Очиқ, ошкора, адолатли ва холис сайловолди ташвиқоти — номзодларга тенг имконият демак

/
Жорий йилнинг 28 октябрида Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади.
Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзод учун овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади. Айнан сайловолди ташвиқоти давомида сайловчилар сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар дастурлари, уларнинг мақсад ва ғоялари ҳақида янада кўплаб маълумотларга эга бўлиши кузатилади. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг лойиҳа раҳбари Азизжон ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбатимиз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби, унинг турлари ва шаклларига бағишланди.

— Сайловолди ташвиқоти — бу сайлов кампаниясининг энг муҳим ва масъулиятли босқичларидан бўлиб, бу даврда сиёсий партиялар ва улардан илгари сурилган номзод сайловчиларни ўз келгуси фаолият дастури билан таништиради. Уларнинг сайловда муваффақиятга эришиши кўп жиҳатдан сайловолди ташвиқотини нечоғлик фаол ва самарали ташкил этишига боғлиқдир.
Сайловолди ташвиқоти миллий сайлов қонунчилигимизда белгилаб берилган меъёрлар асосида амалга оширилади. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ҳамда жорий йилнинг 3 октябрида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом сайловолди ташвиқоти адолатли, холис, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча номзодларга тенг имкониятлар яратилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.
Жумладан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.
“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурлы жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.
Шунингдек, номзоднинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Республикамизнинг 36 та электор мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликларини бепул жойлаштириш имконияти яратилади.
Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда номзодларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат ОАВдан фойдаланишда тенг имконияти берилади. Таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқоти даврида тенг шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин. Бу каби имконият, шароитлардан сиёсий партиялар ва номзодлар унумли фойдаланишади, деб умид қиламиз.
Кези келганда яна бир жиҳатга эътибор қаратмасдан бўлмайди. Давлат теле- ва радиоканалларида ажратиладиган бепул эфир вақти, қоида тариқасида, энг кўп аудитория қамраб олинадиган вақтга (прайм-таймга) тўғри келиши инобатга олинади. Муайян номзодга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки чоп этиш майдонидан бошқа номзод фойдаланиши мумкин эмас. Номзод бепул тақдим этилган эфир вақтидан ва чоп этиш майдонидан воз кечишга ҳақли.
— Айтинг-чи, сайловолди ташвиқотини ўтказиш тартиби, турлари ва шаклларини ким белгилайди?
— Жуда ҳам тўғри саволни ўртага ташладингиз. Аввало айтиш керак, сайловолди ташвиқотини ўтказишнинг турлари, шакллари, усуллари ва мазмун-моҳиятини номзодларнинг ўзлари мустақил белгилайди. Айни пайтда миллий сайлов қонунчилигимизда номзодлар сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш, тарқатиш ҳамда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, шунингдек, оммавий дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, сайловчилар йиғилишлари, номзод тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида ўтказиши мустаҳкамлаб қўйилган.
— Номзоднинг сайловолди ташвиқотини уюшқоқлик билан ўтказишда уларнинг ишончли вакиллари хизматини эътироф этмасдан бўлмайди. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тўхталсангиз.
— Ишончли вакил давлат ва жамоат ташкилотлари, сайлов комиссиялари билан муносабатларда номзод манфаатларини кўзлаб иш юритадиган шахс саналади. Номзод 15 нафаргача ишончли вакилга, қоида тариқасида, ҳар бир сайлов округидан биттадан ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакил сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас. Ишончли вакиллар номзоднинг тақдимномасига кўра МСК томонидан рўйхатга олинади ва уларга махсус гувоҳномалар тақдим этилади. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли. Номзод сайловгача бўлган исталган вақтда ўз ишончли вакилини ваколатларидан маҳрум қилиши ва бу ҳақда тегишли округ сайлов комиссиясини хабардор этиб, уни алмаштириши мумкин. Ишончли вакилга унинг аризасига биноан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддаси талабларига мувофиқ сайловолди ташвиқоти ўтказиш даврида иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин.
— Сайловолди ташвиқотида номзодларга тенг имкониятлар яратилиши ҳақида тўхталиб ўтдингиз. Айтинг-чи, ташвиқот даврида нималар тақиқланади?
— Кўпчиликка маълум, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Шунингдек, амалдаги сайлов қонунчилигига мувофиқ, сайловолди ташвиқотини сайловчиларга товарларни, хизматларни бепул ёки имтиёзли асосларда тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш орқали ўтказиш тақиқланади. Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Қонунчилигимизга мувофиқ, номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади. Номзодларга бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Адолатлилик, холислик таъминланиши мақсадида сиёсий партиядан кўрсатилган номзод сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган республика бюджети маблағларининг ҳажми МСК томонидан тенг улушларда белгиланади.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга тўғри келиши, номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Нотўғри, номзоднинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш, шунингдек, номзоднинг розилигисиз унинг шахсий ёки оилавий сиридан иборат хусусий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни ноқонуний тўплаш ёки тарқатиш тақиқланади. Номзодлар ОАВда чоп этилган нотўғри ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказган маълумотлар юзасидан раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, ёдгорликларга, сайлов комиссияси жойлашган биноларга, овоз бериш хоналарига босма ташвиқот материалларини жойлаштириш тақиқланади.
“Adolat” мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон «Адолат» СДП Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишдаги устувор йўналишларини белгилаб олди...
01 янв 1970
“Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди....
01 янв 1970
Халқимиз истиқлолимизнинг йигирма олтинчи йилига эзгу ниятлар билан қадам қўймоқда....
01 янв 1970
Матбуот соҳасида узоқ йиллар ишлаганим боис таҳририятларга йўлланадиган хат-хабар, таклиф-мулоҳаза ва шулар қаторида сон-саноқсиз шикоят хатларини ...