиги бўлмайди, бирор муаммо пайдо бўлдими, у албатта аниқланиши ҳамда ечимини топиши шарт, бу эса аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш орқали амалга ошадиган жараён. Замон ва тараққиёт талаби ҳам шуни тақозо этади. Корхона ва муассасаларда сайловчилар билан учрашувлар асносида у ердаги шарт-шароитларга янада жиддий масъулият билан қарашимиз, мавжуд масала ёки зарур жиҳатлар эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партия фаоллари билан биргаликда Президентимиз томонидан ҳудуд тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга доир белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, бу борада амалга оширадиган ишларимиз хусусида фикрлашиб олдик.
Барлиқбой ПРЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юқоричирчиқ туман партия кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари “Сирғали” маҳалласи аҳли билан мулоқотда бўлишди....
01 янв 1970
Аудиторлик ташкилотларини тугатиш қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади?...
01 янв 1970
Юртимизда барча соҳалар қатори таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан Қорақалпоғистон аҳли ҳам манфаатдор ва мамнун эканини аҳоли билан ...
01 янв 1970
Жиззах давлат педагогика институтида “Биз мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди....