“Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир”

/
Халқимиз истиқлолимизнинг йигирма олтинчи йилига эзгу ниятлар билан қадам қўймоқда. Янги йилни тинч-тотув, файзли, ҳавас қилса арзирли кунларимизга, тўкин дастурхонимизга шукроналик туйғуси, эртамизнинг янада файзли, мурувватли бўлишига умид, турмушимиз чўғли-чироғли, азиз фарзандларимиз Ватан корига яроғли бўлишига қатъий ишонч билан, кўнглимиз ойдинлашиб, ниятларимиз тиниқлашиб кутиб олмоқдамиз.
Улуғ зотлар якунланаётган йилнинг сўнгги оқшомини ким қандай кутиб олса, қандай ниятлар қилса, йил давомида унинг ҳаёти шунга ҳамоҳанг бўлади, дейишади. Янги йилни оиламиз, дўст-қадрдонларимиз даврасида, устоз-мураббийлар билан бирга, шодон кайфиятда, бамисоли янгича тонг, янги баҳор эшигимизни қоқаётгандай, унинг шукуҳли насимлари юзимизни сийпалаётгандай, онг-шууримизга нур, куч-қудрат, ғайрат-шижоат, янги уйғониш бўлиб кираётгандай, кўнглимизда нақш боғлаётгандай кутдик. Бир улуғ кайфият, инсоний қадрланиш ҳисси барчамизга ҳамроҳ бўлди.
Дунё мамлакатларида одамлар янги йилни турлича кутиб олишади, ажойиб-ғаройиб удумларга амал қилишади. Дастурхонга йил тақвимларига мос таомлар тортилади, қадим қўшиқлар куйланади. Эшик қоқиб келган таниш-нотаниш меҳмонларга ширинликлар улашишади, тонгга қадар қўшиқ куйлашади.
Афсуски, кейинги йилларда ўзини ўзи идрок этишга ҳам ожиз қолаётган бу мураккаб дунёнинг кўп жойларида бундай удумларга амал қилиш бир ёқда турсин, шунчаки кун кўришнинг ҳам иложи бўлмай қолди. Бомбаларнинг даҳшатли портлаши, снарядларнинг беўхшов чийиллаши, фарзандларидан жудо бўлган оналарнинг оҳ-ноласи, уй-жойидан, мол-мулкидан, хонумонидан айрилиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган қочоқларнинг кўз ёшлари янги йил оқшомини мотам либосига, дастурхонини қонга буркади. Асрлар давомида дунёнинг бағоят гўзал, ери саховатли, ҳавоси тотли бўлиб келган гўшаларида бугун одамлар ўқлар ёмғири, ёнғинлар, аёвсиз қирғинлар, қонли хунрезликлар ҳамласи остида яшамоқда. Бир тишлам нон, бир қултум сув, бир чимдим уйқу, бир сониялик ширин туш каттага ҳам, кичикка ҳам орзу бўлиб қолмоқда.
Шундай бир пайтда биз бугунги фаровон турмушимизни янада бойитиш, қадди-бастимизни янада тиклаш, ҳазрати инсон шаънини улуғлаш ҳақида кенг кўламли режалар, мафтункор дастурлар тузмоқдамиз. Уй қурмоқдамиз, йўл очмоқдамиз, сув чиқармоқдамиз, боғ-роғлар, чаманзорлар яратмоқдамиз. Ўғил-қизларнинг никоҳ базмлари ақиқа маросимларига, ҳовли тўйларига уланиб бормоқда. Ҳаёт фаровонлашгани сари инсоннинг маънавий эҳтиёжлари ҳам тўхтовсиз ошиб боради.
Биз бугун яхши яшамоқдамиз, оиламиз, маҳалламиз, юртимиз тинч. Турмуш тарзимизни бундан чорак аср аввалги ҳолатга солиштириб бўлмайди. Фарзандлар қадим ва янги қадриятлар уйғунлиги руҳида тарбия топмоқдалар. Аммо янада яхши, янада мазмунли яшаш, она диёримиз дунёнинг ҳеч бир мамлакатидан қолишмаслиги, инсон сифатида ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз, ўзимиз танлаган йўлдан юришимиз, ўзимиз кўзлаган мақсад сари интилишимиз, ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал қилишимиз иштиёқи кун сайин, йил сайин кучайиб бормоқда.
Инсон, токи у бу ёруғ оламга бир бор келар экан, ўзлигини англашга ва намоён этишга, баланд чўққиларга интилишга, ўзидан ёруғ хотира, эзгу амаллар қолдиришга ҳақли. Бунинг учун унга имкон берилса, сўзи эшитилса, фикри бўлинмаса, иззат-икроми жойида бўлса бас. Одамларни тинглаш дунё миқёсида тақчиллашиб бораётган, ҳар ким ўз ҳолича, ўз қарашларича “от сураётган, фил ўйнатаётган” бир пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши — бу шунчаки йилларни номлаш анъанасининг давомигина эмас, жамиятда кечаётган жараёнларни, маънавий-руҳий ҳолатни чуқур англаш, чуқур идрок этиш, урчиш, кўпайиш ёқасига келиб қолган иллатларнинг олдини олиш, улуғ келажак сари қўяётган қадамларимизга янгича руҳ, янгича маъно-мазмун бағишлаш, шу маънода Биринчи Президентимиз белгилаб берган миллий тараққиёт йўлини изчил давом эттириш демакдир.
