Ҳуқуқий маслаҳат

/
— Сайлов куни сайлов бюллетенини айрим сабабларга кўра хато тўлдирсам ёки бюллетенни бузиб қўйсам, участка сайлов комиссияси аъзоларидан бошқа бюллетен сўрасам бўладими?
П.Райимов, Самарқанд вилояти

— Ҳа, албатта. “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига асосан, овоз бериш куни сайловчиларга бузиб қўйилган сайлов бюллетенини янгиси билан алмаштириб олиш ҳуқуқи кафолатланади. Сайлов бюллетенини алмаштириб беришни тегишли участка сайлов комиссияси амалга оширади.
— Яқинда радиода эшитиб қолдим. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи амалга оширилишига тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланар экан. Айтинг-чи, бундай шахсларга нисбатан айнан қандай жазо чоралари қўлланилади?
С.Салоҳиддинова, Тошкент вилояти

— Сайлов қонунчилигига сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилишни назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий асосларни янада аниқлаштиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2015 йил 10 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 147-моддасига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Мазкур моддада сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилишга оид саъй-ҳаракатга нисбатан қўлланиладиган жазо чораси ўрин олган. Яъни, фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
— Менинг жамоатчилик ишларида фаол синглим ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги участка сайлов комиссиясига аъзо сифатида тасдиқланди. Участка сайлов комиссиясига аъзолик қайси мезонларга асосан тасдиқланади? Участка сайлов комиссиясини тузиш тартиби ва унинг ваколатлари ҳақида маълумот берсангиз.
Г.Шукуров, Тошкент шаҳри

— Аввало айтишимиз керак, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга асосан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тасдиқланади.
Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия 7 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари хусусида саволингизга келсак, комиссиянинг ваколатлари юқорида номи зикр этилган қоннунинг 18-моддасида қайд этилган. Демак, участка сайлов комиссияси:
1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;
2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатдаги ноаниқликлар ҳақидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда тегишли ўзгартишлар киритиш масаласини ҳал қилади;
3) сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва овоз беришда қатнашиш имконияти бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилади;
4) сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилади;
5) овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутилари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;
6) сайлов куни сайлов участкасида овоз берилишини ташкил этади;
7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;
8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни уюштириш масалаларига доир ариза ва шикоятларни кўриб чиқиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилади;
9) ушбу қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Саволларга ҳуқуқшунос
А.РАҲМОНОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан бири бу...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади....
01 янв 1970
Партиямизнинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида кўплаб фикр-мулоҳазалар б...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Наманган вилоятида ҳам шу йил май-июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва у...