Ижтимоий соҳага ажратилган бюджет маблағлари ижроси эътиборда

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг 2016 йил 1-ярим йиллиги якунлари кўриб чиқилди.
Қуйи палата депутатлари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг ҳисоботи тингланди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизациялашни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати йил бошида қилинган прогноз кўрсаткичларидан кам бўлмади. Шунингдек, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 фоиз, қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоиз, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоиз ўсишига эришилди.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ, миллий тараққиёт моделимизнинг энг муҳим тамойилларидан бири сифатида ижтимоий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Дунёдаги камдан-кам давлатлар қаторида ҳар йили айнан ижтимоий соҳага давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи миқдорида йўналтирилаётган маблағлар ўзининг юксак самараларини бераётганига барчамиз ўз ҳаётимиз мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз.
“Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тарафдори бўлиб келганлигидан келиб чиқиб, биз ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида айнан ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратдик.
Ҳисоботда келтирилганидек, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 11 389,9 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 59,8 фоизи миқдорида маблағ ажратилди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 13,6 фоизни ташкил этди.
Хусусан, таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига 2016 йилнинг I ярим йиллигида биринчи даражали эътибор қаратилганлиги фракциядошларимизнинг диққат марказида бўлди.
Ушбу жараёнда ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 57,7 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилган 6 568,9 миллиард сўмлик маблағларнинг ижроси чуқур таҳлил этилди.
Фракциямиз аъзолари ушбу соҳага ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бизнинг фикримизча, бу борада учраётган молиявий хатоликлар ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўпол бузилиши ҳолатларининг олдини олиш учун профилактика ишларини кучайтириш ҳамда тизимда фаолият юритаётган ҳисобчиларни ўқитиш ва малакасини оширишга жиддий ёндашиш зарур.
Қолаверса, таълим соҳасига йўналтирилган маблағлар ижросини муҳокама этиш асносида дастурий ғояларимиздан келиб чиқиб, илм-фанни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратдик.
Ҳисоботда келтирилишича, илм-фанни ривожлантиришга ушбу даврда 82,7 миллиард сўм ажратилган бўлиб, шундан давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга – 55,2 миллиард сўм, инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга – 9,0 миллиард сўм, ноёб объектлар ва фанга хизмат кўрсатувчи муассасаларни сақлаш харажатларига – 17,2 миллиард сўм ҳамда илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга 1,3 миллиард сўм йўналтирилди. Албатта, илм-фанни ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар мамлакатимизнинг илмий, илмий-техник салоҳиятини янада ривожлантиришда, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашда муҳим аҳамият касб этади.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатининг ҳисобот давридаги ижросини муҳокама қилиш асносида партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган асосий йўналишлардан бири соғлиқни сақлаш секторини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, жорий йилнинг 1-ярим йиллиги мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилиб, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 2 422,6 миллиард сўм ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 21,3 фоизи миқдорида маблағлар йўналтирилди.
Соҳага ажратилган маблағлар ижросини муҳокама қилиш жараёнида фракциямиз ташаббуси билан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлари бажарилишининг бориши тўғрисида»ги масала юзасидан ўтказилган парламент эшитуви якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросига эътибор қаратдик. Бу борада белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ҳамда ушбу мақсадлар учун йўналтирилаётган бюджет маблағларининг ижроси устидан олиб борилаётган мониторинг натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда фракциядошларимиз томонидан бу борада жойлардаги ижроия ҳокимияти органларининг масъулиятини янада ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, 2015 йилда фракциямиз ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг “Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳолати ва унинг самарадорлигини ошириш истиқболлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш тўғрисида”ги масала юзасидан парламент эшитуви якунлари бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини ҳам назоратимизга олдик. Ушбу мақсадлар учун Давлат бюджети ва бошқа жамғармалар ҳисобидан ажратилган маблағларнинг ижроси атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар ўртага ташланди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон «Адолат» СДП нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Йиғилиши якунида фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мирзаобод туманида адолат тамойилини ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирган ҳолда, нафақат касбий маҳорати, билими, балки сиёсий фаоллиги, ҳаётий...
01 янв 1970
Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасиди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқдалар....
01 янв 1970
Олтинкўл туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир профилактика тадбирлари аниқ режа асосида ташкил этилмоқда....