Бугун дунёнинг, дунёвий муносабатларнинг ўзгариши ва одамлар онг-тафаккурига таъсири шу қадар тез суръатларда кечмоқдаки, жамиятнинг ривожи ва равнақи билан боғлиқ катта-кичик муаммоларни, биринчидан, ўз вақтида аниқлаш, ечимини топиш ва тегишли чоралар кўриш бўлса, иккинчидан, бундай муаммоларнинг юзага қалқиб чиқишига йўл қўймаслик, тиббиёт тили билан айтганда, касаллик даражасига етказмаслик зарур бўлади. Учинчидан, миллий тараққиёт йўлини тутган, эркин демократик жамият қуришни мақсад қилган, Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари бораётган, дунё кенгликларига дадил чиқаётган мамлакатда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотнинг бош ва асосий мақсади инсон манфаатларига бориб тақалади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир қатлами учун эмин-эркин ҳаёт кечириш, айни чоғда, ижтимоий фаол бўлишнинг асосий шарт-шароитларини яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий муҳофаза қилиш билангина бу мақсадга эришиш мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, давлатнинг, жамиятнинг, давлатга қарашли бўлмаган турфа хил тузилмаларнинг бош вазифаси одамлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, уларни эъзозлаш, умрларига умр қўшиш, ризқ-насибаларининг бутун бўлишини, ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашдан иборат бўлмоғи керак.
Истиқлол йилларида халқимизнинг шаъни-ғурури, ор-номуси, минг йиллик маънавий-ахлоқий қадриятларимиз қайта тикланди, одамларга тадбиркорлик билан шуғулланиш, дунё кезиш, хусусий мулкка эгалик қилиш, уни фарзандларига мерос қилиб қолдириш каби кўпдан-кўп ҳуқуқ ва эркинликлар берилди. Собиқ тузумнинг миллий ва диний туйғуларни таҳқирловчи мафкуравий тамойилларига чек қўйилди, таъминотдаги узилишлар, турли хуруж ва тазйиқларни сабр-бардош билан енгиб, моҳият-эътибори билан асрга татигулик юксалиш йўлини босиб ўтди. Бундан йигирма беш йил аввал бизга шунчаки қизиқсиниб, мийиғида кулиб, истеҳзо билан қараган, илк қадамларимизни шубҳа остига олган давлатлар бугун Ўзбекистондан кўп нарсаларни бепул, ебкетарга ўрганмоқдалар. Ўзбек элининг “шира”си унинг қовунию узумида, олмаю ўригида, пиллаю тилласидагина эмас, энг аввало, тинчликсевар ташқи, халқпарвар ички сиёсатида, халқининг маънавияти, бирлиги-аҳиллигида, бағрикенглигида мужассамлигини англаб, буни расман эътироф этмоқдалар. 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун келган таниқли сиёсатчилар, жамоат ва давлат арбоблари бу фикрни ҳавас билан қайта-қайта такрорладилар.
Дунё мамлакатлари тарихидан яхши маълумки, мустақил фикрлай оладиган малакали ва билимдон ёшлар миллий тараққиёт ривожига салмоқли ҳисса қўша оладилар. Биз бугун босиб ўтилган йигирма беш йиллик тарихан қисқа, аммо залворли давр ичида эришган улкан ютуқларимиз ҳақида ўйлар эканмиз, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу борада тутган йўли, олиб борган сиёсати нақадар тўғри эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Ёш ватандошларимиз эришаётган ютуқларга гувоҳ бўлганимизда, илм-фан, маданият, санъат ва спорт мусобақаларида юртдошларимизнинг ғалабалари шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз ижро этилаётганида ҳаётимизнинг давоми, озод диёримизнинг ёруғ келажаги ишончли қўлларга ўтаётганидан мамнун бўламиз.
Шу ўринда айтиш жоизки, мустақилликка эришиш миллат ҳаётидаги энг буюк, бошқа ҳеч бир ҳолатга қиёс қилиб бўлмайдиган ҳодиса, аммо уни асраб қолиш, иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётини янги изга солиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш ва бу йўлда хато қилмаслик янада муҳим. Тарихда узоқ йиллик қонли курашлар билан озодликка эришган, аммо бепарволик, хотиржамлик, ўзибўларчиликка йўл қўйиб, бунинг устига, ҳамжиҳат бўлмай, бирлашмай, тор шахсий иддаолар умуммиллий манфаатлардан устун келиб, уни қўлдан бой берган мамлакатлар, халқлар ҳам бўлган. Не бахтки, биз тарихнинг бу аччиқ сабоқларидан зарур хулосалар чиқариб, давлатимиз раҳбарининг огоҳ ва ҳушёр бўлиб туриш ҳақидаги даъватларига қулоқ тутдик, мамлакатдаги тинч-тотув ҳаётни, миллатлараро аҳил-иноқликни, меҳр-оқибатни сақлаб қолдик. Истиқлолимизнинг ҳар куни, ҳар ойи, таъбир жоиз бўлса, ҳар дақиқаси тинимсиз курашлар, изланишлар, энг ягона тўғри ва мақбул ечимларни излаш билан ўтди.
