Ижтимоий зарурат аниқ вазифалар ижросини тақозо этади

/
Президент сайлови куни тобора яқинлашмоқда. Албатта, ташвиқот тадбирларининг юқори савияда, аҳолининг турли қатламларини қамраган ҳолда, сайловчиларнинг манфаатларини ўзида мужассам этган тарзда ўтказилиши ўз натижасини бериши табиий. Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакиллари ҳудудларда сайловчилар билан бўлиб ўтаётган учрашувларда ана шу муҳим ва ҳал қилувчи жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишаяпти. Тадбирларда корхона ва муассасалар, жамоат ташкилотлари ходимлари, турли касб эгалари, маҳаллалар аҳли, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишмоқда.
Бухоро вилоятининг маркази ва бир қатор туманларида Президентликка номзод Наримон Умаровнинг ишончли вакили, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Асрор Турсунов сайловчилар билан учрашди.
Учрашувларда А.Турсунов сайловчиларни партиямиз номзодининг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан батафсил таништирди. Жумладан, Когон тумани мусиқа ва санъат мактабида бўлган тадбирда А.Турсунов замонавий, юқори интеллектуал кадрлар жамият барқарор ривожланишининг кафолати эканлиги, шунингдек, таълим-тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга доир қатор долзарб вазифалар дастурдан ўрин олганини эътироф этар экан, бу борада Бухоро вилоятидаги талаб ва эҳтиёжларга сайловчилар эътиборини қаратди. Партия номзоди томонидан ҳудудларнинг муайян иқтисодий устунликларидан келиб чиққан ҳолда, пойтахтда жойлашган олий таълим муассасаларини тегишли ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш ҳақида илгари сурилган таклифларнинг аниқ таҳлили йиғилганлар диққатини жалб этди. Сайловчилар ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг айнан Бухоро вилояти билан боғлиқ жиҳатларига қизиқдилар. Шу билан бирга, иштирокчилар вилоятда коллеж ва лицейларни битирган ёшларнинг иқтидори баланд эканини айтиб, партия номзодининг дастурида олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш масаласи кўтарилгани айни муддао бўлганини қайд этишди. Сайловчиларнинг фикрича, ушбу таклифларнинг амалга ошиши иқтидорли ёшларнинг олий таълим олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда янада кенг имкониятларга йўл очади.
Ишончли вакил сайловчиларнинг барча саволларига атрофлича жавоб қайтарди ва уларнинг ижтимоий ҳаёт талабларидан келиб чиқиб билдирган таклифлари, албатта, инобатга олинишини таъкидлади.
— Иш билан бандлик ҳар бир мутахассис, меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсон учун энг муҳим масала ҳисобланади, — дейди биз билан суҳбатда Вобкент туманидаги “Кулолчи” МФЙ раиси Аҳмаджон Раҳматов. — Хусусан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёш мутахассислар билан тузилган тўрт томонлама шартномаларнинг тўлалигича ижросини таъминлаш долзарб вазифалардан биридир. Партия номзодининг дастурида бу борада амалиётда кузатилаётган муаммоларнинг олдини олиш, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳақида фикрлар келтириб ўтилганлиги эътиборга молик.
— Вилоятимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, малакали шифокорларимиз ҳам ўзларининг иш фаолиятини самарали олиб боришмоқда. Оилавий поликлиникаларда яратилган шароитлар жуда яхши. Айниқса, болаларни турли касалликларга қарши эмлаш, фарзандларимиз соғлиғини асрашга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Бухоро шаҳридаги “Соҳибкор” маҳалласида истиқомат қилаётган пенсионер Гуландом Бобоева. — Бироқ беморнинг соғайиши фақатгина шифокорнинг малакали хизматига эмас, дорихоналардан врачнинг тавсиясига кўра харид қилинган дори-дармонларнинг сифатига ҳам боғлиқдир. Чунки малакали тиббий хизматнинг натижаси бемор қабул қилган дори воситасининг таъсирида намоён бўлади. Аммо баъзи дорихоналарда сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини сотиш ҳолатлари учрайди. Бу эса шифокор учун ҳам, бемор учун ҳам нохуш ҳолат, албатта. Беморга, айниқса, болалар ва кексаларга сифатсиз дори-дармонлар янада кўпроқ зиён беради. Бир неча йил боғчада ишлаганим учун болалар соғлиғи нималарга боғлиқлигини яхши биламан. Наримон Умаровнинг дастурида шу каби муаммоларнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар келтирилганлиги диққатимни тортди. Одамларни ўйлантираётган ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, бу каби вазифаларнинг белгилангани учун номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлайман.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик таш...
01 янв 1970
Ойлигимни контрактга ўтказиб берсам бўладими, шунда ойлигимнинг ҳаммаси солиқларсиз тўлиқ ўтадими? ...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди....
01 янв 1970
 Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамиз маънавий ҳаётида ҳам кенг кўламли янгилик ва ўзгаришлар юз бермоқда....