тадбиркорлик фаолияти

/
— Менда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида бино мавжуд эмас. Ўзим яшаб турган турар жойда тадбиркорлик билан шуғулланишим мумкинми?
Ф.Раҳимов, Тошкент вилояти

— Албатта, мумкин. Бунинг учун сиз оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтишингиз керак. “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида келтирилганидек, оилавий корхонангиз иштирокчиларига мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар, ишлаб чиқариш, хўжалик бинолари ва бошқа иморатлар оилавий корхона фаолияти амалга ошириладиган жойлар бўлиши мумкин.
Оилавий тадбиркорлик субъектларига бошқа тадбиркорлик субъектларидан фарқли ўлароқ бир қатор афзалликлар берилган.
Хусусан, оилавий корхона иштирокчиларига тегишли бўлган турар жойларни улардан оилавий корхона фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш талаб қилинмайди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар турар жойларидан бир вақтнинг ўзида истиқомат қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширсалар, коммунал инфратузилма хизматлари, жумладан, электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилади.
— Фарзандим 15 ёшда. Бирон-бир ҳунарнинг сир-асрорларини мукаммал эгаллашини истайман. Маҳалламизда қўли гул ҳунармандлар талайгина. Фарзандимни улардан бирига шогирд сифатида беришим мумкинми?
Р.Нурметов, Бухоро вилояти

— Мамлакатимизда халқ ҳунармандчилигининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолишнинг энг самарали воситаларидан бири сифатида ҳунармандчиликни янада ривожлантириш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳунарманд ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш учун 5 нафар шогирдни жалб этишга ҳақлидир.
15 ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босадиган шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилади.
Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган шахс ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашига у умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда, албатта, ўқиши шарти билан қўйилади.
— Қишлоғимиз марказида жойлашган савдо дўконида чакана савдо билан шуғулланаман. Эшитишимча, фаолиятимни амалга оширишда ходим ёллашим мумкин экан. Илтимос, шу ҳақда тўлиқ маълумот берсангиз.
Н. Ғаниева, Самарқанд вилояти

— Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятидан келиб чиқиб бир нафардан уч нафаргача ходим ёллаши мумкин.
Тадбиркор ёлланган ходим билан меҳнат шартномаси тузилган санадан бошлаб уч иш куни ичида ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида солиқ идорасига ариза тақдим этади. Солиқ идораси ходими ариза олинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида ходимни ҳисобга қўяди ҳамда тадбиркорга ёлланган ходимнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини беради.
Тадбиркор ҳар бир ёлланган ходим учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ҳамда амалга оширадиган фаолият тури бўйича ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставканинг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаши белгиланган.
Тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаганда, коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади.
Бундан ташқари, ёлланган ходимнинг ишлаган иш даврлари бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.
Саволларга Самарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими
мудираси Замира АҲМЕДОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланади.
01 янв 1970
Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини таъминлашдаги фарқлар ҳисобига қишлоқ аҳолисининг шаҳарга кўчишини бошқариш жаҳон амалиётида доимо кат...
01 янв 1970
Оила қуриш арафасида турибман. Шу боис менга никоҳ шартномаси ҳақида маълумот берсангиз....
01 янв 1970
Халқимиз азалдан тўйсевар. Аввало, тўйларимиздаги чиройли удумларга бошқа халқ вакиллари ҳавас қилади, десак янглишмаймиз. Аммо......