Истиқлол халқимизга ўзликка қайтиш ва уни англаш, инсон манфаатлари устувор бўлган янги эркин демократик жамият қуриш, миллий ва диний қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, улуғ аждодларнинг бебаҳо илмий ва маънавий меросидан эмин-эркин баҳраманд бўлиш имконини берди. Истиқлол боис биз учун дунё эшиклари, манфаатли ҳамкорлик йўллари очилди. Кўз ўнгимизда мисли кўрилмаган, халқона ибора билан айтганда, етти ухлаб тушимизга кирмаган бунёдкорлик ишлари содир бўлмоқда. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида Европа мамлакатларига сафар қилган ватандошларимиз у ердаги осмонўпар биноларни, сон-саноқсиз маҳсулотлар билан тўлиб-тошган “Супермаркет”ларни, харид учун тўловни пластик карточка ёрдамида амалга оширишни, симсиз қўл телефонларини, уларга жойланган илмий, бадиий китобларни, беадоқ маълумотларни кўриб ёқа ушлашгани бугун кулгуга сабаб бўлади. Эндиликда бу ҳайратлар чорак аср давомида биз қандай натижаларга эришганимизни, ҳаётимизда қандай ўзгаришлар юз берганини кўрсатиб турибди.
Биз халқ билан мулоқот, инсонни янада эъзозлаш, улуғлаш йилига қадам қўйдик. Беихтиёр улуғ шоиримиз Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир”, деган ўтли сатрлари ёдга тушади. Улуғ адибимиз халққа яқин бўлиш, унинг қалбига, кўнглига қулоқ тутиш беқиёс куч-қувват, илҳом манбаи эканини бундан анча йиллар аввал таъкидлаб ўтган эди. Фақат бу эмас, Шарқ алломаларининг кўпдан-кўп асарларида эл-улус фикрига қулоқ тутиш, раият билан бамаслаҳат иш тутиш, уларни тинглаш юртда адолат мезонларини ўрнатишнинг муҳим калити эканлиги таъкидлаб ўтилган. Президентимиз ташаббуси билан туман ва шаҳарларда ўз фаолиятини бошлаган “Халқ қабулхоналари”даги мулоқотлар чоғи эндиликда чекка қишлоқларда яшайдиган оддий одамлар ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган жараёнлардан яхши хабардор бўлиб, турли даражадаги раҳбарларнинг иш фаолияти, ишчанлик, ташкилотчилик салоҳияти, одоб-ахлоқи, ўз сўзида собитлигини кўриб-билиб турганлари маълум бўлади. Олий Мажлис палаталарининг раҳбарлари, депутатлар, Сенат аъзолари, сиёсий партияларнинг етакчилари, вазирлар иштирокида ўтадиган ҳисоботлар чоғи кўп муаммолар ўз ўрнида, сансоларликсиз ҳал бўлиши, бошқарув тизимини такомиллаштириш, ҳар бир ишда самарадорлик ва таъсирчанликка эришиш, ижтимоий адолат принципларига тўла риоя қилиш, одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш билан боғлиқ ғоят қимматли таклифлар ўртага ташланади. Зеро, янги йилимизнинг асосий вазифаларидан бири давлатимиз раҳбари ўртага ташлаган “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ғоят муҳим даъватларида, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш учун раҳбарлар халқ билан мулоқот қилишлари, фуқароларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишлари керак, деган янги вазифада ўз аксини топган.
Нуроний отахон-онахонлар “Илоҳим қадаминг қутлуғ келсин” деган иборани тез-тез такрорлаб, яхши ниятда қўлларини дуога очадилар. Қадамнинг қутлуғ келиши инсоннинг ўзига, жумладан, унинг нияти ва амалларига боғлиқ. Дуо, ният ва эзгу амал билан тақдирни ўзгартириш мумкин, яратган эгамдан оиласига тинчлик, ризқ-насиба, эл-юртига рўшноликлар сўраётган одамнинг қўли қуруқ қолмайди, деган гап ҳам бор. Шукроналик, сабр-тоқат инсонни комиллик боғларига элтади, ҳаракатларига барака беради. Биз ҳам шундай ният қилдик:
— Қадаминг қутлуғ келсин, янги йил!
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор нафаси уфуриб, қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатган, кўнгилларга эзгулик ёғдулари ёғила бошлаган ...
01 янв 1970
Президентимизнинг сиёсий партиялар ва парламент фаолияти бўйича илгари сурган бир қатор таклифлари бизни жуда руҳлантирди....
01 янв 1970
Юртимиз қадим-қадимдан дунё маданиятининг, илм-фанининг марказларидан бири бўлиб келган....
01 янв 1970
2018 йилнинг 13-14 декабрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида воҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд...