Халқ билан мулоқотнинг янги тизими ёхуд эзгулик йўлидаги бардавом одимлар

/
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги мақсадлар изчил ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. 25 йил мобайнида олиб борилган ислоҳотларнинг туб мақсади инсон ва унинг фаровон турмуши учун йўналтирилди. Бу борадаги миллий қонунчилигимиз шакллантирилди. Шунга мос равишда ўтган даврда фуқароларимизнинг ҳам ҳуқуқий онги ва маданияти юксалди, ҳаётга муносабати ўзгарди, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланди. Бугунги давр нафаси билан яшаётган, келажакда бунданда яхши яшаш учун интилаётган одамларнинг талабига, ташаббус ва таклифларига жавоб беришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари олдига янги-янги вазифалар қўйилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида ҳам ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган кўпқиррали ва муҳим устувор вазифалар илгари сурилди. Айниқса, 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши фуқаролар билан мулоқот қилиш, уларнинг дардини тинглаш, манфаатларини амалга оширишга асосий эътибор қаратиш ҳамда бу борада барча даражадаги давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони халқ билан мулоқот қилишнинг аниқ механизмларини белгилаб берганлиги билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этишга қаратилгандир.
Фармонда давлат раҳбаридан тортиб, туман ва шаҳар ҳокимигача бўлган яхлит тизимда мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва унинг натижалари устидан қатъий мониторинг ва назорат механизмлари белгиланганлиги халқ билан мулоқот қилишда янги даврни бошлаб бериши шубҳасиз.
Шу билан бирга, мазкур фармонда қайд этилган вазифаларнинг муҳим жиҳатларидан яна бири қонунбузарликларни фуқароларнинг мурожаатлари асосида тизимли таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва айбдор шахслар жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилганидир. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда қонун устуворлигини, Конституция ва қонунларда белгиланган инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатларнинг қайд этилиши, умумлаштирилиши ва кўриб чиқилиши устидан назорат қилиниши бўйича ягона электрон ахборот тизимининг жорий этилиши ҳамда мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилиши аҳоли мурожаати билан ишлашда янада самара беради.
Мазкур фармон асосида аҳолининг ҳар қандай масалада бюрократик тўсиқларсиз ва ортиқча расмиятчиликларсиз давлат органларига мурожаат қилиши учун шарт-шароит яратиб берилаётгани жамиятимизда ижтимоий адолатни қарор топтиришда, фуқароларнинг давлат органларига ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Албатта, Президентимизнинг ушбу фармони мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, чуқур тарғиб қилиш, энг аввало, биз халқ вакилларининг бирламчи вазифамиз саналади. Жойларда очилган Халқ қабулхоналари аҳолининг нафақат давлат ҳокимияти органлари билан, балки парламент ва биз, депутатлар билан ҳам алоқаларни янада яқинлаштиради. Бу эса жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топиш баробарида амалдаги қонун ҳужжатлари устидан жамоатчилик ва парламент назорати самарадорлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг таклифлари асосида қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, янги қонунларни ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайлов — бу фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришдаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий воситадир....
01 янв 1970
Шуни айтиш керакки, этимологик жиҳатдан “коррупция”—лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузиш, сотиб ол...
01 янв 1970
Ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масала бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади....